Маъсиятдан узоқлашишнинг усуллари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  Қуйида биз келтирмоқчи бўлган усуллар маъсиятдан узоқлашишингизга ёрдам беради, деган умиддамиз.

  1. Дуо. Дуо – бу энг кучли даводир. Шунингдек, ҳар бир балонинг энг яхши муолажаси ҳисобланади. Эй тавба қилувчилар! Эй гуноҳларни тарк қилишни хоҳловчилар! Дуоларни эшитувчи ва балоларни даф этувчи Зотга қўлингизни кўтариб дуо қилинг. Шоядки, сизнинг сидқингизни, кўз ёшларингизни ва тазарруларингизни кўриб, гуноҳларни тарк қилиш ва уларни ўчиришда сизга ёрдам берса!

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман» (Ғофир сураси, 60-оят).

«Ёки музтар одам дуо қилганда ижобат этадиган...» (Намл сураси, 62-оят).

Қанчадан-қанча мусулмонлар гуноҳларини ташлашда қийинчиликка учрадилар. Лекин улар Роббиларидан энг гўзал ҳолатдаги дуо-саждада муножот ила ёрдам сўраб, Унинг ўзигагина суяниб, нажот топишди. Сиз саждада бўлган он – Аллоҳга энг яқин вақтингиздир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банданинг Роббисига энг яқин пайти у сажда қилганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар», дедилар».

Эй гуноҳлардан четланишга ҳарислар, саждадаги дуоларда йиғланглар ва сизларда хушхабар бўлур.

  1. Курашиш. Гуноҳлардан бир кечада ёки бир кунда халос бўлиш мумкин, деб ўйламанг! Маъсиятлардан қутилиш курашишни, сабрни ва матонатни талаб қилади. Билингки, курашиш – сизнинг гуноҳларни тарк қилишни чиндан хоҳлаётганингизнинг далилидир. Аллоҳ таоло айтганидек:

«Биз учун жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчилар биландир» (Анкабут сураси, 69-оят).

  1. Маъсиятнинг оқибати ва натижасини билиш. Сиз гуноҳларнинг кетидан келиб чиқадиган натижаларни билсангиз, уларни тарк қилишга бел боғлашингиз енгиллашади. Гуноҳ олиб келадиган ғам-ғусса, алам-азоб, умидсизлик, сиқилиш, ваҳима кабилар Аллоҳ ва сизнинг орангизда тўғаноқ бўлиб қолади.
  2. Гуноҳлар сабабларидан ва гуноҳларни кучайтирадиган нарсалардан узоқлашиш. Албатта, ҳар бир маъсиятни даф қиладиган ҳамда четлаштирадиган сабаблар бўлади. Шу сабаблардан доимий равишда қочиш касалликнинг самарали усулларидан ҳисобланади.
  3. Ёмон дўстдан узоқлашиш. Баъзи инсонлар гуноҳлардан қочишга ҳаракат қилади-да, лекин ёмон дўстлардан четлашмайдилар. Бу эса гуноҳлардан узоқлашишни қийинлаштиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши дўстининг динида бўлади. Бирингиз кимни дўст тутаётганига боқсин», дедилар».

«У Кунда золим икки қўлини тишлаб дейди: «Эҳ, қани эди, Расул билан бир йўлни тутган бўлсам!»

«Фурқон» Э воҳ! Қани эди, фалончини дўст тутмаган бўлсам» (дер).

«Фурқон» Батаҳқиқ, менга Зикр келганидан сўнг у мени адаштирди» (Фурқон сураси, 27–29-оятлар).

  1. Ўлимнинг тўсатдан келишини доим ёдда тутиш. «Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир» (Анкабут сураси, 57-оят).

Тасаввур қилиб кўринг! Ўлим тўсатдан келди. Сиз қайси ҳолатдасиз? Телефонда бекорчи суҳбат қуриб ўтирибсиз. Ёки ухлашдан олдин намоз ўқияпсиз. Қай бирини орзу қиласиз?!

«Ниҳоят, улардан бирига ўлим келган чоғда дейди: «Роббим, мени қайтаргин.  «Муъминун» Шоядки, тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам» (Муъминун сураси, 99-оят).

У нимани орзу қиляпти? Албатта, бу дунёга қайтиб, солиҳ амал қилишни, тавба қилишни, намозларини тўлиқ адо қилишни ва ҳаромларни тарк қилишни...

  1. Сизни кафанлаб ювишаётганини ўйлаб кўринг. Сиз ғассол столидасиз... Жонсиз танасиз... Ҳаракатлана олмаяпсиз... Улар сизни қимирлатиб ювишяпти... Бундай ҳолатда сизга гуноҳларингиз ва маъсиятларингиз ҳеч фойда бермайди.
  2. Сизни елкаларида кўтариб кетишаётганини ўйлаб кўринг. Сизнинг жанозангиз ҳозир ўқилади... Субҳаналлоҳ, қувватингиз қани?! Ёшлигингиз қани?! Дўстларингиз қани?! Сизга ҳозир фақатгина қилган яхши амалларингиз фойда бера олади, холос.
  3. Қабрда эканингизни ўйлаб кўринг. Сизни аҳлингиз ва дўстларингиз тарк қилиб кетишади. Сиз билан бирга фақатгина қилган амалларингиз қолади. Сиз билан қоладиган амалларингизга бир назар ташланг-чи... Улар сизни қониқтиряптими?
  4. Амалларингиз Аллоҳга намойиш қилинишини ўйланг.

«Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқинг» (Бақара сураси, 281-оят).

Аллоҳнинг ҳузурида турасиз... Ҳар бир зое кетган вақт... Ҳар бир беҳуда ишлар... Ҳар бир ухлаб қолинган намозлар... Шу ҳолатда ким сизга ёрдам беради?!

«Бас, ўша Кунда кўрикдан ўтасизлар, бирорта нарсангиз махфий қолмайдир» (Ҳаққо сураси, 18-оят).

«Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз» (Бақара сураси, 223-оят).

  1. Агар гуноҳларни ҳақиқатда тарк қилмоқчи бўлсангиз, сирот кўпригидан ўтаётганингизни ўйланг. Жаҳаннам устидаги бу кўприк қиличдан ўткир, соч толасидан ингичкадир. Аллоҳ таоло айтади:

«Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир» (Марям сураси, 71-оят).

Уламолар бу оят жаҳаннам устидан ўтишга далилдир, дейишади. Оёқларингизни шу васфланган кўприк устига қўясиз... тагингизда жаҳаннам... қоронғу... Одамлар жаҳаннамга қулашяпти... йиғлашяпти... қичқиришяпти... Бу кўприкдан фақат Аллоҳга чин банда бўлганлар, Унинг ибодатида қоим бўлганлар ва Ундангина қўрқиб гуноҳлардан четланганлар собит ўтишади.

«Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур» (Иброҳим сураси, 27-оят).

Бу ерда намозни ва яхшиликларни холис Аллоҳнинг розилиги учун бажарганлар таърифланмоқда. Мазкур кўприкдан ўта олмаганлар надомат қилишади. Лекин уларнинг надоматлари фойда бермас.

  1. Қиёмат кунидаги тарозуни эсланг. У ерда яхшиликларингиз ва ёмонликларингиз ўлчанади. Бу тарозу жуда дақиқ нарсаларни ҳам аниқлик билан ўлчайди.

«Қиёмат куни учун адолат мезонларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз» (Анбиё сураси, 47-оят).

Сиз тарозуга қўйиладиган амалларингизни бир ҳисоб-китоб қилиб кўрдингизми?

  1. Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг узунлиги бир ой, кенглиги бир ой миқдорича бўлган Ҳавзларини эсланг. Унинг суви асалдан ширин, сутдан оқ, мискдан хушбўй, уни бир марта ичган одам умуман чанқамайди. Агар сиз гуноҳкор бўлсангиз, бу сувдан ича олмаслигингизни ўйланг ва ҳозироқ гуноҳларни тарк қилинг!
  2. Дунёнинг ҳеч нарсага арзимаслигини билиш.

«Ва дунё ҳаёти алдов матоҳидан бошқа нарса эмас» (Ҳадид сураси, 20-оят).

Ҳеч нарсага арзимайдиган дунё қандай қилиб ниҳояси йўқ, боқий ҳаётга таъсир қилсин?! Қандай қилиб бизларни жаннатдан тўсадиган гуноҳларни қиламиз?!

  1. Кучли иродали бўлиш. Гуноҳларни ва шаҳватларни тарк қилиш учун, албатта, кучли ирода соҳиби бўлиш лозим.
  2. Аллоҳнинг Роқиб исмини ёдда тутинг.

«Кимнинг тарозуси енгил келса, бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда мангу қолувчи бўлибдилар» (Муъминун сураси, 103-оят).

Аллоҳ кузатиб турувчидир... ҳолатимизни... ҳаракатларимизни... қалбимизни... Агар бир гуноҳни қилмоқчи бўлсангиз, «Аллоҳ мени кузатиб турибди», деб ўзингизга ўзингиз айтинг.

  1. Аъзоларингиз гувоҳлик беришини ёдда тутинг. Маъсият ёки гуноҳ қилишдан аввал маҳшар куни аъзоларингиз сизни фош қилиб, сизга қарши гувоҳлик келтиришларини унутманг.

«Бугунги Кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берар» (Ёсин сураси, 65-оят).

Субҳаналлоҳ! Тилимиз ўзимизга қарши гувоҳлик берса... Кўзимиз ўзимизга қарши гувоҳлик берса... Қўл-оёғимиз ўзимизга қарши гувоҳлик берса...

«Ниҳоят, унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилиб ўтган нарсалари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берадилар.

«Фуссилат» Ва териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?» дедилар. (Терилари:) «Ҳар бир нарсани нутқ қилдирган Аллоҳ бизни ҳам нутқ қилдирди» (Фуссилат сураси, 20–21-оятлар).

  1. Амалларингизни ва гапларингизни ёзиб борадиган фаришталар борлигини ёдингизда тутинг.

«Ҳолбуки, устингиздан кузатиб турувчилар бордир.

«Инфитор» Ҳурматли ёзиб турувчилардир.

«Инфитор» Нима қилаётганингизни биладиганлардир» (Инфитор сураси, 10–12-оятлар).

Улардан ҳеч бир нарса махфий қолмас. Улар узлуксиз то руҳингиз танангизни тарк қилгунича ҳар бир ҳолатни, феълни ва сўзни ёзиб борадилар.

“Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан”, (дейилур)” (Исро сураси, 14-оят).

Ўлганингиздагина у китоб ёпилади ва маҳшаргоҳда тақдим қилинади. Эй гуноҳларни бемалол қилаётган! Елкангиздаги фаришталар ҳар бир қилаётган гуноҳингизни ёзиб бораётганини ёдда тутинг. Эй намозларини зое қилаётган! Амаллар китобингиз тўлиб бораётганини эсланг.

«У Кунда киши ўз қўли тақдим қилган нарсага назар соладир» (Набаъ сураси, 40-оят).

  1. Маъсиятлардан тавба қилганлар билан суҳбатда бўлинг. Улар гуноҳлардан қандай халос бўлиш сирлари билан ўртоқлашадилар. Чунки бундайлар шу гуноҳларни сиздан олдин қилиб кўришган ва унинг натижасини яхши билишади. Улар билан суҳбатда бўлсангиз, гуноҳлар йўли – ғам-ғусса, сиқилиш ва бахтсизлик йўли эканини айтишади ҳамда сиздаги бўшлиқни тўлдиришади. Қисқаси, «қайси иш дин ва дунё учун фойдали эканининг» хабарини беришади. Албатта, бўшлиқни мубоҳ ишлар билан тўлдириш лозим. Китоб ўқиш, спорт ва бошқа шу каби машғулотлар шулар жумласидандир. Чунки бўшлиқни шайтон гуноҳлар ва шаҳватлар билан тўлдиришга васваса қилади. Шунинг учун бўш вақтни фойдали нарсалар билан ўтказишга уриниш даркор.
  2. Ўринбосар топиш. Масалан, ҳар хил мусиқаларни эшитиш ўрнига ибодатга ва гуноҳлардан четланишга ёрдам берадиган нашидлар тинглаш. Бекорга вақт ўтказиш учун сайр қилмасдан сайр чоғида зикр билан банд бўлиш. Шунчаки саёҳатга бормасдан ибрат оладиган, маънавий озуқа бўладиган юртларга саёҳатга бориш.
  3. Яхши билан ёмонни ажрата оладиган, ҳаёт йўлини мунаввар қиладиган илм олиш. Шайтон васвасаларидан сизни тўсадиган, Аллоҳнинг олдидаги мартабангиз юқори бўлишига олиб борадиган ва шаҳватлардан четланишга сабаб бўладиган илмни талаб қилинг.
  4. Оила даврасида гуноҳларни камайтиришда мусобақалашиш. Бу нарса оила аъзоларига гуноҳларни тарк қилиш ва хонадонни фасоддан тозалашга ёрдам беради.
  5. Ота-она ёки фарзандлар билан алоқаларни тиклаш. Меҳр-муҳаббат ва ўзаро бир-бирини тушунишни тиклаш ҳам гуноҳлардан четланишга катта ёрдам беради. Чунки ноқулай муҳит оиланинг парчаланиб кетишига, ундаги тотувликнинг йўқолишига сабаб бўлади.
  6. Ҳашаматлардан четланиш. Чунки исроф, ортиқча харажатлар ва дабдаба шайтондандир.
  7. Гуноҳларни тарк қилишнинг фойдалари ҳақида мулоҳаза қилиш. Гуноҳларни тарк қилган одам қалби кенгайганини ҳис этади, руҳи енгиллашганини сезади, нафси тинчланади ва Аллоҳга бўлган муҳаббати кучайиб, жаннатга эришади, иншааллоҳ.
  8. Гуноҳларидан тавба қилмасдан вафот этганлар ҳақида эслаш. Ҳа, гуноҳларидан тавба қилишга улгурмай, Аллоҳ жонларини олган инсонлар ҳақида ўйлаб, тафаккур қилиб кўрайлик. У бундай ишларни қилиб юрарди, энди нима бўлади? Бу намозларини тарк қиларди, энди унга нима бўлади? Ҳозир у қабрда қандай жавоб беряптикан?
  9. Жаҳаннам аҳлидан эканингизни хаёл қилиб кўринг.

«Юзлари ўт-олов ичида айлантирилаётган Кунда улар: «Эҳ, қани эди, Аллоҳга итоат қилган бўлсак, Расулига итоат қилган бўлсак», дерлар» (Аҳзоб сураси, 66-оят).

Субҳаналлоҳ! Борар жойимиз қаерда? Дўзахда... Оловда куймоқда... Юзларимиз қаерда? Оловда... Ҳа, бу юзлар ҳаромга назар солгандир... Ҳа, бу жасад Аллоҳга эмас, маъсиятларга яқинлашгандир... 

  1. Аъзоларимиз неъматлигини ўйлайлик. Эшитиш, кўриш, юриш ва ушлаш аъзолари бизлардан олиб қўйилса, нима қилардик? Бу аъзоларнинг қадри қанчалик улуғлигини бир ўйлаб кўрайлик. Шу неъматларнинг қадрига қандай шукр қиляпмиз?!
  2. Нима учун яратилганимизни бир ўйлаб кўринг. Бандалар Аллоҳга ибодат қилиш учун яратилганлар!

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

Сиз билан биз ўйин-кулги учун яратилмаганмиз. Балки холис Аллоҳга ибодат қилиш учун дунёга келганмиз. Сиз шу фикрдамисиз? Ёки бошқа нарса учун яратилганман, деб ўйлайсизми?

  1. Аллоҳга холис бўлиш. Билингки, чин қалбдан гуноҳларни тарк қилишни хоҳлаб сўрасангиз, албатта, Аллоҳ қалбингизни кенг қилиб, сизга тавба эшикларини очиб қўяди.
  2. Ота-онанинг дуосини олиш. Маъсиятлардан тийилиш учун ота-онанинг дуосини олинг. Чунки ота-онанинг дуоси мустажобдир.
  3. Билингки, албатта, шайтон сизни тойдиришни хоҳлайди. Шунинг учун қўлингиздан келганича гуноҳни қилмасликка ҳаракат қилинг.

«У ўз гуруҳини фақат ловуллаган олов соҳиблари бўлишларига чақиради, холос» (Фотир сураси, 6-оят).

Шайтоннинг шу ҳийлаларини доим ёдда тутинг ва Аллоҳдан унинг ёмонлигидан паноҳ сўранг.

«Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (Аъроф сураси, 200-оят).

  1. Кичик гуноҳлардан четланиш. Кичик гуноҳлар, макруҳлардан четланинг. Чунки кимки кичик гуноҳларни тарк қилмас экан, катта гуноҳларни қилиш ҳам унга осон бўлиб қолади.
  2. Гуноҳ қилиб юрган вақтингизни эслатадиган нарсаларни тарк қилинг. Расмлар, журналлар, дисклар, мусиқа, кино ва шу кабиларни. Ҳидоят ўз-ўзидан келиб қолмайди. Балки унга етишиш ва унинг қалбда собит қолишига ҳаракат қилиш керак. Қуйидаги ҳадиси қудсийга диққат қилинг.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилиб айтдилар:

“...Эй бандаларим! Мен ҳидоят қилгандан бошқа барчангиз залолатдасиз. Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизни ҳидоят қилурман...”

  1. Синовга учраш аниқдир. Лекин гуноҳларни тарк қилишга ҳаракатда бўлиш лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Албатта, Аллоҳ таоло қачон бир қавмни яхши кўрса, бало ила синаб кўради».

  1. Дин йўлида умрини сарф қилган уламолар суҳбатида бўлиш. Улар билан суҳбатда бўлсангиз, илмнинг нурини, дин йўлида қилган заҳматларини, ҳайбатларини ва амалларидаги ихлосни кўрасиз.
  2. Аллоҳнинг қудратини ҳис қилиш. Уламолардан баъзилари айтишича, Аллоҳ гуноҳнинг катта-кичиклигига қарамайди. Балки унинг исёнининг катта-кичиклигига қарайди. Агар гуноҳ қилмоқчи бўлсангиз, ўзингизга-ўзингиз: “Кимга исён қилаётганингни биласанми?” деб айтинг.

Албатта, Аллоҳ Унга ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса махфий қолмайдиган Зотдир... Албатта, осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир...

«Сабрнинг фазлини билиш. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилувчилар учун хайрлидир» (Наҳл сураси, 126-оят).

Фаришталар жаннат эшигида туриб, сабр қилганларга қарата: «Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин!» (дейди) (Раъд сураси, 24-оят.)

  1. Аллоҳда яхши гумонда бўлиш ва Унга ишониш. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодир Зотдир. У сенга маъсият ва гуноҳларинг катта ёки оғир бўлмасин, уларни тарк қилишингда ёрдам беради.

Барчамизга Аллоҳни рози қиладиган амалларни бажаришимизда Унинг Ўзи кўмакдош бўлсин! Омин!

Назокат Касимова

Мавзуга оид мақолалар
Опамнинг қайноталари Абдумусо қуда бувамиз 2015 йили аёллари билан бирга умра ибодатини адо этиб келишди. давоми...

19:00 / 06.12.2019 4947
Бугун тонгда юртимиздан муборак Ҳаж сафарига отланган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳлари Саудия давоми...

12:06 / 25.12.2018 5664
Онамнинг айтишларича, болалигимда ҳам худди ҳозиргидек қизиқувчан, кўп савол берадиган, бир нарсани давоми...

19:18 / 23.02.2019 3469
quotБатаҳқиқ, сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр давоми...

21:32 / 07.10.2023 1337