Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва болакай ҳикояси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу воқеа саҳобалардан бири Рофеъ ибн Амр кичиклигида бўлиб ўтган. Бир куни у Мадинада хурмо боғини кўриб қолади ва дарахтдан меваларини тушириш учун тош ота бошлайди. Бу ноўрин иши учун боғ эгаси болани тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб боради. Жаҳли чиққан боғнинг эгаси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болани жазолашларини истарди.

Рофеъ ибн Амр розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Ёш бола эдим. Ансорийларнинг хурмоларини қоқиб ердим. Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бордилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан “Нима учун хурмоларга тош отасан?” деб сўрадилар. Мен: “Ейиш учун”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмога бошқа тош отмагин, ерга (тагига) тушганларидан егин”, дедилар. Сўнгра бошимни силаб: “Аллоҳим, унинг қорнини тўйдиргин”, деб дуо қилдилар» (Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда болалар тарбияси борасидаги беш асосий тамойилни кўриш мумкин:

*Болаларга муҳаббат ва ғамхўрлик билан муомала қилиш.

Бу туйғулар тарбиянинг асоси бўлиб, бир-бирини тўлдиради. Тарбия ўзаро муҳаббат муҳитида бўлиши лозим, бу туйғулар болалар учун заруратдир. Бола муҳаббат билан катталарга боғланади, унинг сўзига қулоқ солади ва унга ўхшашга ҳаракат қилади. Катталарнинг яхши кўриши болада бу туйғуни ривожлантиришнинг асосий манбаидир, шунинг учун ҳам тарбиянинг асосий мақсадларидан бири болани яхши кўришга ўргатиш бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари меҳр-муҳаббатга тўла эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илиқликлари барча инсонларга ҳам кифоя қиларди. Болаларга эса алоҳида ғамхўрлик билан муомала қилар эдилар. Рофеънинг ҳикоясининг мисолида кўрадиган бўлсак, кўпчилик катталар бу ҳолатда болани жазолашга тайёр бўлган бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса болани тушунишга ҳаракат қилиб, унга жаҳл қилмадилар. Бунинг устига бошидан силаб, унинг ҳаққига дуо ҳам қилдилар.

Демак, катталар болани жазолашга шошилмасликлари, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилишлари лозим экан. Чунки болалар кўпинча ёмон иш қилганини ҳам англамай қоладилар. Тушунтириб, ўргатиш ўрнига ғазаб қилиб, болани жазолаш болада катталарга нисбатан салбий туйғуларни уйғотишга сабаб бўлиши мумкин.

*Болаларни тушуна билиш ва уларнинг оламига кириш.

Болалар дунёни бошқача қабул қиладилар, ўзгача ҳис этадилар, жисмонан уларнинг миялари воқеликни катталардек кўришга тайёр эмас. Ота-она бу ҳолатни ҳисобга олиб, болага кундалик янги нарсаларни тушунтириб бориши, саволларига жавоб бериши лозим. Асосийси – уларни тинглай билиши керак. Воқеага қайтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало Рофеъни тинглашга қарор қилдилар, қилмишининг сабабини унинг ўз оғзидан эшитишни ирода этдилар. Маълум бўлдики, оч қолган болакай ўз эҳтиёжларини қондириш учун ўз билганича иш тутган ва бунинг нотўғрилигини англамаган. Шундай экан, боланинг ниятини ва фикрларини билиш жуда муҳим. Катталарнинг хатоси шундаки, улар боланинг ҳолатини тўғри баҳоламай, катталар қиладиган ишни ундан кутадилар. Тинглашни эса унутиб қўядилар.

*Ёмон ишнинг ўрнига яхшисини кўрсатиб бериш.

Болага нима учун қилмиши хато эканини тушунтириш кераклигида шубҳа йўқ. Бундай ишларга сукут сақлаш ёки фақат таъқиқлаш билан жавоб қайтариш ноўрин. Бу билан болалар боланинг дунёсини қаттиқ чегаралаб қўядилар. Катталар болага бирор нарсани ман қилганда ҳамиша унинг ўрнига қилиш лозим, мумкин бўлган ишларни кўрсатиб ўтишлари зарур. Акс ҳолда бола хато қилишдан тўхтамайди. Боланинг қизиқувчанилигини қондириш, ёшига қараб муаммони ҳал қилиш йўлларини кўрсатиш керак. Масалан, болага деворга расм чизмасликни айтиш билан бирга қоғозга чизиши мумкинлигини айтиб ўтиш, бирор фильмни кўришни таъқиқлаш баробарида бирор яхши фильмни тавсия қилиш энг мақбул йўлдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахтга тош отмасликни айтганлари заҳоти кетидан ерга тушган хурмолардан ейиши мумкинлигини тушунтирдилар.

*Бола учун дуо қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боланинг олдида унинг ҳаққига дуо қилиш билан унинг қалбида ҳамма нарсани Аллоҳ таолодан сўраш кераклиги ҳақида тушунча ҳосил қилди. Зеро, бу тушунча ҳар бир мусулмон боланинг қалбида ўрнашиши лозим бўлган нарсадир. Инсон қўлидан келган барча нарсани қилгач, Роббига юзланади. Ота-оналар фарзандларининг ҳаққига дуо қилишни унутмасликлари лозим.

*Жисмонан яқинлашиш.

Болани қўллаб-қувватлаш мақсадида у билан жисмонан яқинлашиш бола учун мукофот кабидир. Бошини силаб қўйиш, орқасини силаб қўйиш, ўпиб қўйиш, қучоқлаб қўйиш, қўлларидан тутиш шу жумладандир. Бунда бола муҳаббатни, қалбан яқинликни ҳис қилиш билан бирга ўзини хавфсизликда деб билади. Ёнидаги инсон уни ҳимоя қилишини, бу дунёда ёлғиз эмаслигини англайди. Замонавий тадқиқотлар ҳам бунинг бола ривожланишига ижобий таъсирларини аниқлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлга тушиб, жазодан қўрқиб турган боланинг бошини силашлари гўё унга «Қўрқма, мен сени ҳимоя қиламан», деганларидек бўлди ва боланинг қалбидаги муҳаббатни зиёда қилди.

Бугунги кунда замонавий руҳшунослар бола нотўғри иш қилганда унинг хатосини тўғрилашда қуйидагича йўл тутишни маслаҳат қиладилар:

  1. Бўлган ишни аниқлаштириш;
  2. Нима нотўғри эканини тушунтиргач, нима тўғри эканини ҳам таъкидлаб айтиш;
  3. Болани тинчлантириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун жисмоний яқинлик (қучоқлаш ёки силаб қўйиш).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айни шу тамойиллар асосида Рофеъни тўғри йўлга бошладилар. Аввало, нима учун бундай қилганини аниқладилар, сўнгра унинг ўрнига нима қилиш лозимлигини тушунтирдилар, ниҳоят, бошидан силаб, унинг ҳаққига дуо қилдилар. Бундай сабоқни бола ўзлаштирмаслиги мумкинми?

Islamisemya нашридан таржима

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Дилфуза КОМИЛ «МЕНИ ПОДШОҲ КАФАНЛАЙДИ...» ёхуд ГУНОҲГА ЭЛТУВЧИ ГУМОНЛАР Усмонийлар империясининг давоми...

21:00 / 29.12.2019 5184
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  юксак хулқ эгаси Бисмиллаҳ, деб бошлай Аллоҳ номи давоми...

11:50 / 20.03.2017 4730
Молмулклар ичида ўзидан закот олинмайдиган, лекин эгасига даромад келтириб турадиганлари бор. Ҳозирда давоми...

15:41 / 18.12.2015 4208
Саратов вилояти мусулмонлар диний идораси ҳузуридаги Зайд ибн Собит Қуръони карим маркази ёш ўқувчилар давоми...

10:05 / 20.12.2018 3822