ДУНЁНИНГ ХИРАЛИКЛАРИДАН ҲАЙРОН БЎЛМАСЛИК
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Модомики ушбу дунёда экансан, хираликлар воқеъ бўлишидан ҳайрон бўлма. Чунки улар фақатгина сифати ҳақ бўлган ва таърифи вожиб бўлган нарсанигина ошкор қилур.

Биз кўпинча ҳасрат-надомат қиламиз, ҳар бир инсонга қарасак, ҳасрати бор. Масалан беморлиги борасида ва ҳакозо... Кўпчилик дуо сўрайди, сўраётганларнинг аксарида нимадир ҳожатмандлик бўлади, ўзининг истиқоматини талаб қилиб дуо сўрайдиганлар ниҳоятда кам. Масалан иймоним комил бўлсин, гуноҳларим мағфират қилинсин, солиҳ банда бўлай, дейдиганлар кам. Кўпчиликнинг барибир қандайдир дунёвий ҳожати бўлади. Яъни мушкули осон бўлишини, иши юришишини, киминингдир ораси ислоҳ бўлиб кетишини сўрашади. Ҳаммамиз бандамиз, ҳамманинг қалбига назар соладиган бўлсак, қандайдир ўкинчи, армони бор. Бирор инсон йўқки менда ҳаммаси юз фоиз яхши, дейдиган. Кимдир яқинидан ажраган, кимдир кимидир билан келишолмаяпти, кимнингдир турмушида муаммоси бор, кимнингдир қарзи бор, яна кимнингдир иши юришмаган, яна кимнингдир сиҳати яхшимас, яна кимдир бошлиғидан зулм кўрган. Шунинг учун кўпчилик орасида шундай гаплар юради: “Нега дунёнинг ишлари шунақа экан-а?”, “Нимага дунё қийинчиликлардан иборат экан?”, “Бир кам дунё экан-да...”

Бундай ибораларни жуда кўп эшитиш мумкин.

Юқоридаги ҳикматдан келиб чиқиб айтиладики, Аллоҳ таоло бандаларини маълум бир мақсадларда яратди, уларнинг ажалини белгилади, Қиёмат кунини тайин қилди. Инсонга маълум вазифа юклатилган. Фараз қилайлик, Аллоҳ таоло инсонни яратди, бу дунёда фақатгина яхшилик бўладиган бўлса, унга ҳеч қандай мусибат, синов келмаса, оғирчилик, машаққат бўлмаса, ҳамма нарса ўрнида, фақат хурсандчилик бўлса, унда бу дунёда яшашнинг маъноси бўлмайди, бандаликдан маъно қолмайди. Модомики инсон қийинчилик кўрмас экан, яхшиликнинг қадрига ҳам етмайди. Инсон номи билан шариатда мукаллаф, дейилган. “Мукаллаф” сўзи “каллафа” сўзидан олинган бўлиб, таклиф (машаққат) қилинган, деган маънони беради. Инсонга оғирчилик юкланмаган бўлса, у ҳолда биз қандай банда бўламиз? Бу дунёда ҳаммаси яхши бўлса-ю, ҳузур-ҳаловат бўлса-ю, бахт-саодат, ҳаммаёқ кенгчилик, тўкин-сочин бўлса, унда инсоннинг ўлгиси ҳам келмайди, бу дунёдан кетгиси ҳам келмай қолади. У ҳолда у ёқда нимага муштоқ бўлинади? Шу боис банда ўзининг бандалигини ҳис қилиши учун, ўзига вазифа юклатилгани учун, бу дунёни яратишдан асл мақсад нима эканини билиши учун, дунёнинг бор-йўғи ҳақир бир макондан иборатлигини сезиши учун, дунёни ташлаб, бошқа нарсага муштоқ бўлиши учун мана шундай синовлар берилади. Бу синовлар билан инсон Роббига муқарраб, яқин бўлади, қачонки, ўзини тўғри тутадиган, буюрилган амалларни қиладиган бўлса! Бу билан савобга эришиш мумкинлигини билади, неъматнинг қадрига етадиган бўлади, дунёдан кўнгли совийди, бу дунёга ошиқ бўлмайди. Мана шу мақсадда Аллоҳ таоло бандаларини турли синовлар билан синайди.

Масалан инсон яратилган пайтдан шундай хушрўй бўлиб, ўттиз ёшидагидек жамоли, камоли, қуввати жойида бўлиб яшайверадиган бўлса, яшагиси келаверади. Чунки эътибор берадиган бўлсак, инсон қанча ёш бўлса, ҳаётга завқи шунча кучли бўлади. Аллоҳ таоло ҳикмат билан йиллар ўтиши баробарида унинг ёшини улғайтиради. Улғайганидан сўнг бора-бора куч-қуввати кетади, ёши катта одамларнинг дунёга бўлган муҳаббати секин-секин сўна бошлайди, ёшликдаги қизиқиши қолмайди, қийналишни бошлайди, қуввати кетади, машаққати кўпаяди, кўзидан нури кетади, шунда бора-бора бу дунёдан кетишга банданинг ўзи рози бўлиб қолади.

Асли бу дунё синовли дунё эканини қабул қилиш керак; бу дунёда биз синовга келганмиз – жазо, мукофот, ажр деган нарсалар бор, охиратда жаннат ва дўзах деган манзил бор. Шундай экан дунёга бир маслак, йўловчилар ўтиб кетадиган бир бекат, деб қараш керак. Нимага унақа экан, нимага бунақа экан, деб ортиқча дарду ҳасрат қилавериш яхши эмас.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бу беш кунлик дунё ҳаёти вақтинчалик бир матоҳ, холос. Албатта, охират барқарорлик диёридир” (Ғофир сураси, 39-оят).

 Модомики ушбу дунёда эканмиз, Аллоҳ таоло барчамизни дилхираликлар воқе бўлишидан ҳайрон бўлмаслигимизни насиб этсин!

Одинахон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Фарзанд туғилгач, унга яхши бир исм қўйиш отаонанинг бурчи ҳисобланади. Ҳозирги кунда бу бурчни адо этиш давоми...

21:36 / 13.12.2016 5472
   Кичик бир болакай денгиз бўйида кўзларини бир нуқтага тикиб ўтирарди. Бир соатдан бери давоми...

11:15 / 23.02.2017 6119
Muftiyat.kg сайтининг 2019 йилги маълумотларини ўқирканман, бир хабар эътиборимни тортди. Хабарда маълум қилишича, давоми...

04:15 / 05.12.2020 3053
Масаллиқ 1 кг оқ ун, 1 стакан илиқ сут, 40 гр хамиртуруш, 150 гр эритилган кўй ёғи ёки сариёғ, 2 чой кошиғида туз, давоми...

07:55 / 26.01.2017 3712