Одинахон Муҳаммад Содиқнинг Muslimaat.uz сайти 10 йиллик тадбиридаги нутқи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламин, вассолату вассаламу ала Муҳаммадин ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Азиз меҳмонлар, марҳабо, қадамларингизга ҳасанот!

Барчаларингизга байрам муборак!

Айни дамда сизларга кўп гапларни айтишни истайман. Аммо вақт чегаралангани сабабли дил сўзларимни уч асосий нуқта атрофига жамлашга ҳаракат қиламан.

Шулардан биринчиси – муслима аёлнинг жамиятдаги ўрни масаласидир. Ҳаммага маълумки, аёл кишининг жамият тараққиётига таъсири жуда катта. Ҳатто жамиятни барпо қилувчи ҳам аёлдир десак ҳам бўлади. Чунки жамиятнинг ҳар бир аъзосини дунёга келтирадиган, тарбия қилиб, камолга етказадиган зот аёлдир. Энди ана шу аёл муслима, мўмина, солиҳа бўлса, у тарбия берган фарзандлар Ислом дини учун, мусулмонлар учун, жамият учун энг керакли инсонлар бўлиб етишадилар.

Келинг, бу ҳақиқатни машҳур араб шоири Аҳмад Шавқийдан эшитайлик:

Она эрур буюк бир мактаб,

Бу мактабни қуриб, битказмак –

Аслзода элни кашф этмоқ демак.

Аммо ҳозирги кундаги оналарнинг ҳаммаларини ҳам мактабга, одоб-ахлоқ, илм масканига қиёслаш мумкинми? Йўқ, албатта. Бунинг учун ислоҳот ишлари зарур. Бунинг учун диний таълим‑тарбия зарур.

Муслимаат.уз сайти учун шиор излаб, Аллоҳ таолога истихора қилинганида, Қуръони Каримдаги ислоҳ оятларига ишора бўлди:

«Имкон борича фақат ислоҳ қилишни истайман. Муваффақиятим фақат Аллоҳдан. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман» (Ҳуд сураси 88-оят).

Тасодифни қарангки, ушбу шиор юртимизда Раҳбаримиз томонларидан бир қанча ислоҳотлар бошланган вақтга тўғри келди. Илоҳим, яхши ниятларимиз амалга ошсин.

Бугун бу ерда диний ишларга, таълим‑тарбия соҳасига бевосита ва билвосита алоқадор бўлган кўпгина опа‑сингилларимиз жамланган. Шу фурсатдан фойдаланиб сизларга кўнгилдаги мурожаатларни етказишга изн бергайсиз.

Азизаларим! Ҳозирда нафақат фарзандларимиз, балки бутун жамият она меҳрига муҳтож. Она парваришига муҳтож. Келинг, ҳаммамиз бир бўлиб, иноқ-иттифоқ бўлган ҳолда ватанимизга меҳр‑мурувват кўрсатайлик. Унинг учун ихлос ила саъй-ҳаракат қилайлик. Халқимиз учун фидойи бўлайлик, унинг равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшайлик. Уламолар бешиги бўлмиш бу юртимизга буюк аждодларимиз каби авлодларни етиштириб, тақдим қилайлик. Юртбошимиз, пешволаримиз, уламоларимиз сиз билан биздан яна Бухорий, Термизий, Самарқандий каби буюк алломалар етиштиришимизни кутмоқдалар.

Иккинчи нуқтада айтадиганларим Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақларида. Бу улуғ зотни ҳар қанча хотираласак оз, қалблар у кишига муштоқ. Шайх ҳазратлари муслималарга суннатга мувофиқ, чин уламолар йўлини тутган ҳолда эътибор кўрсатар эдилар. Кўплаб ишларга асос солганлари каби, бу борада ҳам жуда кўп хайрли лойиҳалар асосчичи бўлдилар, баъзи масалаларни жонлантирдилар, тирилтирдилар. У кишига қадар аёлларга хос масалаларга бунчалик ёндашилмаган эди.

Ливияда билим юртига эндигина қадам қўйган кезларим ҳазрат билан билим юрти боғида сайр қилиб юрардик. Шунда у киши мендан ўқиш ҳақидаги фикримни сўраб қолдилар. Шунда мен: «Келажакда ўз юртимизда аёллар учун мадраса очаман», деб жавоб бердим. Мен  у пайтда жуда ёш эдим. Аллоҳ таолонинг иродаси билан қалбга тушган ният дея аталмиш уруғни ҳазратимиз йиллар давомида сув қуйиб, парваришладилар. Иноят ила ундириб, ўстирдилар. Мана, бугунги «муслимаат.уз» сайтини ўшанда биз орзу қилган аёллар мадрасаси десак, адашмаган бўламиз.

Мавлоно мустафо Надавий айтадилар:

«Таълим‑тарбия бериш қуруқ биноларни очиш эмас, балки қалбларни очишдир. Уларни Аллоҳга тоат қилишга, солиҳ амалларни қилишга чорлашдир». «Муслимаат.уз» ҳам мана шундай шарафли ишга муваффақ бўлишидан умидвормиз.

Сўнгги нуқта – миннатдорчилигимнинг изҳори.

«Муслимаат.уз» бугунги ҳолатга ўз-ўзидан келиб қолгани йўқ, бунга осонликча эришгани йўқ. Мен шунчаки «раҳбар»ман, холос. Аввало, Аллоҳ таолонинг фазли, қолаверса, унинг равақига бир қанча азиз ва азизаларимизнинг меҳнатлари сингган. Улар хоҳ мутахассис бўлишсин, хоҳ ҳаваскор бўлишсин, сайтимизга ихлос ила хизмат қилишмоқда. Биздаги ягона шарт ҳам ихлосдир. Аҳли илмлар, адиблар, шоирлар, муҳаррирлар, дизайнерлар, суратчилар, видео ва овоз монтажчилари, техниклар, суҳандонлар эртаю кеч «Муслимаат.уз»нинг хизматидалар.

Устозимиз, Йўлбошчимиздан айрилганимиздан кейин йўл ўртасида ҳайрон бўлиб туриб қолдик. На ўнгга, на сўлга, на олдинга ва на орқага қадам қўйишни биламиз. Қуёшимиз сўниб, атрофни зулмат қоплади. Кейинчалик йўл ўртасида катта жарлик ҳам пайдо бўлди. Мана шу синовлардан ўтиб олишда, машаққатларни енгишда елка тутган ҳар бир қадрдонимдан миннатдорман.

Сиз бугун кўриб турган «Муслимаат.уз» ходималари ҳазратимиз билан эндигина йўлга чиқишган эди. У кишига ҳали тўймай туриб, йўлни ўзлари давом эттиришларига тўғри келди. Аммо ана шу қисқа муддат хотираси, устозларига бўлган меҳрлари, садоқатлари уларни у кишидан кейин ҳам ишларини давом эттиришга ундади. Улар аввалгидан ҳам кўпроқ ихлос билан, янада фаол ишлашда давом  этдилар. Ораларида устозимиз билан жам бўлмай, ижодий гуруҳга кейинроқ келиб қўшилган ходималар ҳам бор. Улар ҳам аввалгилардан қолишмасдан, вазифаларини аъло даражада адо қилиб келмоқдалар.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, мен «Муслимаат.уз» гуруҳи аъзоларига ўзимнинг алоҳида миннатдорчилигимни изҳор қиламан.

Аёлларга эътибор кўрсатиш, уларни эъзозлашни Устозларидан мерос қилиб олган, мана шу бинода хизмат қилиб турган биродарларимнинг ҳар бирларидан миннатдорман.

«Муслимаат.уз»га хизмат қилишни ўз юмушларидан ҳам устун қўйган бу азизларимиз Аллоҳ таолонинг фазлу карами ила мана шундай гўзал ҳолатга келиб туришимизга сабабчидирлар.

Устозимизга бўлган муҳаббат мана шудир.

Устозимизга бўлган вафо мана шудир.

Ўйлайманки, ҳазратимиз орамизда бўлганларида, бу ҳолатимиздан жуда қувонган бўлардилар. Шубҳасиз, хизматдагиларнинг ҳар бирларидан рози бўлган бўлардилар. Бугун у кишининг пок руҳлари ниҳоятда шод бўлишидан умидворман.

Ҳазратимизнинг дин ишларида, таълим‑тарбия борасида орзу-умидлари кўп эди. Тақдир экан, бу кунларни кўриш насиб қилмади. Биз у кишига муносиб ворис, давомчи бўлган ҳолда ана шу орзуларни амалга оширишга муваффақ бўлишимизни Аллоҳ таолодан сўрайман. Илоҳим ҳаммамизга Ўзининг розилигига етишиб, устозимиз билан жаннатларда жам бўлишни насиб этсин.

Шунингдек, табрик йўллаган устозларимизга, бугунги қувончимизга шерик бўлиб келган меҳмонларимизга ҳам миннатдорчилик билдираман. Ҳар бир мухлис ва мухлисаларимизга чин юракдан ташаккур!

Мавзуга оид мақолалар
Ислом келишидан аввал арабларда аёл зотига энг қадри паст мавжудотлардан бири сифатида қаралар эди. Улар давоми...

06:49 / 12.12.2016 3454
embedhttpswww.youtube.comwatchve2TZmenb4OYembed

12:50 / 07.04.2017 5898
Охиратда инсонлар ўз умрларини, вақтларини қандай ўтказганлари ҳақида сўраладилар. Албатта, инсонга бу давоми...

18:59 / 14.12.2016 3882