Учинчи бекат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўлим. Бу сўзни эшитишнинг ўзиёқ кишини юзидан табассумни нари қилади. Кутилмаган сергаклик келиб, кишини ўтмишини қандай ўтказганини, ҳозирини қандай ўтказаётганини ва шу ҳолатда вафот этса, ҳоли нима бўлишини ўйлашга чорлайди.

Дарҳақиқат, ўлим чақирилмаган меҳмондир. У ёшни ҳам, қарини ҳам, бойни ҳам, камбағални ҳам, яхшини ҳам, ёмонни ҳам фарқлаб ўтирмайди. Агар яхши инсонлар ўлмаганда эди, анбиёлар, авлиёлар, солиҳлар, олимлар, фозиллар вафот этмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то қиёмат қадар умматларининг кўзларини қувонтириб юрар эдилар. «Ёмонга ўлим йўқ» дейдилар. Йўқ, ёмонга ҳам ўлим бор. Агар ёмонлар ўлмаганда «Сизларнинг олий Роббингиз эмасманми?» деган Фиръавн ўлмас эди. Ёки Исломнинг ашаддий душмани бўлмиш Абу Лаҳаб ҳам ўлмас эди. Агар ўлимдан кишини молу дунё халос қила олса, Аллоҳ таоло унинг бойлигини тилло ёки кумуш билан эмас, «Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни бердик», деб баҳолаган Қорун ўлимдан қутилиб қолар эди. Шундай экан, ўлимдан қутилиб қолишга асло чора йўқ. Бир кун ажалимиз келганда ҳеч нарса бизни ундан тўса олмайди. Шунинг учун доим биз унга тайёр бўлмоғимиз лозим. Бир киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Қиёмат қачон, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўраганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сен унга нима ҳозирладинг?» дея жавоб қилган эканлар. Батаҳқиқ, ўлим ҳам ҳар бир киши учун кичик қиёматдир. Унга ҳозирлик кўрмоқ даркор. Ўлимга кўриладиган ҳозирлик икки газ мато олиб қўйиш, ювғичга ёки маракаларга пул йиғиб қўйиш билан эмас, иймон келтириб солиҳ амаллар қилиш, Аллоҳ таолога тақво қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, умрни шариатга мувофиқ равишда ўтказиш билан бўлади. Буни ҳаммамиз ҳам биламиз. Аммо кўпчилик бунга амал қилмайди. «Бир марта берилган умрда яшаб қолиш керак», деб баъзилар шариатга амал қилмай яшамоқда. Бир марта берилган умрда  шариатга амал қилиб яшаб қолиш керак. Акс ҳолда, абадий ҳаётда хорликка дучор бўлиш мумкин. Бу етмиш йиллик ёки саксон йиллик умр ўтиб кетади, аммо натижаси абадий дўзах ёки жаннат бўлиши мумкин. Шунга кўра, ким абадий ҳаётда нимани истаса, умрини ўшанга етиш илинжида ўтказсин. Ўлим гўёки тўрт бекатнинг учинчисидир. Яъни биринчи бекат она қорнидир. Бу бекатда Одам алайҳиссалом ва Ҳаво онамиздан бошқа барча бўлган ва бўлади. У бекатда қолиш муддати қисқа ва ўзи тор бўлган макондир. Унда кишида етарли ақл ва ихтиёр йўқдир. Шундай бўлса-да, бу маконнинг ўзиёқ инсонга хуш ёқиб, ўша вақтда зарур бўлган қулайликларни топади ва иккинчи бекат бўлмиш бу дунёга келганда йиғлаб келади. Қараса, иккинчи бекат ниҳоятда ранг-баранг олам, қулайликлар бисёрдир. Бу муҳитда секин-аста улғайган инсон ақлга, ихтиёрга эга бўлади. Ўзи яшаб турган муҳитга муҳаббат қўяди. Гўёки унда абадий қоладигандек бор имкониятини ишга солиб, уни обод қилишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, олис манзил сари йўл олган, вақти чекланган ҳеч бир йўловчи бекатни обод қилишга вақтини сарф қилмайди. Аслида кишига ўзи учун қулай шароит бўлса кифоя. Бекатда турганимизда ҳам у ёқ-бу ёғини тозалаб ўриндиққа ўтирамиз-ку. Учинчи бекат бўлмиш ўлим ҳар бир жонга етар экан, қабр ҳаёти бошланади. Қабр зоҳири тор бўлган, қолиш муддати номаълум бўлган, кишида ихтиёр бўлмаган бир маскандир. У жаннат боғларидан бир боғ ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир. Аллоҳ қабримизни дўзахдан бир чуқур бўлмоғидан асрасин! Вақти-соати келиб қиёмат қоим бўлгач, тўртинчи бекат бўлмиш абадий ҳаётга аввалгию охирги барча кишилар йўл олади. Унда ўз ихтиёрлари ила қилган амаллари учун ҳисоб берадилар. Унда сиротдан ўтмоқ, мезон (тарозу)да амалларнинг сарҳисоби, номаи аъмолни олмоқ каби бир қанча синовлардан сўнг дўзахийлар дўзахга ва жаннатийлар жаннатга киритилгай. Дўзахда айрим дўзахийлар қилган гуноҳларига яраша жазо олиб бўлгач, ундан чиқарилади. Кофир, мушрик кабилар эса унда абадий қолажак. Жаннатга кирган ҳар бир киши эса жаннатда абадий қолади. Ўлим бизга абадий ҳаётга йўл олишимиз учун бир воситадир. Гёте «Туғилиш – ўлимга қўйилган дастлабки қадамдир» деган бўлса, биз «Ўлим – абадий ҳаётга қўйилган дастлабки қадамдир» дейишимиз мумкин. Аллоҳим барчамизни ўлимимизни ҳам, абадий ҳаётимизни ҳам хайрли қилсин!
Мавзуга оид мақолалар
Оғир гуноҳи кабира ҳисобланувчи зинони кўпчилик номаҳрам эркак ва аёлнинг жинсий алоқаси сифатида давоми...

18:33 / 27.10.2016 9811
Бир куни адвокатлар бюросида ўтирган эдим. У ерда бир киши билан танишиб қолдим. Адвокатнинг қўлидаги давоми...

21:14 / 02.05.2023 1986
Рухсона Ижар бир неча қишлоқлардаги очлик муаммоси билан жиддий шуғулланаётган покистонлик аёлдир. У ўз давоми...

13:46 / 28.01.2019 2117
Тошкент Давлат Тиббиёт Институти, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги қошидаги Кардиология давоми...

20:59 / 28.02.2017 6023