Келинг, бир йил рўза тутамиз!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойи рўзасидан кейин Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишлик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизларга қолдирган, тавсия қилган суннатларидир.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Рамазон рўзасини тутса-ю, кейин унга Шаввол ойидан яна олти кунни қўшса, худди бир умр рўза тутгандек бўлади» (Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда «...йил бўйи рўза тутгандек бўлади», деб ривоят қилинган.

Шаввол ойининг олти кунлик рўзаси савобидан умид қилган одам, аввало, Рамазон ойи рўзасини тўлиқ тутган бўлмоғи керак. Маълумки, барчамиз инсонмиз, нуқсонлардан холи эмасмиз. Рамазон рўзасини тутиш мобайнида баъзи камчиликлар, нуқсонлар содир қилган бўлишимиз мумкин. Қиёмат кунида бандаларнинг нафл амаллари уларнинг фарз амалларидаги нуқсонларни тўлдириш учун хизмат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Инсонларга қиёмат кунида энг биринчи ҳисоб-китоб учун олиб келинадиган нарса уларнинг намозлари масаласи бўлади. Роббимиз азза ва жалла Ўзи яхши билса-да, фаришталарга қарата: «Бандамнинг намозига қаранглар, у тўла-тўкисми ёки ундай эмасми?» дейди.

Агар банданинг намозлари яхши бўлса, “Яхши”, деб ёзилади, агар унда камчиликлар бўлса, Аллоҳ: «Қаранглар-чи, бандам бирон-бир нафл ибодатлар  қилганми?» дейди. Агар у нафл ибодатларни бажарган бўлса, Аллоҳ: «Бандамнинг вожиб амалларини унинг нафл амалларидан олиб тўлдиринглар», деб (буюради). Кейин унинг барча амаллари шу тариқа ҳал этилади» (Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадисдан бизларга маълум бўлдики, Шаввол ойида тутган нафл рўзамиз Рамазон ойида тутган фарз рўзамиздаги камчиликларга каффорат бўлар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ ҳар бир яхшилик учун ўн баробар яхшилик тайинлади. Шундай қилиб, бир ой рўза тутишлик ўн ой рўза тутишдек, олти кун рўза тутишлик эса  олтмиш кун рўза тутишга тенг, ҳаммаси бир йилни ташкил этади» (Насоий, Ибн Можа ривояти).

Уламоларнинг фикрига кўра, Рамазондан кейин Шаввол ойининг олти кунлик нафл рўзасини кетма-кет тутиш афзал, аммо шарт эмас. Изоҳ шуки, бу нафл рўзани Шаввол ойи мобайнида тутишлик кифоя қилар экан. Шундай улуғ ажр қаршисида турибмиз, азиз опа-сингилларим, келинглар, бу ажрга ҳам эга бўлайлик! Дангасалик қилмайлик-да, охират роҳиласига ажр-савобларни юклайлик. Бу ажрлар қиёмат кунида ширин жонларимизга оро киради.

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим  Қалам билан илм ўргатган, инсонга билмаган нарсасини ўргатган Аллоҳ субҳанаҳу давоми...

12:03 / 31.01.2017 3778
Бир ҳаким зотдан Саодат нимаrdquo деб сўралганда Дунёдаги офият ва охиратдаги афвrdquo, деб жавоб берган давоми...

06:53 / 28.03.2020 6375
Солимдан, у отасидан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ухлаётган пайтингизда уйингизда давоми...

08:59 / 29.12.2016 2845