Қуёш тизими ўзи нима?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуёш атрофида айланадиган сайёралар билан биргаликда Қуёш тизимини ташкил этади. Бизнинг Қуёш тизимимизда 8 та сайёра мавжуд. Биз яшайдиган Ер ҳам бу сайёралар қаторига киради. Бизнинг Еримиздан ташқари Қуёш атрофида Меркурий, Венера, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун ҳам айланади. Уран ва Нептунни фақат телескоп ёрдамида кўриш мумкин бўлса, қолган сайёраларни оддий кўз билан ҳам кўрса бўлади.
Сайёралар икки гуруҳга бўлинади. Қуёшга яқинлари ички сайёралар деб аталиб, уларга Меркурий, Венера, Ер ва Марс киради. Бу сайёралар зичлиги юқори, юзаси қаттиқ бўлиб, улар орасида энг каттаси бизнинг сайёра – Ердир. Қуёшдан олисдаги сайёралар Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун бўлиб, улар Ердан анча катта. Бу ташқи сайёралар гигант сайёралар деб ҳам аталади. Келинг, солиштирамиз. Юпитернинг массаси Ернинг массасидан 300 марта катта. Оддий қилиб айтадиган бўлсам, Юпитер сайёраси бизнинг сайёрадан 300 марта оғир. Яна бу сайёраларнинг ички сайёралардан фарқи тузилишидадир. Улар Ер каби қаттиқ бўлмай, Қуёш ва бошқа юлдузларга ўхшаб газдан, асосан водород ва гелийдан иборат бўлади. Яъни гигант сайёралар юзаси қаттиқ эмас, улар шунчаки газдан иборат шарлардир. Шунинг учун ҳам Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептуннинг яна газли сайёралар деган номи ҳам бор.
Марс ва Юпитер орасида астероидлар ёки кичик сайёралар белбоғи мавжуд. Астероид Қуёш тизимидаги кичик сайёрага ўхшаш жисм бўлиб, унинг ўлчами бир неча метрдан то минг километрларгача бўлиши мумкин. Бу белбоғдаги энг катта астероидлар – Церера, Паллада ва Юнонадир.
Нептун орбитасидан ташқарида кичик осмон жисмларидан иборат яна бир белбоғ бор. У Койпер белбоғи деб аталади. У астериодлар белбоғидан 20 марта кенг. Илгари сайёра ҳисобланган, ҳозир эса бу мақомини йўқотиб, карлик сайёралар қаторига қўшилган Плутон мана шу белбоғда жойлашган. Койпер белбоғида Плутонга ўхшаш бошқа карлик сайёралар бор бўлиб, улар плутоидлар деб аталади. Плутоидлар қаторига Макемаке ва Хаумеа киради. Яна бир плутоид Эрида бўлиб, ўлчамига кўра Плутонга яқин. Лекин у Қуёшдан анча узоқда, Койпер белбоғидан ташқарида жойлашган.
Қуёш тизимига сайёралардан ташқари, уларнинг атрофида айланадиган само жисмлари, йўлдошлар ҳам киради. Топиб кўринг-чи, Қуёш тизимида нечта йўлдошлар бор? Топа олмадингиз! Қуёш тизимида 415 та йўлдош бор экан. Ернинг йўлдоши – унинг атрофида айланадиган Ой. Буни яхши биласиз-а? Марсда йўлдош 2 та – Фобос ва Деймос. Юпитерда нақ 67 та, Сатурнда эса 62 та йўдош бор. Буни қарангки, Венера ва Меркурийда йўлдошлар йўқ экан. Плутон йўдоши Харон бўлса, Эрида атрофида Дисномия айланади. Лекин олимлар Плутон-Харон жуфтлиги карлик сайёра ва йўлдошми ёки сайёралар жуфтлигими, аниқлай олишмади.
Сайёра ва йўлдошлардан ташқари, Қуёш тизимида ўн минглаб ва ҳатто юз минглаб кичик жисмлар: кометалар, метеоритлар, газчанг материялари, турли кимёвий элементлар атомлари учиб юради.
Бу барча жисмлар Қуёшнинг тортишиш кучи ҳисобига Қуёш тизимида ушлаб турилади. Шуниси қизиқки, уларнинг бари Қуёш атрофида бир томонга ва деярли бир текисда, бир юзада айланади. Бу юза эклиптика юзаси деб аталади.
Болажонлар, жуда қизиғ-а! Чексиз самони ўрганиб, охирига етиш қийин!

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
ЖУФТЛАР «ЖАНГИ»  Эрхотин орасида хилоф ва тушунмовчиликлар бўлиб туриши янгилик эмас. Ҳар замон ва ҳар давоми...

16:59 / 22.05.2017 10249
Одамнинг яратилиши Биринчи инсон ва биринчи Пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари давоми...

15:54 / 01.12.2016 6380
Тамжид Аллоҳни улуғлаш калимаси Маъноси Аллоҳни айбу нуқсонлардан пок деб давоми...

09:45 / 02.05.2017 13347
  Куни кеча ЎМИ мажлислар залида Қуръон мусобақаси 2018 Республика босқичи олдидан ташкилий қўмита йиғилиши давоми...

18:57 / 09.04.2018 2872