Иймонингни ёқма, синглим!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирида шундай дейилади:

 “Ҳасад (ҳавас) икки нарсада бўлади: биринчиси – Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё бериб, унга эгалик қилиш ҳуқуқини ҳам беради ва у киши бу мол-дунёни ҳақ йўлларга сарфлайди; иккинчиси – бир кишигаки Аллоҳ таоло илму ҳикмат беради, у бу билимнинг ҳаққини адо қилади, уни одамларга ўргатади”.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бугунги кунимизда, менинг назаримда, бу сўзлар ҳар доимгидан-да долзарб. Чунки, фикримча, опа-сингилларимиз ҳаётда ҳасад туйғуси билан энг кўп тўқнашадилар.

Ҳозир кишининг ҳасадгўйлиги ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди, у жамиятимиз учун қайсидир маънода одатий ҳолга айланиб ҳам қолди. Бироқ бу ёмон хислатнинг келиб чиқиш илдизига қарасак, уни илк инсон – Одам алайҳиссалом яратилган пайтдан бери борлигини кўрамиз. Маълумки, Иблиснинг Аллоҳ таолога осий бўлишига айнан ҳасад сабабчи бўлган. Натижада бу иллат туфайли у жаннатдан қувилди ва абадий лаънатга учради.

Ер юзидаги илк қотиллик ҳам ҳасад туфайли содир бўлди. Анбиёлар тарихи борасидаги ривоятлардан биламизки, Одам алайҳиссаломнинг Қобил исмли ўғли укаси Ҳобилни ёқтирмаган. Сабаби Аллоҳ таоло Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилиб, Қобилникини қабул қилмаган. Натижада ҳасад Қобилнинг қотиллик қилишига сабаб бўлди.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам салбий оқибатларини билиб, бизни бу қалб хасталигидан огоҳ этганлар.

Ҳасад нимаси билан хавфли? Нима учун ундан эҳтиёт бўлиш лозим? Ҳозир шуни билиб олишга ҳаракат қиламиз.

 

Ҳасад солиҳ амалларни бекор қилади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирида шундай дейилади:

«Ҳасаддан сақланинглар! Чунки олов ўтинни ёндириб тугатгани каби ҳасад ҳасанот (яхши амаллар)ни еб тугатади».

Абу Довуд ривояти.

Қаранг, ҳасад инсоннинг яхши амалларини ҳам ювиб юборар экан. Банда бор имкониятларини ишга солиб, бошқа кишига ёрдам берса-ю, ортидан у ҳақида бирор ёмон сўз айтиб қўйса, қилган яхши амалига оладиган ажрдан бутунлай маҳрум бўлади.

Бундай вазиятни қариндошлар орасида кўп кузатиш мумкин. Кимгадир ёрдам қўлини чўзаркан, инсон ўзини унинг ишларини муҳокама қилишга, унинг айбини гапиришга ҳақдор ҳисоблаб қолади. Бу эса динимизнинг таълимотларига зиддир, бундай одат иймонимиз сустлигидан дарак беради.

Шунингдек, ҳасадгўй инсонларнинг дуолари қабул қилинмаслиги ҳам мумкин экан. Машҳур «Минҳожул-обидийн» китобида катта олим Хотам Асомнинг қуйидаги сўзлари келтирилади:

«Инсонларга яхшилик тиламайдиган киши тақводор бўлмайди. Инсонларга таъна қиладиган киши солиҳ бўлмайди. Кишиларнинг орқасидан ғийбат қиладиган киши ишончли бўлмайди. Ҳасадгўй кишига ёрдам берилмайди».

Салафлардан Абу Лайс Самарқандий айтади: «Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди: ҳаром ризқ истеъмол қилувчи, кўп ғийбат қилувчи, қалбида мусулмонларга адовати ва ҳасади бўлган кишилар».

Шундай кичик кўринган нуқсон бизни шунча нарсадан маҳрум қилар экан. Охиратни қўйинг, бу дунёнинг ўзида ҳам ҳасадгўй инсон бахтиёр бўла олмайди.

Ҳасад хотиржам яшашга қўймайди

Ҳасад инсон қалбида кучли безовталик келтириб чиқаради ва кишини тушкунлик сари олиб боради. Ҳар кимга ҳасад қилиш мумкин: ишдаги ҳамкасбга, Аллоҳ сиздан кўра кўпроқ ҳусн берган дугоналарга, уйи сизникидан чиройлироқ қўшнига ва ҳоказо. Атрофимизда биздан кўра нимасидир билан афзал бўлган инсонлар кўп. Бугунги ахборот даврида эса бу янада яққолроқ намоён бўлади. Ижтимоий тармоқлар бахтли ва фаровон ҳаётни акс эттирган суратлар билан тўлган. Яъни, бугунги кунда ҳасад қилиш осон.

Имом Абу Лайс Самарқандий айтади: “Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад кишига бешта азоб олиб келади. Бу бешта азоб ҳасад қилинган кишига етмай, ҳасад қилувчи кишига етади:

  1. Ғам узилмайди. 
  2. Мусибат етади, унга ажр келмайди. 
  3. Ёмонликни олиб келади. У билан мақтанилмайди. 
  4. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади. 
  5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади”.

Ҳасад инсонни гуноҳга олиб боради

Ҳасад кўпинча катта гуноҳлар ва оғир қилмишларга сабаб бўлади. Буни инсоният тарихидан ҳам кўришимиз мумкин. Қанчалаб қотилликлар, хиёнатлар, ҳатто давлат миқёсидаги хатолар айнан ҳасад туфайли содир бўлган.

Бугун инсонларнинг ҳатто гуноҳ одатлар учун қарз олаётгани ҳасад бўлмай, нима?! «Бошқалардан кам бўлмаслик» учун ҳамма нарсага тайёр бўлиш-чи?! Бу ҳақиқий мусибатдир. Ўзгаларнинг юриш-туришига мафтун бўлиб, кимлар биландир тенг бўлишга уринган пайтимизда уни ўзимиз пайдо қиламиз. Бу йўлда шариат доирасидан чиқиб кетишимиз бизни заррача ташвишлантирмайди.

Ислом инсонни сабр қилишга, Аллоҳ таоло унга ажратган улушига қаноат этишга ўргатади. Зеро, У бизга нима яхши, нима ёмонлигини яхшироқ билувчидир. Шунинг учун ҳам атрофдагиларга ўз қудратимизни намоён этиш учун кимларгадир тақлид қилишимиз кулгили.

Ҳасаддан қандай ҳимояланамиз?

Агар ўзингизда хаёлан кимдир бирон нимадан маҳрум бўлиши ёки кимдир ниманидир уддалай олмаслиги истаги пайдо бўлганини сезсангиз, дарҳол тавба қилинг.

Сўнгра ўйлаб кўринг: “Унинг маҳрум бўлиши менга нима беради?” Тўппа-тўғри, ҳеч нарса! Бизнинг асосий хатомиз шундаки, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниш, Унинг қазосини қабул қилиш бизда қийинчилик туғдиради. Зотан, инсоннинг бу ҳаётдаги улуши ва тақдири у туғилмасиданоқ битиб қўйилган. Аллоҳ таоло бизга нимани ато қилишни-ю, нимадан маҳрум этишни яхшироқ билади. Мана шу ҳақиқатни англаб олиш бизни қалб азиятлари ва салбий ўйлардан қутқаради. Шундай экан, биз бор кучимиз билан қалбимизда атрофимиздагиларга хайрихоҳ бўлиш, яхшиликни исташ ҳиссини сақлаб қолишга уринишимиз, имкон қадар ҳаётимиздаги ҳар бир инсонни душман эмас, дўстга айлантиришга ҳаракат қилишимиз даркор.

Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш йўлида иймонимизни мустаҳкам қилсин.

 Альфия Синай мақоласи асосида тайёрланди.

Мавзуга оид мақолалар
Умуман нақд пулдан қандоқ қилиб pакот чиқарилади Шартлари қандай Нақд пулдан pакот чиқариш фарз бўлиши учун давоми...

15:34 / 07.10.2016 3796
Маҳражнинг луғавий маъноси, бир нарсанинг чиқиш жойидир. Истилоҳда эса ҳарфнинг чиқиш ва бошқасидан давоми...

06:39 / 23.11.2016 9749
Пайғамбар оиласи Мадинаи мунаввара ва Пайғамбар оиласи Масжиди Набавиййага ёндош қурилган Пайғамбар давоми...

11:12 / 11.12.2016 4646
Улар Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт. Ва давоми...

10:03 / 03.02.2019 3264