Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

«Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна- синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва икковларидан зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон!».

(Бақара сураси, 102-оят)

Демак, яҳудийлар Аллоҳнинг китобини худди билмагандек ортларига ирғитиб юбориб, Сулаймон алайҳиссалом подшоликлари ҳақида шайтонлар айтиб юрадиган нарсага эргашиб кетдилар. Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ҳам Пайғамбарлик, ҳам подшоликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг Пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди. Мазкур мўъжизалар ҳақидаги оятлар бошқа жойларда келган, ўрни билан алоҳида ўрганилади. Ҳозир мавзуга алоқадор томони шулки, Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. Бундай мишмишни тарқатишда яҳудийлар қавми, айниқса, жонбозлик кўрсатган эди. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбарларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Улар хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш билан вазифаланган эдилар. Аммо сеҳр ўргангани келганларга аввал:

«Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар».

Яъни  «Биз фитна учун, одамларни синаш учун юборилганмиз, сеҳрни ўрганган кофир бўлади, сен ҳам уни ўрганиб кофир бўлма», деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гаплардан кейин қайтиб кетса кетди, кетмаса, кофир бўлишини билиб туриб ҳам, ўрганавераман, деса, ўргатишар эди. Мана шунинг ўзидан пайғамбарлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нима-ю, сеҳр нима – кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога

«Сулаймон куфр келтиргани йўқ», деган жавоб келмокда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда.

Бу ишлар Бобил номли юртда бўлгани ҳам айтилмоқда. Ҳамда Ҳорут ва Морут исмлари ҳам зикр қилинмоқда:

«Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар».

Ҳорут ва Морутлар кимлиги тўғрисида тафсирчилар турли фикрларни айтганлар. Лекин бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбага асосланмаганлигини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар. Шунинг учун, оятдаги ибораларнинг таркибидан, бу икки исм эгалари фаришта бўлган, деб айтганларнинг фикри қувватлироқ чиққан. Аллоҳ таоло инсонларни хоҳлаган усулда, хоҳлаган воситалар ила синаб кўради, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ.

Кофирликни ҳам бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади бу сеҳрларини?

«Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди».

Демак, улар сеҳрни яхшилик учун ўрганмас эканлар. Улар сеҳрни ёмон нарсага ишлатишар экан. Аммо:

«... улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар».

Ушбу жумлада, дунёдаги ишларнинг бориши ҳақидаги исломий тасаввур ўз аксини топган. Яъни дунёда нима иш содир бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Тўғри, Аллоҳ ҳар бир ишнинг юзага чиқиши учун сабабларнинг вужудга келишини шарт қилган. Аммо ўша сабаблар ҳам Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Илми калом уламолари бу маънони тушунтириш учун оловни мисол қилишади. Оловни пахтага тутсанг, пахта куяди. У оловдаги куйдириш хусусияти туфайли куядими ёки ўзидаги куйишга бўлган қобилият туфайли куядими? Чунки оловда куймайдиган нарсалар ҳам бор-ку?! Хулласи калом, ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлади. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, оловдан куйдириш хусусиятини олиб қўяди. У Зот куйдиришга изн бермаса, олов ҳеч нарсани куйдира олмайди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар катта гулханга ташлаганларида, Аллоҳ таолонинг амри ила у олов Иброҳим Пайғамбарни куйдирмаган.

Шунингдек, сеҳргарлар ҳам сеҳрни қилишаверади. Аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар.

Ояти каримадаги «Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар» жумласи сеҳр фақат зарарли нарса эканини тасдиқлайди. Бу эса яҳудийларнинг сеҳрни мақтаб айтадиган гапларига раддиядир. Шу билан бирга, сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди.

«Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ».

Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Сеҳр тўғрисидаги ушбу ояти карима ва бошқа унга тегишли матнлар асосида уламолар узоқ тортишганлар. Ҳатто алоҳида китоб ёзганлар ҳам бор. Бу тортишувлар: «Сеҳр нима? Унинг ҳақиқати ҳақида нима деймиз? Сеҳрда нарсаларнинг табиати ўзгарадими ёки одамларнинг кўзига кўриниш ўзгариб, ўзи асл ҳолида қоладими?» мана шу масалалар устида бўлган. Аммо сеҳр ёмон нарса эканлиги, уни ўрганиш мусулмон одам учун мумкин эмаслиги ҳақида ихтилоф йўқ.

Тажриба шуни кўрсатадики, баъзи одамларда ғайриоддий хусусиятлар бўлади. Айниқса, ҳозирги кунда телепатия, магнит уйқуси, экстрасенс ва бошқа хусусиятлар ҳақида шовшувлар кўпайган. Аммо илмий асосдаги аниқ хулоса йўқ. Баъзи шахсларда бошқа кишиларга таъсир ўтказиш хусусияти борлиги аниқ. Сеҳр ҳам ўша нарсаларга ўхшаш бир ҳолат бўлиши мумкин. Ўша хусусият билан таъсир ўтказиб, эр билан хотинни ажратиб юбориш мумкиндир. Лекин бунақа ишларнинг барчаси Аллоҳнинг изни билан бўлишини унутмаслик керак.

Ояти кариманинг охирида уларнинг қилмишларига муносиб баҳо берилади.

«Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон!»

Ҳолбуки, Бани Исроилга шайтонларнинг айтганига ишониб, сеҳргарларни улуғлаб, уларга ҳавас қилишдан бошқа яхши ишлар ҳам бор эди.

Мавзуга оид мақолалар
  Қадриятга айланган суннатлар Ўзбек халқи ўзининг миллий урфодатлари, гўзал қадриятлари билан бошқа давоми...

18:48 / 04.12.2018 2687
Ассалому алайкум «muslimaat.uz» сайтида ўз хизматларини бекаму кўст адо этиб, фаолият юритиб келаётган мўмина, давоми...

11:39 / 08.04.2019 4222
Савол Шаққи садр воқеаси неча марта содир бўлган     Жавоб Биринчиси 4 ёшларида, Бану Саъд давоми...

10:58 / 30.11.2017 2731
Аллоҳнинг бандаларига фазли Аллоҳ таоло бандаларини кўпгина неъматлар ва фазллар билан неъматлантириб, давоми...

10:18 / 11.06.2019 6274