Насиҳат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҲАЁТИМ ГЎЗАЛ БЎЛСИН, ДЕСАНГИЗ…

    Отам раҳматли доим: «Қизим, ер юзи ҳали бундай тўкин-сочинликни кўрмаган», дер эдилар. Чиндан ҳам, борган сари ҳаёт гуллаб-яшнаб, фаравонлик тобора ортиб бормоқдаки, асло ривожланиш тўхтаб қолаётгани йўқ. Яъни, тараққиёт шиддат билан олдинга қараб кетаётир. Шунда беихтиёр ўйланиб қоласан киши: хўп, ҳамма нарса муҳайё экан, нима учун одамлардан меҳр-оқибат кўтариляпти, улар нега бу даражада ношукр ва бесабр бўлиб кетишмоқда?! Нимага, дейсизми?! Бу вазиятни ҳамма нарсада кузатиш мумкин. Мисол учун инсонларнинг бир-бирига бўлган ҳасади, ғазаби, ғийбати, камчилик қидириши, чоғ қазиши, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиши, фарзандлар ота-онанинг ишончини суиистеъмол этиши, ҳеч нарсадан қўрқмай, ёшларнинг ўзидан катталарга гап қайтариб, кўзига тик қараши, ҳурмат қилмаслиги, оилаларнинг ажрашиши, қизлар ўз иффатини арзимаган телефон, кўйлак, пул ва шу каби буюмларга қўрқмасдан сотиб юбориши, қўни-қўшниларнинг бир-бирига ичқоралик қилиши, дўст-дугоналарнинг ўзаро яқин бўла туриб, битта синов келганда «садоқат»нинг кўтарилиши, ака-ука ҳамда опа-сингилларнинг арзимаган нарсани деб бир-бирларидан воз кечиб юборишлари ва ҳоказолар ношукрлик эмасми?! Ношукрлик тагида бесабрлик ётади. Сабр йўқ жойда эса ҳеч қачон эзгулик, яхшилик, рўшнолик ва барака бўлмайди. Нима учун катталар ёшларга ибрат бўлмаяпти? Бежизга халқимизда «Балиқ бошидан сасийди» ёки «От ўрнини той босар», деган мақоллар бор эмас. Болалигимизда бир эслаб кўринг-да, ёши катталарнинг, буви-буваларнинг салобати босарди, улар бор хонадонларда баланд овозда гапирилмасди. Тўй-маъракаларда катталар йиғилиб, маслаҳат қилишарди. Ёшлар эса хизматда бўлиб, бу мажлиснинг охирги гапини кейин эшитишарди. У пайтлар келиннинг сепи ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган, балки қизнинг одоби ва оиласи тўғрисида фикр юритиларди. Ҳозир-чи?! Бугунги кунда келиннинг сепидаги камчилик деб бўлиб турган тўйлар бузилиб кетяпти. Қаерда қайноталар келиннинг сепига аралашганини эшитгансиз? Бир шаҳарда қайнота келиннинг пардаси қимматбаҳо ва ҳашаматли бўлиши керак, деб талаб қилган. Аммо мол ёйар куни атай келинга берилган уйга кириб, пардани кўрган ва кўнглидагидек эмаслигидан ғазабланиб: «Қани, сепингларни йиғиштиринглар, ҳеч қандай тўй бўлмайди», деган ва ростдан ҳам тўй тўхтатилган. Эй ғафлат босган ва нафсига қул бўлган инсон-а! Агарда бу одам ношукрлик қилмай, сабрда бўлганида эди, эл-юртдан ҳаё қилганида эди, балки янги келиннинг пой қадами қутлуғ келиб, бахтли оила бўлишармиди?! Албатта, бу одам вақт ўтиб, афсусланар, аммо кеч бўлган бўлади. Ахир «Ота-она фарзандларга кўприк бўлади», дейишади-ку. Бу дегани катталар ёшларга ибрат, йўлбошчи, маслаҳатгўй, зарур бўлса, орқасида турган тоғи ва боғи бўлиши керак эмасми?! «Нега энди?» деган савол туғилиши мумкин. Бир куни телевидениега «Қайнона ва келинлар» деган кўрсатувга мени таклиф этишди. У ерда долзарб мавзуда баҳс-мунозара бўлди. Кўрсатувга маҳалла оқсоқоллари, буви ва бувалар, асосан ёши катталар таклиф этилган эди. Суҳбатнинг охирида бир онахон шундай деди: «Ким нима деса –десин, лекин бир нарса ҳақиқатки, ёшларнинг яхши яшаб кетиши, уларнинг келажакдаги турмуши ота-оналарга боғлиқ. Айниқса, келинларнинг яхши ё ёмон ҳаёт кечириши қайноналар қўлида!» Бу гап менга қаттиқ таъсир қилди. Нима учун фақат қайноналар?! Келиннинг ўзи-чи, онаси-чи, куёв-чи, қайноталар-чи, улар қаерда қолди? Бу масалани ўйлаб, туну кун изланишда бўлдим. Орадан анча йиллар ўтиб, ўша онахон ҳақ эканини тан олдим. Сабаби ўзим ҳам қайнона бўлдим, атрофни кузатдим, олдимга ҳар хил ёшдаги, турли касбдаги минглаб одамлар келишади ва ўз ҳаётларидаги ибратли воқеаларни айтиб беришади… Мисол учун ўзим асосан қайнона-қайнотамникида меҳр кўриб, гўзал муомалаларни ўрганганман. Бу хонадонда асло ғийбат, бақир-чақир бўлмас эди. Оила аъзолари бир-бирлари билан паст товушда, мулойим ва эркалаш оҳангида гаплашишар эди. Ўзим ўйлайманки, агар тақдир бу қайнона ва қайнотамга учратмаганида, билмадим, бундай гўзал оқибатни ўрганмас эдимми?! Негадир ёшлигимдан хаёлимда фақат дуо олиш керак, деган тушунча билан катта бўлганман. Балки шунинг учун ҳам шундай қайнона ва қайнотага учрагандирман. Мана сизларга катталарнинг ибрат бўлиши. Чунки барибир ёшлар ота-оналаридан андоза олишар экан. Кўп эшитамизки, аксарият келинлар тушган хонадонидан меҳр кўришмаган. Бундайларнинг келажакда яхши қайнона бўлишига ким кафолат беради? Халқимизга айтмоқчи бўлган гапим – инсон яхшилик қилиши, нафақат яхшилик қилиши, балки унга шошилиши керак. Ҳар бир одам биринчилардан бўлиб салом беришга, нима бўлишидан қатъий назар, кечиримли бўлишга харис бўлиши зарур (ҳа, тўғри, кечириш осон эмас, аммо кечирмаслик ношукрликка киради ва ношукр одам дардга учрамай қолмайди). Шахсан ўзим қиз узатаётганимда унга тайинладим: «Ўша хонадонда яхши бўлсанг ҳам – ўзинг учун, ёмон бўлсанг ҳам. Яъни, қайнона-қайнотангга қанчалар самимий бўлсанг, эртага бу ўзингга қайтади. Бу дунё қайтар дунёдир. Экканингни ўрасан, унутма! Агар сени ёмон дейишдими, ёмон эмасмисан, индамай кет, туҳмат қилишдими, ют. Вақти келиб, ҳаммаси ойдинлашади. Фақат сабрда бўл. Сукут қилсанг, Аллоҳ ўша заҳоти ҳаққингни олиб беради экан. Яна бир нарсани унутмаки, агар оилангда сен ҳақингда бирон гап чиқдими, демак, ўзингнинг ҳам айбинг бўлади. Қарс икки қўлдан чиқади. Агар тушган жойингда сен тўғрингда яхши гаплар эшитсам, бу ҳам сенинг меҳнатингдир. Шуни ҳам билки, қайнона-қайнотангга, эрингга хизматни холис қил, асло айёр бўлма. Мабодо, у ерда кўп гап сотиб, ҳамма ишга тумшуғингни тиқиб, «деди-деди»ларга аралашар экансан, бу қилмишинг юзингда ифода этмай қолмайди. Сабаби тилига эрк берган, бировларнинг ҳаётига қизиқадиган, ғийбатни севадиган одамнинг юзидан нур олиб қўйилади ва турли хил доғу ажинлар пайдо бўлади. Кейин аразлама, болам. Агар қайнонанг айбингни айтдими, қайсарлик қилмай, хатоларингни тўғрилашга ҳаракат қил». Ота-она учун фарзанди орқасидан раҳмат эшитиш бахтдир. Агар ҳамиша яхши оқибат қайтишини истасангиз, фарзандларга гўзал тарбия беринг. Ҳадисларда келишича, ота-она боласига чиройли тарбиядан ортиқ мерос қолдира олмайди. Унутмангки, қайтар дунё борми, душманнинг кераги йўқ. Ҳозир кўп учрамоқдаки, қизларнинг онаси телефон орқали унинг ҳаётига аралашаверади. Агар она «Ишларинг кўпайиб кетса, ёт, касалман, деб айт» каби «маслаҳатлар» берса, унутмасинки, ўз қизининг ҳаётига рахна соляпти, тинчликни ўғирлаяпти ва фаришта «омин»ига учраб, келинлар чиндан ҳам турли касалликларга дучор бўлишяпти. Мабодо, она сабабли қиз қайтиб келса, ҳақиқий фожеа ана ўшанда бошланади. Қизига бошида меҳрибон она кейинчалик таъна тошини ота бошлайди, чунки чиққан қиз чиғириқдан ташқари-да. Айтинг-чи, қайтиб келган қиз акаларга, келинларга ва ота-онага ҳам ёқадими?! Ёқмай қолганида эса кеч бўлади. Демакки, қизлар ҳаётида онанинг ўрни ва аҳамияти жуда катта. Бир жойга меҳмонга борсак, ўша оила бекасининг қизи келин бўлиб тушган хонадонидан роса ҳасрат қилди. Она қизини жон-дили билан анча эшитди. Унинг бундай сукутидан биз ҳам «Энди нима билан якунланар экан?!» деб пойлаб турдик. Она эса шундай деди: «Ҳамма гапинг тугаган бўлса, мени эшит! Қизим, мен сен билан фахрланардим, ҳеч қачон уйингдан гап кўтариб келмас эдинг. Кутмагандим бундай қилишингни. Энди билки, қайнона-қайнотанг, эринг розими, мен ҳам розиман. Агар улар норози бўлишса, мен ҳам рози эмасман. Бор, уйингга кет!» (Лекин у қизнинг хафа бўлишга асоси бор эди, аммо она биронта савол ҳам бермади.) Биз ҳайратдан донг қотиб қолдик. Чунки у келиннинг йиғлаб гапирганидан ҳақлиги аниқ эди. Шу-шу бўлди-ю, ўша қиз чиройли ҳаёт қилиб кетди. Мана, азизлар, агар она ўша жойда қизини қайтармаганида нима бўларди? Фарзандининг ёнини олганида у ҳар гал гап кўтариб келаверармиди? Балки икки қуда ўртасига совуқчилик тушиб, турмуши ҳам бузилиб кетиши ҳеч гап эмасди. Аммо онанинг бошидан қаттиқ тургани ва қизнинг ҳасратига гўзал жавоб қайтаргани учун ҳаммаси яхши бўлди. Агар қиз қайтиб келганида-чи? Онахон тинч яшармиди, хурсанд бўлармиди? Асло! Ота-она болалари тинч ва фаравон яшашса, бир пиёла чойини ҳам хотиржам ичишади. Шунинг учун ҳам, азиз ёшлар, ҳаётда оғирроқ бўлиб, ота-онангизга икки дунё раҳматини келтиринг. Зинҳор акс йўл тутмангки, токи меҳрибонларингиз азият чекишмасин…

Нигора МУҲАМЕДОВА, психолог-косметолог

Оққа кўчирувчи Зуҳра ҲАМДАМОВА, журналист

Мавзуга оид мақолалар
Бир куни мактабимдаги синфдошларим ва устозларим билан сафарга чиқдик. Сафар асносида чиройли манзаралар давоми...

22:43 / 30.05.2023 2420
Мисрнинг машҳур муфассирларидан Умар Абдулкафий ҳафизаҳуллоҳ айтадиларquotРамазоннинг охирги кунида, давоми...

01:27 / 21.04.2023 2040
 Мадинада муҳтожларга бериладиган таомларни тарқатишда Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам иштирок давоми...

21:30 / 18.03.2017 4070
Аъробийдан аёлларнинг яхшиси қандай экани сўралди. У Аёлларнинг яхшиси гапирсанг тасдиқлайдиган, давоми...

21:47 / 24.09.2023 1990