Қуддусдан Маккага: қибланинг ўзгартирилишидаги ибрат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қибланинг ўзгартирилиш воқеасини кўпчилигимиз яхши биламиз. Исломнинг илк даврларида мусулмонлар Байтул Мақдисга (Масжидул Ақсо) қараб намоз ўқишган. Ҳижратдан тахминан 18 ой ўтиб, Аллоҳ таоло қибланинг йўналишини Каъба томон ўзгартиришга амр қилган.

Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини биладилар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир” (Бақара сураси, 144-оят).

Бундан қандай фойда олишимиз мумкин?

Бу оддий бир воқеа. Мазкур воқеани кўпчилик тафсилотлари билан яхши билади. Бироқ айнан шу воқеадан биз ўзгаришлар ҳақида ўзимиз учун кўплаб хулосаларни чиқариб олишимиз мумкин бўлади. Ўзгаришлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмидир. Бу, айниқса, ёшлик даври учун муҳимдир. Бунга мактабни ўзгартириш, иш жойининг ўзгариши, муносабатлар ўзгариши, оилавий шароитни ўзгартириш, молиявий ҳолатлар ўзгариши ва бошқа ҳаётий ўзгаришларни мисол қилиш мумкин. Албатта, бу ўзгаришлар инсонга турлича таъсир қилади ва уларга тўғри муносабатда бўлиб, ўзини қўлга ола билиш мусулмон инсон учун муҳимдир. Аллоҳ таоло бу борада бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймаган, балки Қуръони карим ва ҳадиси шарифга тарихий ҳодисалардан ўрганиш мумкин бўлган ҳикматни жо қилдики, бу биз учун шу каби муаммоларга дуч келганимизда йўриқнома вазифасини ўтайди.

Ўзгаришлар пайтида вазиятни тўғри баҳолаб, тўғри ҳаракатлар қилиш кишининг шахсий ривожланиши ва ижтимоий алоқаларнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Айнан шу борада қибланинг ўзгариш воқеасида ўзимиз учун керакли дарсларни олсак бўлади. Ўзгаришларни Аллоҳ таолонинг синови, неъматга мушарраф бўлиш имконияти ва У Зотга итоат қилишнинг бир кўриниши деб билар эканмиз, бу борада бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг катта ўрнак бўладилар.

Қибланинг ўзгариш воқеасидан олинадиган дарс

Аллоҳ таоло ўзгаришларни қабул қилишнинг ҳам ўзига хос ажри бор эканини баён қилган. Ҳар бир ўзгаришда ҳикмат бор, зеро Аллоҳ таоло ўзгарган нарсанинг ўрнига, албатта, ундан яхшироғини беради.

Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини билмадингми?” (Бақара сураси, 106-оят).

Қибланинг ўзгариш ҳодисасида бу мусулмон умматини битта қилиб бирлаштириш, барча мусулмонларнинг Аллоҳнинг амрига бўлган итоатлари билан умматни бошқа эътиқодлардан ажратиш ҳикмати намоён бўлади.

Ўзгаришлар орқали муваффақият сари

Собитқадам бўлинг, бошқаларнинг гап-сўзларидан таъсирланманг. Аллоҳ таоло кучли ва иймонда собит инсонлар билан биргадир.

Одамлардан эси пастлари: «Буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан?» дейдилар. «Машриқу мағриб Аллоҳники, кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга бошлайди», деб айт” (Бақара сураси, 142-оят).

Ўзингиздан “Нима қила оламан?” деб сўранг. Каттами, кичикми, ўзингизнинг қўлингиздан келадиган ишнинг уддасидан чиқинг. Ўзингизнинг қўлингизда бўлмаган нарсани шундайлигича қабул қилинг. Унутмангки, барчаси Аллоҳ таолонинг мутлақ назорати остида. Имконсиз нарсани қилишга берилиб қолманг, Аллоҳ таолога ҳавола қилинг.

Бирламчи мақсадларингизни аниқлаб олинг. Қибла воқеасида ўша пайтдаги истеҳзо ва масхараларга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бирламчи мақсадлари – дин ва уммат қайғусида собитқадам бўлдилар.

Янги ҳолатнинг ижобий тарафларини изланг, ўзгаришдан олишингиз мумкин бўлган фойдани чамалаб, имкониятларингиздан фойдаланинг. Қибла ўзгариш ҳодисасида бу мусулмонлар учун яхлит бўлиб бирлашиш имконияти бўлганини ва ҳозиргача шундай бўлиб қолганини кўришимиз мумкин.

Ўйлаб кўрсак, ўзгаришлар пайтида инсон бироз бўлса-да, ташвишланиши табиий ҳолат эканини англаймиз. Бундай пайтларда аввал ўзгаришларни бошдан кечирган ва Аллоҳ таоло сизни тўғри йўлга бошлаган пайтларни эсланг.

Ислоҳотчи, оптимист бўлинг. Нолиш, шикоят қилиш ўрнига ўзгаришларни ўсиш учун янги имконият деб билинг.

Тушкунлик ва стресс ҳолатини бартараф қилиш учун Аллоҳ таолони, Унинг раҳматини ёдда тутинг, кўп зикр қилинг. Қибла Байтул Мақдис бўлган пайтларда қибла Каъба бўлишини қаттиқ хоҳласалар ҳам, Аллоҳнинг амрига сўзсиз итоатда бўлиб, сабр қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларидаги дуоларини ижобат қилиб, қиблани Каъба томон ўзгартирди.

Сўнгги мулоҳаза

Ўзгаришлар пайтида керак бўлганда мусулмон биродарларингиздан қўллаб-қувватлашларини сўранг. Мусулмонлар бир-бирларига кўмаклашишлари, оғир пайтда ёрдамини аямасликлари лозим.

Бироқ айни пайтда доимо ёдда тутиш керакки, мусулмон киши қийинчиликка дуч келганда ҳам ижобий фикрлайди. У ажрни инсонлардан эмас, фақатгина Аллоҳ таолодан умид қилади.

Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир” (Бақара сураси, 155–157-оятлар).

Мавзуга оид мақолалар
Аёлларнинг исломий илмлар ривожига қўшган ҳиссаси 2қисм Аёлларнинг ҳадисшунослик илмидаги ўрни ҳақида давоми...

14:22 / 20.03.2017 4573
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри илк имомлар форумини қабул қилишга тайёр. Бугун  Қозоғистон мусулмонлари давоми...

11:47 / 02.02.2017 4932
                                  4  О, сўз очмоқ оғир, ҳаёт имтиҳон, Шайх олис юртларда юрди бир замон.   Бироқ давоми...

09:21 / 09.02.2017 4073
.Улар quotРоббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни давоми...

21:51 / 21.04.2023 2112