Ҳомиладор ва эмизувчи аёлларнинг рўзаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ва у(рўза)ни қийналиб тутадиганларга бир мискин таомини бериш» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар, оғизларини очурлар ва таом берурлар».

Абу Довуд ва Бухорий тафсирда ривоят қилган.

Бухорийнинг лафзида: «Ибн Аббос: «Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирурлар», деди» дейилган.

Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода Аллоҳ таоло ўта қариб қолганлари туфайли рўза тутса, қийналиб қоладиган чол ва кампирларга рўза тутмасликка рухсат берган. Бу ҳақда «Бақара» сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар. Мазкур оятга кўра ўта қари чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом берсалар мумкин.

Баъзи бир кишилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам, ёшлари катталиги туфайли рўза тутсалар, қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана ўшандай кишилар ҳам рўза тутмасалар мумкин. Рўзанинг ўрнига фидя берадилар. Фидянинг луғавий маъноси, фидо қилиш бўлиб, шариатда маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш, фидя бериш, дейилади. Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг ибодатни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор.

Бу ривоятда қари чол ва кампирлар ҳукмига ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам қўшилиши, агар улар ўз ёш болалари соғлигига зарар етишидан қўрқсалар, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ва кейин фидя беришлари кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўзлари ва болаларига зарар етишидан қўрқсалар, рўзани очиб юборишларига рухсат бор. Бунга ҳамма бир овоздан иттифоқ қилган. Аммо мазкур тоифадаги аёллар «рўзанинг қазосини тутадими-йўқми?» деган масалада хилоф бор.

Ҳанафий мазҳабида, улар рўзанинг қазосини тутадилар , дейилган. Бу мазҳаб уламоларининг ўзларига яраша ҳужжат ва далиллари бор. Қари чол ва кампирларнинг фидя бериш билан кифояланишларига рухсат этилгани, уларнинг кейинчалик ҳам рўза тута олмасликлари эътиборидандир. Чунки улар борган сари қариб, заифлашиб бораверадилар. Уларнинг қайтиб ёшариб, рўза тутишларидан умид йўқ. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар эса вақтинчалик беморга ўхшайдилар.

Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бир йилда бир келадиган рўзани қазо қилиб тутиш осондир. Бу ривоятдаги маъно эса ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шахсий фикрлари бўлиб, ояти каримани тафсир эта туриб айтган бўлишлари мумкин. Худди Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзларидан қилинган бошқа бир ривоятда, бу ояти кариманинг тафсирида ҳомиладор ва эмизикли аёл зикр қилинмагани ҳам шуни кўрсатади. Келинг, ўша ривоятни ҳам ўрганайлик.

Яна ўша кишидан ушбу оят ҳақида ривоят қилинади: «Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва шифосиз беморгагина берилади». Насаий ривоят қилган.

 Кўриниб турибдики, мазкур ояти каримада кўзда тутилганлар, умуман, рўза тутишга ярамайдиган ўта қари чолу кампирлар ва тузалишидан умид йўқ беморлардир. Бу тоифадаги кишилар ҳеч рўза тутиш имконига эга бўлмаганлари учун ўрнига фидя беришлари жорий қилинган. Вақтинчалик рўза тутишда қийинчиликка дучор бўлиб, кейин яна рўза тутишга эга бўладиган мусофир ва тузалишидан умид бор беморларга эса имкон топганда қазо қилиб тутиб бериш жорий қилинган. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам худди шу – кейин рўза тутиш имконига эга бўладиган кишилар қаторидадирлар.

Абу Қилоба розияллоҳу анҳудан, у киши бир одамдан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир ҳожат билан борсам, тушлик овқат қилиб турган эканлар. «Тушликка кел!» дедилар. «Мен рўзадорман», дедим. «Бери кел, сенга рўзадан хабар берай. Албатта, Аллоҳ мусофирдан намознинг ярмини ва рўзани соқит қилгандир. Ҳомиладор ва эмизиклига рухсат бергандир», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилган.

Ривоятда номлари зикр қилинаётган ровий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган Молик ибн Анас ал-Каъбий розияллоҳу анҳудирлар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ходим бўлган машҳур Анас ибн Молик ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан бошқа бир саҳобий эканлигини Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз аниқлашган. Кўриниб турибди, Молик ибн Анас ал-Каъбий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳожат билан сафар вақтида борган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушлик қилиб ўтиришлари ва Анас ибн Молик ал-Каъбий розияллоҳу анҳуни ҳам тушликка таклиф қилишлари шуни кўрсатади. Бу маънодаги ҳадисларнинг ҳаммаси Макка фатҳи йили содир бўлгани маълум ва машҳур.

Шу билан бирга, бу ривоятдан олим одамнинг одобини кўринг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушлик қилиб ўтирганларини кўрган Анас ибн Молик ал-Каъбий «Шундоқ қилса ҳам бўлар эканми?» деб ҳузурларига боради. Шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб бўлсин деб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда рўза тутмаслигига ижозат берилган кишиларни тушунтириб қўядилар. Бу иш турли гап-сўзларнинг ҳам олдини олади. Шунинг учун ҳам етук уламоларимиз кўпчилик ичида тушунмовчиликка сабаб бўладиган вазият вужудга келганда биров сўрамаса ҳам ҳукмни баён қилиб қўядилар. Натижада уни кўпчилик билиб олади ва турли тушунмовчиликлар барҳам топади.

 
Мавзуга оид мақолалар
Реалитишоу муслималар ҳақидаги нотўғри қарашларни синдиради Американинг Хюстон шаҳрида яшовчи ёш давоми...

13:37 / 01.01.2018 4686
Иброҳимнинг вафоти Ҳижратнинг ўнинчи йили бошланганди Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа фарзанди Иброҳим давоми...

23:47 / 11.12.2016 4114
Аёлларга хос фиқҳий масалалар Соч бўяшда фойдаланиладиган воситалар турли рангларда бўлиб, аёллар уни давоми...

21:00 / 23.12.2019 2955
ҚУРЪОН БИЛАН БЕЗАЛГАН БОЛАЛИК    Қишлоқдаги оилалардан бирида қиз фарзанд дунёга келди. Отаонаси унга давоми...

20:50 / 08.02.2017 9227