Ислом манбаларида ёшларни никоҳ қуришга чақириш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Никоҳ ҳақида Қуръони Каримда шундай келтирилган:

وَأَنْكِحُوا الأيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ (٣٢)

Ўз ораларингиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантиринглар. Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билувчи Зотдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларида никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган. Набий (с.а.в.): «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганлар.

Демак, никоҳга қодир бўлган ҳар бир мусулмон уй-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим экан. Қуйида келтириладиган ҳадис эса мўмин-мусулмонларни никоҳ ёшига етишлари ва унга қодир бўлишлари биланоқ оила қуришга чақирмоқда.

Уч кишилик гуруҳ Набий (с.а.в.) аёлларининг уйларига у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга хабар берилганида худди у (ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: «Биз қаёқда-ю, Набий (с.а.в.) қаёқдалар?! У зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар. Улардан бири: «Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: «Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири:  «Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг олдиларига келиб: «Шундай-шундай деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар.

Исломда никоҳ қуришга имкони бор бўлган инсонлар никоҳсиз юриши қораланган. Никоҳга қурби етмайдиган ёшларни никоҳлаб қўйиш эса хайрли ишлардан саналади. Бу борада 2017 йил Республикамизда юзлаб никоҳга қурби етмайдиган ёшларнинг оилали бўлишига кўмаклашилди ва уларнинг никоҳ тўйлари катта шодиёна қилиб ўтказиб берилди.

Аллоҳ таолонинг барча анбиёларини бирлаштириб турувчи суннатлардан яна бири никоҳдир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланмаганида Аллоҳ уни ҳамма пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга алоҳида аҳамият бериш лозимлигини билдиради.

Ҳанафий мазҳабининг энг йирик уламоларидан бўлган Ибн Обидин (р.а.) айтадилар: «Одам (а.с.)дан то қиёматгача ибодат қилиб белгиланган ҳамда охиратда жаннатда ҳам давом этадиган амал иккитадир: иймон ва никоҳ».

Ислом никоҳга чақириш билан бирга ундан бош тортишни ҳам қаттиқ қоралайди. Уйланмай ва турмуш қурмай юриш баъзи динларда роҳиблик саналади. Исломда эса бу каби роҳиблик йўқ, балки у кечиктириб бўлмайдиган уч ишдан бири ҳисобланади. Набий (с.а.в.) Али (р.а.)га «Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин: намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда», дедилар.

Намозни вақтида адо этиш, жаноза бўлганда уни тез кўмиш муҳим иш экани ҳаммага маълум. Шулар билан бирга никоҳни кечиктирмаслик лозимлиги ўша муҳим ва аҳамиятли икки иш билан ҳадисда айтилиши бу ишнинг аҳамияти аввалгиларидан қолишмаслигини билдиради.

Исломда никоҳга бўлган аҳамият фақат унга тарғиб қилиш ва беникоҳликни қоралаш билангина чекланиб қолмаган, балки ишбошиларга – етакчи кучларга ўз жамиятларидаги эркак ва аёлларнинг никоҳда бўлишларини таъминлаш топширилган.

وَأَنْكِحُوا الأيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ (٣٢)

Ўз ораларингиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантиринглар. Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билувчи Зотдир.

Ояти каримада қул ва чўриларни никоҳлаб қўйиш ҳақида сўз кетаётгани алоҳида эътиборга сазовордир. Қул ва чўрилар одам ўрнида кўрилмай турган бир даврларда Қуръони Каримнинг уларни уйли-жойли қилиб қўйиш ҳақида мусулмонларга фармон бериши Ислом дини ҳар томонлама қул ва чўриларнинг ёнини олишга ҳаракат қилганини кўрсатади. Уларнинг эрки ўзларида бўлмаса ҳам, хожалари уларни уйлаб-жойлаб қўйишлари керак бўлади. Чунки инсон ким бўлишидан қатъий назар, вояга етганидан кейин ҳалол-пок никоҳ орқали иффатини сақлаб юрмаса, оёғи тойилиши, зинога қўл уриши эҳтимоли кучаяди. Бу жиноят эса уни содир этган кимса учун ҳам, у яшаб турган жамият учун ҳам мислсиз бало-офатларга сабаб бўлади.

Никоҳ масаласи ўта нозик масала бўлиб, бу ояти каримада камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслиги алоҳида таъкидланмоқда. Балоғатга етган ўғил-қизларни уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ота-онанинг бурчидир. Чунки эндигина вояга етган ёш йигит ва қизлар оила нималигини, уни қандай қуришни ҳам, бу ўта нозик ва муҳим ишни қандай қилиб амалга оширишни ҳам билмайдилар.

Хулоса қилиб айтганда, Исломда кишиларнинг никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал саналади. Аллоҳнинг бандаларига қилган амри ҳам шу: бу дунёда инсонлар оила қуриб, никоҳда яшасинлар, жинсий майлларини пок йўл билан қондирсинлар. Мусулмонлар ҳамиша мана шу кўрсатмага амал қилсалар, фаровон ва обод турмуш кечирадилар.

Аллоҳ инсон ҳаётини маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. Қолаверса, У Зот инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-харишдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатидан келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун ҳам шундай қилган. Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Инсон никоҳ боис ўзининг ижтимоий алоқаларида роҳат топади.

Никоҳ сабабли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қиладилар, мансабу мартабага эга бўладилар. Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлаш билан бирга, зино каби ҳаром ишдан ҳам ўзини сақлайди. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон ўз наслу насабининг поклигини ҳам сақлаб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан дунёга келганини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинар эди.

Никоҳ туфайли «оила» деб номланадиган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан дунёга келган ўғил-қизлар, набира-чеваралар бир-бирлари билан муқаддас робита орқали боғланиб яшайдилар. Улар орасидаги қариндошлик алоқалари алоҳида маъно ва мустаҳкамлик касб этади. Шундай йўл билан «оила» номли кичик бир жамият пайдо бўлади. Уларнинг бир-бирлари билан қўшилишлари натижасида эса катта ва мустаҳкам жамият юзага келади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф катта жамиятларни бино деб тасаввур қилса, оилани эса унинг ғишти деб ҳисоблайди. Ғиштлар бўлмаса, бино бўлмаганидек, оилалар бўлмаса, жамиятлар бўлмаслиги турган гап. Ана ўша ғиштлари чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса, иморат ҳам пишиқ бўлади.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Ҳанбаллар никоҳни ибодат, деганлар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг расули амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир», деганлар. Албатта, улар бу сўзларига далил ҳам келтирганлар. Зино хавфи аниқ бор бўлган вақтдаги никоҳ ҳатто ҳаждан ҳам олдинги ўринга қўйилади. Аллоҳ насиб этиб, оила қурган кишилар катта бахтга эришган зотлар ҳисобланадилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унга динининг ярмига ёрдам берибди. (Энди) иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин», дедилар. Оила Аллоҳнинг розилигини топиш, Набий (с.а.в.)нинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини зийнатлаш учун қурилади. Бу одоб-ахлоқлар оиладан ташқари бўлиши мумкин эмас. Мисол учун меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Аслида, оила олиймақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун асосий маскан эмасми? Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Набий (с.а.в.)нинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.

Оилавий ҳаётдан, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юкловчи гўзал бир ҳайъат деб қараш лозим. Эр-хотин ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, уммат учун, Ватан учун фойда келтиришга ҳаракат қилсагина, обод, фаровон турмуш тарзини яратишга ўз ҳиссасини қўшган бўлади. Эру хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши даркор. Никоҳ алоқаси руҳий отифа – кўнгил алоқасидир. Бу алоқа абадий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам у муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши лозим. Ҳар бир одам ана шу маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолдагина турмуш қурса, бу эл-юрт фаровонлигига қўшилган ҳисса бўларди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус Ислом билим юрти

4-курс талабаси Исмоилова Шохиста

 

Мавзуга оид мақолалар
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ Аллоҳ субҳанаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги давоми...

14:01 / 24.11.2016 5952
embedhttpswww.youtube.comwatchv7sPbYQ7z4Eampfeatureyoutu.beembed

11:03 / 19.05.2015 13796
Инсон зоти борки, дунёда бирон нарсага ихлос қўйиб яшайди. Ихлоссиз яшайдиган кишилар кам топилади. Бундай давоми...

19:14 / 01.12.2016 3321
Менда бир буғдой уруғи бор. Уни мен қутичада, иш жойимдаги сейфнинг ичида, муҳим ҳужжатларим билан бирга давоми...

21:00 / 12.08.2019 2456