Бизнинг ғамимиз нима?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида қолганларида онамиз у кишига икки қават қилиб тўшак солиб бердилар. У зот алайҳиссалом эрталаб туриб: «Нима қилиб қўйдинг, Ҳафса?!» деб бу онамизни бироз койидилар. «Бу кеча менга ўринни икки қават солиб берибсан! Тонг отгунча ухлабман. Менга дунёнинг нима кераги бор эди?! Мени юмшоқ тўшак ила машғул қилишингнинг нима кераги бор эди?!» дедилар...

Бизнинг ғамимиз нима? Биз қайтага юмшоқ-юмшоқ ўринларда ётолмасак, шикоят қиламиз. Дунё матоҳларига ета олмасак, сиқиламиз...

Бир гал саҳобалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тунаб қолиб, тунги намоз учун турганларида таҳоратларига сув тутиб хизмат қилдилар. Шунда у зот алайҳиссалом: «Сўра», дедилар. Саҳобий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатда сизнинг рафиқингиз бўлишни сўрайман», дедилар...

Бизнинг ғамимиз нима?..

Бир гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бирининг хафа бўлиб юрганини кўрдилар. У кишидан «Эй фалончи, нега хафасан?» деб сўрадилар. Саҳобий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳозир сиз бизнинг ёнимиздасиз. Юзингизга боқиб турибмиз. Сиз пайғамбарларнинг олдига кетиб қолсангиз, биз сизга ета олмаймиз», дедилар.

Бизнинг ғамимиз нима?..

Бир гал оналаримиз розияллоҳу анҳунна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўпроқ нафақа сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, уларга ё дунё матоҳини истаб Набий алайҳиссаломдан ажралишни, ё Аллоҳ ва Унинг Расулини, охиратни танлашни айтди. Оналаримиз барчалари Аллоҳ ва Унинг Расулини, охиратни танладилар.

Бизнинг ғамимиз нима?..

Бир гал бир киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Қиёмат қачон, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради. «Сен унга нима тайёрладинг?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. «Мен унга кўп намоз, рўза ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўраман», деди у киши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ўзинг яхши кўрганлар билан биргасан», дедилар. Буни эшитган у зот алайҳиссаломнинг ҳузурларидаги бошқа саҳобалар: «Биз ҳамми?» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: «Ўша куни қаттиқ хурсанд бўлдик», дейдилар.

Бизнинг ғамимиз нима?.. 

Ғиёсиддин Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Ишингизда муаммолар борми Асло тушкунликка тушманг, иншааллоҳ, муаммоларингиз хайрли ечим топади. давоми...

07:28 / 23.01.2017 5270
Бир одам бўлган экан. Юзи хунук, кўрган киши учун ёқимсиз кўринишга эга экан. Шу боис бу одам кўпчиликка давоми...

06:20 / 23.12.2016 4051
Ишқ бир ҳасратдир...Ҳожар онамиздек бир гўдак билан чўлларда Аллоҳга омонат яшамоқдир.Ишқ ишончдир...Иброҳим давоми...

06:28 / 19.11.2020 6198
Саудия Арабистони Қироллигининг ҳаж ва умра ишлари вазирлиги Қиролликнинг Макка ва икки ҳарам бўйича давоми...

12:24 / 01.04.2019 4037