Таяммум боби. V фиқҳ дарси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Таҳорат ва ғусл (тоҳир мутоҳҳир)асли пок ва покловчи сувда қилинади. Агар бундай сифатга эга сув топилмаса ёки беморлик ва шунга ўхшаш сабабларга кўра сув ишлатишдан ожиз бўлса, у ҳолда нима қилинади?

 Аллоҳ таоло бу ҳолатда машаққатни кўтариш учун таҳорат ва ғуслнинг ўрнига таяммумни жорий қилган. Агар таяммум бўлмаганида намоз ва бошқа улуғ ибодатлардан маҳрум бўлган бўлар эдик.

Аллоҳ таоло Моида сурасида: «Сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас. Аммо сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки, шукр қилсангизлар», деб марҳамат қилган.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса билан одамлардан афзал қилиндик: сафларимиз фаришталарнинг сафи каби қилинди; ернинг ҳамма жойи биз учун саждагоҳ, тупроғи эса сув топа олмаганимизда биз учун покловчи қилиб берилди«деганлар. (Муслим ривоят қилган).

 Таяммумнинг таърифи

«Таяммум» сўзи луғатда «қасд қилиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса:

«Юз ва икки қўлга покловчи тупроқни суртиш таяммумдир».

Таяммумнинг икки рукни бўлиб, улар:

1-Юзга масҳ тортиш.

2-Икки қўлга чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортиш.

Аъзоларга кетма-кет масҳ тортиш, таяммумнинг шартидир.

 ТАЯММУМНИНГ ТАРЗИ ВА СУННАТЛАРИ

 Бетаҳорат киши (ҳоҳ катта ҳоҳ кичик бетаҳорат бўлсин) бирор узр сабабли таяммум қилишга мажбур бўлса, у покланиш ва намоз адо этишни ният қилиб, қуйидаги суннат ва одобларга риоя қилган ҳолда таяммум қилади:

1-Таяммум бошида, тасмия(бисмиллаҳ)айтади.

2-Сўнгра икки қўлини тупроққа уради ёки қўяди.

3-Қўлларини тупроққа қўйганида бармоқлари орасини очади.

4-Тупроқга қўлини олд ва орқасини текказади.

5-Кейин тупроқ тушиши учун қўлини қоқади.

*Икки қўли билан юзига масҳ тортади.

*Сўнгра ҳудди биринчи сафардагидек қўлларини яна тупроқга қўяди.

*Кейин икки қўлига чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади.

6-Тартиб. Аввал юзга кейин қўлларга масҳ тортади.

7-Кетма-кетлик. Юз ва қўлга масҳ тортиш орасини бошқа иш билан бўлмайди.

8-Ўнг томондан бошлаш. Аввал ўнг кейин чап қўлга масҳ тортади.

Қўлга масҳ тортиш кайфийяти: 

 Жамики чап кафти билан ўнг қўлига чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади, кейин жамики ўнг кафти билан чап қўлига чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади. Қўлида узук бўлса ечади, бармоқлари орасини таҳлил қилади. Шундан сўнг таяммуми комил бўлади. Таяммуми бузилмагунича, ҳоҳлаганича фарз ва нафл намозларни ўқиса бўлади.

 Таяммумнинг тўғри бўлиш шартлари

 Таяммумнинг тўққизта шарти бўлиб, улардан иккитаси таяммум қилишдан олдин, тўрттаси таяммумнинг кайфияти шартлари, иккитаси таяммум қилинадиган  нарсанинг шартларидир.

Таяммум қилишдан олдинги шартлар иккита бўлиб, улар қуйидагилар:

Биринчи шарт: Таямум қилишни мубоҳ қиладиган узурлардан бирининг  мавжудлиги (сувдан узоқда бўлиш ёки уни ишлатишдан ожиз бўлиш кабилар).

Таяммум қилишни мубоҳ қиладиган узрларга мисоллар

1-Сувдан бир мил ва ундан узоқда бўлиш, бордию сув яқин масофада бўлса, намоз вақти чиқишидан қўрқса ҳам таяммум қилиш жоиз бўлмайди.

2-Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, беморлиги зиёда бўлиши, тузалиши кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз. Бунда билимдон мусулмон табибнинг кўрсатмасига эътибор қилинади.

3-Қаттиқ совуқ ёки шунга ўхшаш сабабларга кўра ҳалокатдан хафсираса, сув иситишнинг имконини топмаса, таяммум қилиш жоиз бўлади.

4-Чанқоқ хавфи. Агар ўзида бор сувга таҳоарт ёки ғусл қилса, кейинчалик ўзи ёки шериклари чанқоққа қолиш хавфи бўлса ҳам, таяммум қилиш жоиз.

5-Сув олишга борганда душман унга зарар етказиши хавфи бўлса, бунда душманнинг инсон, илонга ўхшаш зарарли ҳайвон, олов ва унга ўхаш нарсалар бўлишилигининг фарқи йўқ.

6-Қудуқдан сув чиқаришга (арқон ва пақир) асбоб бўлмаса.

7-Жаноза ва ийд намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи бўлса.

*Жума ёки фарз намозларнинг ўтиб кетиши хавфи бўлса, таяммум қилинмайди. Бу намозларни вақти чиқса ҳам таҳорат қилиб ўқийди. Жума намозига улгурмаса пешин намозини ўқийди.

Иккинчи шарт: Сувни қидириш. Агар биров шаҳар ичида бўлса, сувни узоқ ёки яқин деб гумон қилишидан қатъий назар, уни қидириши вожиб бўлади. Бордию сафарда бўлса, сувни бир милгача масофада топа оламан деб гумон қилса қидириши вожиб бўлади. Сувни бир милдан узоқ масофада деб ўйласа, уни қидириши мандуб ҳисобланади.

Таяммумнинг кайфийяти шартлари:

Учинчи шарт: Ният қилиш. Таяммумнинг нияти тўғри бўлиши учун бетаҳоратликдан покланиши, намоз ўқишни ўзига мубоҳ қилишни исташ ва таҳоратсиз адо этиб бўлмайдиган намоз, тиловат саждаси, жаноза намози каби аниқ бир ибодатни ният қилиш лозим. Зикр қилинган нарсалардан бирини ният қилиб таяммум қилса, намоз ўқиш ҳамда таҳорат ва ғусл билан жоиз бўладиган барча нарсаларни қилиш мумкин бўлади.

Тўртинчи шарт: Қўлни таяммум учун икки марта пок тупроққа уриш. Урушдан мурод қўлни тупроққа қўйиш бўлиб, биринчисида юзига, иккинчисида икки қўлига масҳ тортади.

Бешинчи шарт: Масҳни қўлнинг ҳаммаси ёки кўп қисми ила қилиш. Агар икки бармоқ билан масҳ қилинса, таяммум тўғри бўлмайди.

Олтинчи шарт: Бир тук миқдорича жойни ҳам қолдирмай юзга ва икки қўлга чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортиш. Бармоқлар орасини таҳлил қилиш ва узукни ечиш ёки қимирлатиш шарт. Шунингдек шам ва унга ўхшаш терини масҳдан тўсадиган нарсаларни кетказиш лозим.

Таяммумнинг қолган шартлари:

Еттинчи шарт: Таяммумни тупроқ ёки ер жинсидан бўлган лой, силлиқ тош, қум ва шуларга ўхшаш нарсаларда қилиш. Ўтин, тилла ва бошқа маъданлар, шиша ва дурда таяммум қилса бўлмайди, чунки булар Ер жинсидан ҳисобланмайди.

Саккизинчи шарт: пок нарсада таяммум қилиш, нажас тупроқда таяммум қилса бўлмайди.

Тўққизинчи шарт: Ҳайз, нифос ва бетаҳоартлик каби монеларинг бўлмаслиги. Ҳайз ёки нифос ҳолатида таяммум қилса бўлмайди.

 ТАЯММУМНИ БУЗАДИГАН НАРСАЛАР

 1-Таҳоартни синдирадиган нарсаларнинг барчаси таяммумни ҳам синдиради. Чунки таяммум таҳоартнинг ўринбосари ҳисобланади.

2-Таяммум қилишга сабаб бўлган омилнинг завол бўлиши. Кимдир сув топа олмаганлиги учун таяммум қилган бўлса, сўнгра покланишига етарли миқдорда сув топса, таяммуми бузилади. Шунингдек кассалик, душман хавфи ва шуларга ўхшаш узрлар туфайли таяммум қилган одамнинг узри йўқолганда, таяммуми ботил бўлади.

 ТАЯММУМ ҲУСУСИДА ТУРЛИ МАСАЛАЛАР

 *Битта таяммум билан ҳоҳлаганича фарз ва нафл намозларни ўқиш жоиз.

*Узрли киши ҳукмида бўлмаса, намозга вақти киришидан илгари ҳам таяммум қилса бўлади.

*Таяммум билан намоз ўқигандан кейин, намоз вақти чиқмасидан  сув топса ёки узри йўқолса, намозни қайта ўқимайди.

*Намознинг илк вақти кирганида сув топа олмаса, кутадими ёки таяммум қилиб намозни адо қиладими?

 Таяммум қилиб намозни ўқиш ҳам ёки оҳирги вақтига қадар кечиктириш ҳам жоиз. Сув топишдан умиди бор киши учун намозни охирги вақтида ўқиши мандуб ҳисобланади, агар сув топишдан умиди бўлмаса намозни мустаҳаб вақтда ўқийди.(мустаҳаб вақтларни намоз бобида батафсил баён қиламиз)

*Агарда бирор ким сув келтиришни ваъда қилган бўлса, таяммумни ортга суриши вожиб бўлади.

*Шеригида эҳтиёжидан кўп суви борлигини билиб, ундан сўраса беради деб гумон қилса, сўраши вожиб бўлади. Аммо бермайди деб ўйласа сўраши вожиб бўлмайди.

*Сувни муносиб баҳода сотадиган киши бўлса ва унда эҳтиёжи ва нафақасидан ортиқ моли бўлса, сувни сотиб олиши вожиб бўлади. Бордию сувни жуда қиммат нархда сотадаган бўлса ёки эҳтиёжи ва нафақасидан ортиқ моли бўлмаса, сотиб олиши вожиб бўлмайди.

*Мусофир киши суви борлигини унутиб, таяммум қилса, сўнг намоз ўқиётганида суви борлиги ёдига тушиб қолса, намози ботил бўлади. Бордию намозни ўқиб бўлгандан кейин ёки намоз вақти чиқганидан кейин ёдига тушиб қолса у ҳолда қаралади: агар суви одатда эсдан чиқадиган жойда масалан: ўриндиғининг тагида бўлса, намозини қайта ўқимайди, бордию одатда эсдан чиқмайдиган жойда масалан ёнидаги ўриндиғнинг устида бўлса, намози дуруст бўлмайди.

*Сув тугаган деб ўйлаб, таяммум қилиб намоз ўқиса, кейин сув борлиги ёдига тушса, намозини қайта ўқийди.

*Агар поезд сув бор жойдан тўхтамасдан ўтса, таяммум бузилмайди.

Сув ва тупроқ ишлатишдан ожиз бўлган киши намозхонга ўхшаб рукуъ ва сажда қилади, намозни қолган рукнларини ҳам бажаради, лекин ният ва қироат қилмайди. Сув ёки тупроққа қодир бўлганида намозни қайта ўқийди. Таҳорат қилиш учун сув, таяммум қилиш учун тупроқ ёки бошқа ер жинсларини топа олмаган кишининг (баъзида самалётда шундай холатларга дуч келинади) ҳукми ҳам шундай бўлади.

*Агар аъзоларининг аксарияти ёки ярми жароҳатланган бўлса, таяммум қилади (аъзонинг кўплиги таҳоратда сон жиҳатидан, ғуслда эса масофа жиҳатидан олинади). Агар икки қўлида ёки юзида жароҳат бўлиб, уларни ювишга қодир бўлмаса таяммум қилади. (Бу Имом Муҳаммаддан ривоят қилинган).

*Бордию аъзоларининг аксари соғлом бўлса, соғлом аъзаоларини ювади, жароҳатланган аъзоларига эса масҳ тортади.

ДАРСЛИККА ОИД САВОЛЛАР

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

1-Таҳорат ёки ғусл қилишга сув топа олмаган кишига Аллоҳ таъоло нимани жорий қилган?

2-Таяммумнинг шаръий ва луғавий маъноларини айтинг?

3-Таяммумнинг тўғри бўлиш шартларини санаб беринг?

4-Таяммумнинг кайфийятини баён қилинг?

5-Таяммумни бузадиган нарсалар нима?

Қавс ичидаги жавоблардан тўғрисини танланг:

*Таяммумда ният қилиш шарт. Чунки таяммумнинг луғавий маъноси:

(поклик - қасд қилиш - тупроқ).

*Таяммум қилишни мубоҳ қиладиган сабаблардан бири:

(сувнинг бир мил узоқда бўлиши - об ҳавонинг совуқ бўлиши - фарз намозни жамоат билан адо қилишни ўтиб кетиши хавфи бўлиши).

*Қуйидаги ҳолатлардан қай бирида таяммум қилиш жоиз?

(касаллик хавфи бўлса - қаттиқ совуқ туфайли ҳалокатдан ёки беморликдан қўрқса - кўп суви бўла туриб, чанқоқдан ҳавфсираса - бир к.м узоқликда сув бўлиб йўлда йиртқич ҳайвон бўлса – бир к.м узоқликда сув бўлса ҳамда у юришга қодир бўла туриб унга боришга улов ҳоҳлса, аммо улов бўлмаса – бир ярим к.м. узоқликдаги масофада сув бўлса).

*Таяммумнинг шартларидан:

(таяммум қилишни мубоҳ қиладиган шартларнинг мавжудлиги – жамики юзга масҳ тортиш – тасмия (бисмиллаҳ) айтиш).

*Таяммумнинг рукнларидан:

(таяммум қилишни мубоҳ қиладиган шартларнинг мавжудлиги – жамики юзга масҳ тортиш – тасмия (бисмиллаҳ) айтиш).

*Таяммумнинг суннатларидан:

(таяммум қилишни мубоҳ қиладиган шартларнинг мавжудлиги – жамики юзга масҳ тортиш – тасмия (бисмиллаҳ) айтиш).

*Силлиқ тош билан таяммум қилиш:

(агар тошда чанг бўлса жоиз – жоиз эмас – жоиз, лекин тупроқда қилиш афзал).

Қуйидаги ибораларни тўғри ёки нотўғрилигини аниқланг, хато жумлаларни тўғирланг:

*Покликни ёки ҳадасни кетказишни ният қилсагина таяммум дуруст бўлади.   (           )

*Тупроқ нажосатланса унда таяммум қилиш ножоиз, агар у қуруш билан покланса, унда таяммум қилиш жоиз бўлади.   (          )

*Агар биров шаҳар ичида бўлса, сув бир мил масофадан узоқ бўлса ҳам, уни қидириши вожиб бўлади.   (           )

*Агар биров саҳрода бўлса, сув бир мил масофадан узоқ бўлса ҳам, уни қидириши вожиб бўлади.   (           )

*Таяммумда жамики юз ва икки қўлга чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортиш шарт қилинади. Узукни ечиб, бармоқларни таҳлил қилиш ҳам лозим.   (              )

*Масҳни қўлнинг ҳаммаси ёки кўп қисми билан қилиш таяммумнинг шартларидан ҳисобланади. Агар икки бармоқ билан масҳ қилинса, таяммум тўғри бўлмайди.   (          )

*Битта таяммум билан ҳоҳлаганича фарз ва нафл намозларни ўқиш жоиздир.   (           )

*Таяммум билан намоз ўқигандан кейин, намоз вақти чиқмасидан  сув топса ёки узри йўқолса, намозни қайта ўқийди.   (          )

*Агар сув топа олмаса таяммум қилиб, намозни кечиктирмадан мустаҳаб вақтда ўқийди.

*Узрли киши ҳукмида бўлмаса, намозга вақти киришидан илгари ҳам таяммум қилса бўлади.   (        )

*Шеригида эҳтиёжидан кўп суви борлигини билсаю, сўрасам бермайди деб гумон қилса, ундан сув сўраши вожиб бўлади.   (       )

*Сувни жуда қиммат нархда сотадаган киши бўлса, унга сув сотиб олиш вожиб бўлмайди.   (         )

*Мусофир киши суви борлигини унутиб таяммум қилиб намоз ўқиса, сўнгра намозида ёдига тушса, намозини тугатгач таҳоарат қилади.    (            )

Қуйидаги жумлалардаги бўш ўринларни тўғри иборалар билан тўлдиринг:

*«Сув ....................................................................................................................................................................................................тортинглар». (оят)

*Таяммум билан намоз ўқиш уч нарсадан бирини ният қилишлик билан дуруст бўлади, улар:.................ёки.......................

Иккинчиси:..........................ва учинчиси:............................................

*Ер жинсидан бўлган нарсаларда таяммум қилиш шарт, буларга мисол:.................ва................ва.............ва..........

*Ўтин ёки ............ёки ................ билан таяммум қилса, таяммуми дуруст бўлмайи.


 

[embed]https://www.youtube.com/watch?v=lYm0OZFtr_Q&feature=youtu.be[/embed]

 

Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж ёки бошқа сабаб билансочини қирдиришдан қайтариш24. . .24. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

00:06 / 17.12.2022 2095
httpsyoutu.beeaxcxXVOsMY

15:27 / 02.10.2018 3425
Аёл кишининг эрига боласихусусида ёрдам бериши ҳақида19. . . , . . , . . ,. . . ,. .19. давоми...

11:37 / 10.12.2022 2805
ТАҲОРАТ БОБИ Таҳоратнинг луғавий маъноси Таҳорат сўзи луғатда .гўзаллик, ва .тозалик, деган маъноларни давоми...

10:14 / 09.08.2018 4431