МУСОБАҚАМИ, БОЗОРМИ Ё ЧАРЛАР?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръон мусобақасини томоша қилиш одоблари ҳақида

   Аллоҳ таолога минг шукрлар бўлсинки, юртимизда жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Қуръони Карим мусобақаси ана шундай ишларнинг яққол намунасидир. Бу мусобақа шу кунларда катта тайёргарликлар билан юртимизнинг турли вилоятларида навбатма-навбат ўтказилмоқда. Бухорий, Термизий каби буюк уламолар юртида Аллоҳ каломининг баракоти айниқса шу кунларда яққол сезилиб турибди. Кўпчилик хайрли амаллар билан банд. Қуръони Карим ва диний билимлар таълими йўлга тушиб кетса, хайр устига хайр, баракот устига баракот бўлиши шубҳасиз, иншааллоҳ. Аммо шу ўринда хурсандчилигимизга бироз соя солиши мумкин бўлган баъзи иллатларни баён қилишни истадик. Бу фикр-мулоҳазаларимизни оммага тақдим қилиш борасида кўп иккиландик. Аммо баъзи сабаблар уларни тақдим этишга ундади. Гап ўтган йилги қорилар мусобақаси ҳақида кетмоқда. Ўшанда мусобақа ҳақидаги таассуротларни сиз билан баҳам кўриш учун қоғоз қоралашни бошлаган эдим-у, Аллоҳ таоло ирода қилмаган экан, ёзганларим хотимасиз қолиб кетган эди. Кенг миқёсда Қуръон мусобақаси ўтказилаётган ҳозирги сурурли дамларда ички бир туртки каминани дилдаги гапларни яна тўкиб солишга, ўша фикрларни давом эттиришга ундади. Ўйлаймизки, ҳар бир ўқувчи бундан ўзи учун керакли хулоса чиқариб олади. Хуллас, ўтган йили қалб тўла ҳаяжон билан, кўтаринки руҳда қорилар мусобақасига йўл олдик. Ҳаяжон билан манзилга кириб бордик. Ичкарига киргач, бу қадар кўп муслималарнинг бир жойда жам бўлганини кўриб, кўзимиз қувнаб кетди. Чунки бундай мусобақалар аввал ҳам ўтказилар, лекин одам бунчалик кўп бўлмасди. Аммо кўп ўтмай, юзимиздаги қувонч, қалбимиздаги ҳаяжону шодлик ўрнини хафачилик, афсус ва надомат эгаллай бошлади. Ҳафсаламиз пир бўлиб, руҳимиз тушиб кетди... Йўқ, бунга сабаб ташкилотчилар эмас эди. Мусобақа жуда яхши ташкиллаштирилган, мутасаддилар ўз вазифаларини ихлос билан бажаришаётганди. Мезбонлар борасида бирор камчилик йўқ, аксинча, улар масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда юқори даражада хизмат қилишарди. Афсуски, ҳамма гап мусобақани томоша қилишга келган меҳмонларда эди. Ичкарида бетартиблик ҳукм сурар, аёлларимиз жамоат тадбирларидаги одоб-ахлоқ қоидаларига мутлақо амал қилишмас, ҳаммаёқ шовқин-сурон эди. Шу топда Қуръони Карим мусобақасидан бехабар одам келиб қолса, бу ерни бозор деб ўйлаши шубҳасиз эди. Томошабин аёлларимиз Аллоҳнинг уйига ташриф буюрганини, Аллоҳнинг каломи тиловат қилинаётганини гўёки унутган эдилар. Қориларимиз бирин-кетин чиқиб, гўзал тиловатлар тақдим қилишар, лекин хотин-халажнинг ғала-ғовуридан уларни эшитиб бўлмасди. Энг ажабланарлиси, мусобақа иштирокчилари бўлган толиба қизларимизга ва уларнинг устозларига шароит яратиб берадиган, ақалли ўтиришлари учун жой берадиган мўмин-мусулмон топилмади. Бир четдан жой олиб, «Шу ерда ҳозирлик кўриб олайлик», деб илтимос қилишимизга қарамай, ҳамма жой талашган, бақир-чақир қилиб, бир-бирини итарган, қўпол муомала қилиб, атрофдагиларни ранжитган, хуллас, у ердаги аҳволни таърифлашга сўз ожиз. Таом устидаги можароларни айтмаса ҳам бўлаверади. Мен одатда бировларни кузатмайман, айниқса таом устида. Аммо ўша куни дилим оғриб, иллат нимада эканини билиш ниятида одамларни кузата бошладим. Аёллардан бири келиб, бир ўзи нақ бир лаган паловни охиригача, бир дона гуруч қолдирмай паққос туширди. Кетидан меваю ширинликлардан ейишга тушди. Қорни тўйиб қолди шекилли, идишда қолган меваларни сумкасига солиб олди. Бу ҳолатни кўрганда кишининг «Тавба, бу онахон бу ерга нима мақсадда келган экан ўзи?» дейиши табиий. Тузалган столлар кам бўлгани учун ошни навбат билан тановул қилишга тўғри келди. Ош-ку, етиб ортди. Лекин дастурхон устига қўйилган мева-чева, ширинлик ва пишириқлар биринчи келиб ўтирганлардан ортмади. Аёлларнинг худди тўйда ўтиргандек, тўйганича еб, ортганини сумкасига солиб кетаётганларини кўриб, ер ёрилмади-ю, кириб кетмадик. Шунингдек, шундай мўътабар тадбирда олди-сотди, совчилик, келин кўриш ишлари авжида бўлди. Бу муборак жойга ўзининг шахсий ишларини битириш мақсадида келганлар ҳам кўп экан. Ҳаттоки бетаклиф орамизга суқилиб ўтириб олиб, кўпчилик орасида шахсий саволларни бериб, ўзининг одобсизлигини намойиш этганлар ҳам бўлди. Ачинарли жойи шундаки, бу ишларни қилганлар ғўр ёшлар эмас, катта ёшдаги онахонлар эди. Дард устига чипқон деганларидек, ана шундай онахонларнинг бир нечтасидан «Менинг ўғлимдақа қори дунёда битта», деган даъволарни ҳам эшитдик. Дунёда тенги йўқ қорининг онаси шу аҳволда бўлса, бошқалари ҳақида гапирмасак ҳам бўларкан-да! Энг афсусланарлиси, ўша куни қўшни юрт – Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонларимиз ҳам бор эди. Тиқилинчда биз улар турган жойга етиша олмадик. Бу ҳолатни кўриб, ўз диёрларига не тасаввурлар билан қайтганлари ёлғиз Аллоҳга аён. Мусобақанинг аёл-қизларга ажратилган қисми бошлангач, томошанинг давоми ҳам бошланди. Ҳеч қандай тартиб, андиша, одоб, риоя йўқ. Аввалига аёллардан ўзини тортиб, кўзини олиб қочиб юрган эркак ходимлар уларнинг қилаётган хатти-ҳаракатларига қараб туриб, уларга танбеҳ беришга, ҳатто овозини кўтариб гапиришга ҳам мажбур бўлишди. Ўзини мўмина, муслима деб билган ҳар қандай аёл учун бу шармандали ҳолат эди. Ҳамма саҳна томон ёпирилиб кела бошлади. Қўйилган стуллар саноқли эди, лекин ҳамма ўтиришга ҳаракат қиларди. Бу оломонни деб мусобақанинг сабабчилари, асосий иштирокчилари бўлмиш қория қизларимиз орқада қолиб кетишди. Ўртадаги йўлакчаларда аёллар жипслашиб туриб олган, қорияларнинг олдинга – ўз ўринларига ўтиб олишига бирорта одам йўл берай демасди. Шу ҳолатда ярим соатча турдик. Мутасадди йигитлар, аёллар орасидан ташкилотчилар баланд овозда «Йўл беринглар! Иштирокчилар жойларига ўтиб олишсин!» дея илтимос қилишар, лекин бирор инсон жойидан қимирлай демасди. Ниҳоят, фақир киши панада деганларидек, биз ҳам бир амаллаб жой топиб, ўтириб олдик. Бир маҳал ташкилотчилардан бири 200-300 дона атрофида ручка солинган пакет кўтариб келиб, эсдалик совға сифатида меҳмонларга улаша бошлади. Бу ручкаларнинг биргина фазилати – “XXVII Республика қорилар мусобақаси – 2017” деган ёзув эди, холос. Шу ёзуви бўлмаса, оддийгина авторучкалар эди. Ходим йигит энди 10-15 тасини тарқатиб бўлган эди ҳамки, аёллар қўлларини пакетга солиб, ручкаларни даста-даста қилиб олиб, сумкаларига сола бошлашди. Барака топкурлар, бирпасда ручкаларни тугатиб, ташкилотчиларнинг ишини енгиллатиб беришди. Астағфируллоҳ! Мусобақа бошлангач, олдинги қаторларда мусобақачи қизларимиз учун ажратилган ўринларга ўтириб олган аёллардан туришларини илтимос қилдик, лекин «Агар ўша қиз қори бўлса, шу жойни менга беради», деган мантиқсиз жавобларни эшитдик. Мутасаддилар устозларга ажратилган жойларга ўтириб олганларга: «Бу жойларда устозлар ўтиришади», дейишди-ю, «Биз ҳам устозмиз», деган лўнда жавобдан лол қолишди. Хуллас, айтаверсак, гап кўп... Мусобақадан кейин анча кунгача ўзимизга кела олмай, таъсирланиб юрдик. Аёлларимизнинг бундай хулқ-атворидан анча хафа бўлдик. Менимча, улар ўша куни қаерга, нима учун келганларини унутиб қўйишди. Аммо муслима ҳатто тўйда ёки бозорда ҳам ўзини бундай тутмаслиги керак-ку! Лекин бу бечораларнинг кўрган, борган жойи фақат тўй ёки бозор бўлганидан кейин, бизнинг қўлимиздан нима ҳам келарди?! Лекин замон ўзгарди, шароитлар, одамларга қўйиладиган талаблар ўзгарди. Демак, ҳар бир киши ўзини ўнглаб олиши, талабга, замонга қараб, маънавиятини, таълим-тарбиясини ўзгартирадиган вақт келди. Юртимизда қатор ислоҳотлар амалга оширилаётган экан, аёлларга тегишли ишларда, уларнинг илми, маданияти ва бошқа ишлари борасида ҳам янгиликлар бўлишидан умидвормиз. Бу гапларни ёзишдан мақсад, бир ўзимизга назар солиб, таҳлил қилиб, камчиликларимизни ислоҳ қилиб, хатоларимизни ўнглашга чақиришдир. Мана, Аллоҳга шукрларки, мусобақаларимиз ҳажми, кўлами кенгайди, давлат миқёсида ўтказиладиган бўлди. Биз, айниқса аёллар қаерга қадам қўяётганимизни, Аллоҳнинг каломига нисбатан қандай ҳолатда бўлиш лозимлигини, муслиманинг сиймоси қандай бўлиши кераклигини, бошқа муслималарга, эркакларга нисбатан қандай муомала қилиш зарурлигини, қолаверса, бу фазилатли кунларнинг қадрини, бу неъматлар шукронасини муносиб адо этишни яхшилаб уқиб, ўзимизга сингдириб олишимиз лозим. Давлатимизнинг биз мўмин-мусулмонларга, хусусан, муслималарга яратиб берган бу улкан имкониятини, бу юксак ишончини оқлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло неъматларига шукр этсак, уларни зиёда қилишни ваъда қилган. Шундай экан, шокир ва шокира бандалардан бўлайлик, Қуръон мусобақасига келганлар қорияларнинг, муслималарнинг, ўзбек аёлининг ҳақиқий сиймосига гувоҳ бўлишсин, уларнинг нафақат илми, балки гўзал одобини кўриб, кўзлари қувонсин.

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
Кўкрак саратони аёллар орасида энг кўп тарқалган саратон тури бўлиб, аёлларнинг бу касаллик туфайли ўлими давоми...

11:25 / 20.03.2019 4195
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ Қуйида Ислом миллати олимлари бўлмиш Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит АлКуфий, Абу давоми...

14:02 / 08.11.2016 6362
       Шарқда «Абулмаоний»  маънолар отаси номи билан машҳур бўлган олим, адиб, мутафаккир Мирзо Бедил давоми...

21:07 / 27.02.2017 6307
Навбатдаги намоз. Ҳар доимгидек масжидга кирувчиларга, Аллоҳнинг амрига Лаббай деб жавоб бераётганларга давоми...

16:52 / 12.02.2019 4012