Мадинага қўйсам қадам
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Одинахон Муҳаммад Содиқ

Учоқ манзилга ина бошларкан, кўзим тўлиб, ойнадан пастга қарадим. Юрагим қафасдаги қушдек питирлай бошлади. Оҳ, Мадина! Тобора ҳаяжоним ортиб борарди. Нега ортмасин, ахир биз муборак ерларга келдик-ку! Иброҳим алайҳиссалом Маккани ҳарам қилганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинани ҳарам қилганлар-ку! Наҳотки бизнинг қадамларимиз шундай азиз ерларга етгани чин бўлса?! Унда қон тўкилмас, силоҳ кўтарилмас. Дарахти кесилмас, ўт-ўлани юлинмас, ови чўчитилмас. Унинг йўлларида фаришталар бор. Улар Мадинага Дажжолни киритмаслар. Кимки Мадинага ҳийла қилишни истаса ёки ёмонликни ирода қилса, туз сувда эригандек эриб кетар. У ёмон одамларни босқондек кетказур, яхшиларини мусаффо қилур. Мадинага иймон худди илон инига киргандек кирур. Ё Ясриб… Хурмозорлари менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Тушимда Маккадан хурмоли ерга ҳижрат қилганимни кўрдим. Хаёлим Ямома ёки Ҳажарга кетди. Қарасам, у Мадина экан", деган муборак сўзларини эслатди. Эй Тоба! Биз сени севамиз. Чунки Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг муҳаббатингни сўраб дуо қилганлар. Эй Тоба! Биз сени ўзлаб келдик. Чунки сенинг бағрингда маҳбубимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам борлар. "Хоттулҳижра" (ҳижрат йўли) бўйлаб борарканмиз, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилиб келишлари, У зотни муштоқ бўлиб кутаётган Мадина аҳли кўз ўнгимда гавдалана бошлади. Ҳаррани, шифтлар, дарахтлар устини, кўчаларни тўлдириб, интиқ бўлган мусулмонлар кўз олдимга келди. Мен ҳам худди ана шундай муштоқлик ила Ҳаром масжиди томон йўл олдим. Мен ҳам ансорлар каби аланглаб, У зотни қидира бошладим. Яшил қуббани кўрганимда висол онлари етиб келганини ҳис қилиб, дарҳол Роббимга ҳамд айтдим. Яшил қубба мисоли Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ридолари каби туюлди менга. У кунда ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қуёшдан ридолари билан тўсган эдилар. Бугун эса яшил қубба билан тўсиб тургандек гўё. Бугун ҳам У зотнинг живорларида биргалар. Ҳижрат қилиб келган кунлари инсонлар У зотни кўриш учун келганлари каби, мен ҳам дийдорга ошиқмоқдаман. Усмонийлар султони Маҳмуд иккинчи қурдирган бу қубба ўз остида башариятнинг энг афзалини, набийларнинг хотами, икки дунё сарварини, Аллоҳнинг ҳабиби, оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбарни, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яширган. Ассалому алайкум, Аллоҳнинг Расули! Салом берар эканман, Аллоҳ Сизга руҳингизни қайтаришини ва саломимга алик олишингизни умид қилдим. Салавот айтар эканман, "қаерда бўлсангиз ҳам сизнинг салавотингиз менга етади", деган ваъдангизни эсладим. Сизни зиёрат қилар эканман, менга шафоатингиз вожиб бўлишини орзуладим. Сизни Мадинада, савоб умидида зиёрат қилдик, иншааллоҳ, қиёмат куни биз ёнингизда бўлайлик, Сиз эса шафоатчимиз бўлинг, Илоҳо! "Ким ўлимимдан кейин зиёрат қилса, худди тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади", дегансиз. Ё Роббим, шундай бўлсин! Шундай бўлсин! Субҳаналлоҳ! Асли Суҳайб ва Саҳл исмли икки етимнинг хурмо хирмони ўрнида бугунги кунда шунчалар катта масжид бино бўлмиш. Бу масжиднинг тарихини эслар эканмиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг манзил танлаган туяларини ёдга олмай бўлмас. Масжид бино бўлишида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни енг шимариб ишга тушганлари, ғишт ташиганларини эсламасликнинг ҳам иложи йўқ. Ўшанда У зот шундай байтларни айтган эдилар: «Бу юклар Хайбар юкларидек эмасдир. Эй Роббимиз, бу яхшироқ ва покроқдир». У зот яна: «Аллоҳим! Ажр охират ажридир. Ансору муҳожирларни раҳм қил!» дер эдилар.

Бу масжидда ўқилган бир ракъат намознинг савоби минг ракъатга тенгдир. Шу сабаб имкон қадар кўпроқ намоз ўқиш пайида бўлдик. Бирдон азон саси кела бошлади: "Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!" Ё ҳазрати Билол! Сизни эслмай бўладими? Ё ҳазрати Абдуллоҳ! Розияллоҳу анҳумо! Масжидда намозга интизор бўлиб ўтирганлар худди Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳужраи саодатларидан чиқиб, намозга ўтиб беришларини кутаётган саҳобаларга ўхшашади. Бомдод намози. Имом Бақара сурасининг охирини зам қилмоқда. Тиловат қилинаётган оятлар таъсири юракларнинг тут-тубига етиб бормоқда. Кўзлардан шашқатор бўлиб ёш оқмоқда. Беихтиёр яна саодат асрига қайтамиз.

«Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Агар ичингиздаги нарсани ошкор қилсангиз ҳам ёки махфий қилсангиз ҳам, Аллоҳ у билан сизни ҳисоб-китоб қиладир. Бас, кимни хоҳласа, мағфират қилар ва кимни хоҳласа, азоблар. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир» (Бақара сураси, 284-оят).

Ушбу оят нозил бўлганида, саҳобаларга оғир кўриниб кетди. Мана, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, тиз чўкиб ўтириб: "Биз бунга чидай олмаймиз", дейишяпти. Сарвари олам уларни икки китоб аҳлига ўхшамасликка ва: «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир», дейишга чорламоқдалар. Саҳобалар шундай деганларидан сўнг келаси оятлар нозил бўлмоқда.

«Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Ҳар бирлари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига: «Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз», дея иймон келтирдилар. Ва: «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва сўнгги қайтиш Ўзинггадир», дедилар» (285-оят).

«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас. Касб қилган нарсаси(нинг фойдаси) ҳам ўзига, қимтиниб қилган нарсаси(нинг зарари) ҳам ўзига. «Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганинг каби оғирликни бизга юкламагин. Роббимиз, бизга қудратимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва бизга раҳм айла. Сен Хожамизсан. Бас, кофир қавмлар устидан бизга нусрат бер» (286-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло Ўз Арши остидаги хазинасидан ато этган мазкур икки оятга сомеъ бўлар эканман, у зот алайҳиссаломнинг масжидларида намоз ўқиш бахтига, саодат асрининг саодатли зотлари яшаб ўтган муборак жойларга қадамларимни етказган Зот – Аллоҳ таолога яна бир бор ҳамд айтдим. Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад ва ъала оли Муҳаммад. Йа Расулаллоҳ, салому салавотларимизни қабул айланг.

Масжидда ва кўчаларда ўраниб юрган аёлларга назар солар эканман, Оиша розияллоҳу анҳо: «Аллоҳ биринчи муҳожира аёлларга раҳм қилсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилганида қалин миртларини йиртиб, улар билан ўрандилар», деяётгандеклар гўё. Масжидда, намоз пайтида болажонларни кўрганимда, уларнинг йиғисини эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набираларини кўтариб намоз ўқиганлари кўз олдимда гавдаланади. Муаттар қўллари билан ёш болаларнинг юзларини, бошларини силаганларини ўйлаб, У зотга тақлид қила бошлайман. Душанба ва пайшанба кунлари масжидда ифторлик пайтида хурмо билан қаҳва тарқатилар экан. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини эслаб, юзимга табассум югуради: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо тақсим қилдилар. Ҳар бир кишига етти донадан хурмо бердилар. Менга ҳам еттита бердилар. Биттаси сифатсиз эди. У тишимга ёпишиб қолди Уларнинг ичида мен учун ўшанисидан маҳбуброғи йўқ эди. ». Оҳ Мадина! Нақадар баракотли юртсан! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга, сенинг соъ ва мудингга барака тилаб дуо қилганлар. Мана, "жаннатулбақиъ" рўпарасида турибман. Бу ерга қанчадан-қанча мўътабар зотлар дафн қилинган. «Ассаламу алайкум даро қавмин муъминийн. Инна иншааллоҳу бикум лаҳиқуун. Насъалуллоҳа лана ва лакумул ъаафийаҳ», (Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта, биз Аллоҳ ҳоҳласа, сизларга етишувчимиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз)

Давоми бор…

Мавзуга оид мақолалар
Биз, «muslimaat.uz» сайти ходималари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг аксар китоблари муҳаррири давоми...

09:55 / 23.02.2017 5407
Кеча 22 июль 2018 йилда Москва шаҳрининг«Альфа» меҳмонхонасида «Муслиманинг жамиятдаги ижтимоий ўрни» давоми...

22:20 / 23.07.2018 3320
Мутахассис тавсияси Ислоҳот сари httpswww.youtube.comwatchvAsSJr7AjRAampfeatureyoutu.be

11:12 / 01.02.2019 3156
embedhttpswww.youtube.comwatchvbCPZS2WRYembed

13:07 / 15.11.2016 4565