АЛЛОҲГА ШУКР ҚИЛИШ ЙЎЛЛАРИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг бандаларига фазли

Аллоҳ таоло бандаларини кўпгина неъматлар ва фазллар билан неъматлантириб, марҳамат кўрсатган. Бу неъматлар дин ва дунёга тааллуқли неъматлардир. Уламолар айтишганки, Аллоҳ азза ва жалланинг инсонга берган энг улуғ неъмати бу – Ислом ҳидояти неъматидир. Бу Аллоҳнинг ихтиёр қилган динидир ва мазкур динни етказишда Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлаган.

Аллоҳнинг неъматларидан яна бири инсонларга башорат берувчи ва огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборишидир. Уларга эслатма бўлиши учун самовий китобларни нозил қилган. Уларни мустақим ва тўғри йўлга бошлаб, жаннатга етишиш ва дўзахдан четланиш йўлларини билдирган.

Аллоҳ таолонинг инсонларга яхшиликларидан яна бири – яхшилик қилишни осон қилиб қўйган. Кимки бир яхшиликни ният қилиб, уни амалга оширмаса, Аллоҳ унга бир яхшиликни ёзиб қўяди. Кимки бир яхшиликни ният қилиб, уни бажарса, Аллоҳ унга ўнта ва ундан кўп яхшиликни ёзади. Кимки бир ёмонликни ният қилиб, уни бажармаса, Аллоҳ унга бир яхшиликни ёзади. Агар уни бажарса, битта ёмонликни ёзади.

Аллоҳ таоло яна инсонга тавба қилиши учун фурсат бериб, иқоб қилмайди.

Аллоҳ таоло дунёвий неъматлардан таом ва шароб, егулик ва кийимни сероб қилди ҳамда инсонни энг гўзал суратда яратди. Инсон яшашига муносиб қилиб ерни кенг қилиб қўйди. Бандаларининг хизмати учун жамики махлуқотларни бўйсундирди. Жасад, кўриш, эшитиш ва бошқа ҳис-туйғу неъматларини берди. Никоҳ ва фарзанд неъматини ҳам яратди. Жоҳилликдан сўнг илм неъматини берди. Инсон яралган вақтида хеч нарсани билмас эди. Аллоҳ таоло унга илм берди ва унда ҳис-туйғуларни яратиши билан илмлардан унга фойда берадиган нарсага ҳидоят қилди.

Аллоҳ азза ва жалла айтади:

“Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан хеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз” (Наҳл сураси, 78-оят).

Инсон жамики неъматлар учун Аллоҳ таолога шукр қилиши ва уни эътироф этиши лозим бўлади.

Аллоҳга қандай шукр қилинади?

Мусулмон Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчи ва синовларига сабр этувчи бўлади. Шунинг учун мусулмоннинг ҳаётида Аллоҳ таолога шукр қилишнинг аҳамияти каттадир. Хоссатан инсон Аллоҳга шукр қилса, унга неъматларини зиёда қилишини ваъда берганини билади.

Қуръони Каримда:

“Ва Роббингиз (сизга): “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”, дейилган (Иброҳим сураси, 7-оят). Шукр бу – эҳсон ва фазлга сано-ю ҳамд айтишдир. Шукрнинг шаръий маъноси Аллоҳ таолонинг фазлини ва инсонга берган неъматларини эътироф қилишлик ҳисобланади. Бу тил билан бирга неъматларни Аллоҳни рози қиладиган нарсаларга сарфлаш билан бўлади. Шукрнинг уч рукни бор, булар:

  1. Аллоҳ азза ва жалланинг неъматлари ва инсонга берган фазлига қалбнинг гувоҳлиги ҳамда Унга бўйсуниб, итоат қилишлиги.
  2. Аллоҳ таолонинг неъматларини тил билан зикр қилиш, Унга лафзан шукр келтириш, Унга сано айтиш, инсондаги куч-қувват Унинг неъматидан эканини эътироф этиш.
  3. Аллоҳ таолони рози қиладиган ва Уни ғазаблантирадиган нарсадан узоқ бўлгани сабабли инсонга Аллоҳ таолонинг неъматлари бўйсуниши.

Агар мусулмон Аллоҳ азза ва жаллага шукр қилишни хоҳласа, Ўзида ҳосил бўлган яхшиликлар ва ёмонликларни четлаб ўтиши Аллоҳнинг неъмати эканини билиб, Унга ишонишлик билан Унинг фазлини эътироф қилиши лозим бўлади. Бу унинг қалбида мустаҳкам жойлашади. Сўнг мусулмонга Аллоҳ таолони зикр қилиш ва Унга тил билан шукр қилиш вожиб ҳисобланади. Кўп неъмат ва атолар бергани учун доимо ҳамд ва сано айтади. Ютуқ, тавфиқ ва илмни инсон ўзига нисбат беришликдан сақланади. Чунки бундай қилиши Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилиш бўлади. Шукр қилувчилардан бўлиш учун бу нарсаларнинг ҳаммасини Аллоҳдан деб билади. Инсон шукрини адо қилиш учун неъматларни Аллоҳни рози қиладиган ишга сарфлайди. Инсон ўзининг аъзолари ва жасадини гуноҳ-маъсиятларга қоим қилиши жоиз бўлмайди. Балки Аллоҳ таолонинг амрларини қоим қилади ва наҳийларидан четда бўлади.

Аллоҳ азза ва жаллага шукр қилишнинг кўриниши инсонларнинг эҳсонларига ва уларнинг қилган яхшиликларига шукр қилиш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳга шукр қилмайди” (Суютий ривояти).

Аллоҳга шукр қилишнинг ҳукми

Аллоҳ азза ва жалла бандаларига ҳамду шукр айтишни амр қилди. Қуръони Каримда: “Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз”, деб марҳамат қилинган (Бақара сураси, 152-оят).

Оят Аллоҳ таолога шукр қилишнинг вожиблигига далилдир. Баъзи уламолар: “Умрида бир марта бўлса ҳам, икки шаҳодат калимасини нутқ қилиш каби шукрни талаффуз қилиш вожибдир”, деганлар. Мусулмон шукрни зиёда қилиши мустаҳаб бўлиб, унга савоб олади. Неъматнинг завол бўлишидан қўрқиб ёки зиёда бўлишини хоҳлаб, Аллоҳ таолога шукр қилиши жоиздир. Чунки Аллоҳдан умид қилиш ва Ундан қўрқиш шаръан матлубдир. Қуръони Карим оятларида бунга тарғиб қилинган. Бу нарса Аллоҳ азза ва жаллага ихлос билан шукр ва ибодат қилишга қарама-қарши бўлмайди. Шу билан бирга шукр қилиш учун фақат шунинг ўзи сабаб бўлмаслиги лозим. Мусулмонга Аллоҳ таолонинг ҳақларини хис қилиши лозимдир.

Аллоҳга шукр қилишнинг фазли

Қуръони Карим ва суннати набавийда Аллоҳ таолога шукр қилиш улуғ фазилат эканига далиллар ворид бўлган. Булардан баъзиларини келтирамиз:

  • Аллоҳ таолога шукр қилиш пайғамбарлар ва анбиёлар алайҳимуссаломнинг сифатларидан ҳисобланади. Қуръони Каримда ворид бўлганидек: “Нуҳ билан бирга кўтарганларимизнинг зурриётлари! Албатта, у ўта шукрли банда эди” (Исро сураси, 3-оят).
  • Аллоҳга шукр қилиш инсонни азобдан сақлайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?! Аллоҳ шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи) ва билувчи Зотдир” (Нисо сураси, 147-оят).
  • Аллоҳ таоло шукр қилувчиларга кўп ажрлар ва улкан савобларни ваъда қилган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлармиз” (Оли Имрон сураси, 145-оят).
  • Аллоҳ таолонинг розилиги Унга шукр ва сано айтишга боғлиқдир. “Саҳиҳ Муслим”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ егулик еб, Унга ҳамд айтган ва ичимлик ичиб Унга ҳамд айтган бандасидан рози бўлади”, дедилар (Муслим ривояти).
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозир кунимизда бўлиб турган ҳолат шундайки, Аллоҳ таоло кафолатига олган, Ўзи қодир бўлган нарса ҳақида кўп давоми...

11:38 / 06.04.2017 4965
Аёл киши бу ўз эрки ва ихтиёрига эга бўлган мустақил шахс. Кўп ҳолатларда ажралиш қиз болани унинг хоҳиш ва давоми...

20:17 / 16.10.2022 9012
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз давоми...

11:41 / 29.11.2016 4499
Жакарта шаҳридаги масжидлардан бирида кам таъминланганлар учун гуруч берувчи автомат ўрнатилди. Ишга давоми...

13:36 / 05.03.2019 2987