Насиҳат одоблари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

НАСИҲАТ ОДОБЛАРИ

   Ўзингиз билганингиздек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мусулмонлар ичида барча замон ва маконларда одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарадиган амри маъруф, наҳйи мункар қилувчи кишилар бўлишини , умматга эса айтилган насиҳатларни бажаришни амр қилган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Сўзини рост айтган: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф, наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар ўзлари нажот топгувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104-оят). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам ўз сўзларини рост гапирганлар. «У зот: «Дин – бу насиҳатдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» деб сўрадик. «Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва омма учун», деб жавоб бердилар». Лекин насиҳатгўйлар ва амри маъруф, наҳйи мункар қилувчилар бажариши лозим бўлган насиҳат ишининг одоблари бор. Улар бу билан зийнатланишлари керак. Мен сизларга ва ўзимга ушбу одобларни қисқача тушунтириб ўтаман. Биринчи навбатда, амри маъруф, наҳйи мункар қилувчининг билими қанчалик аниқ, Аллоҳнинг динидаги маълумотлари қанчалик кенг, Парвардигорнинг тўғри йўлига қанчалик мувофиқ бўлса ҳам, у ўз насиҳатларини улуғ билиб, буйруқ ва қайтариқларни эшитувчилардан ўзини юқори тутган ҳолда ҳамда уларнинг барчасини ўзидан паст деган тасаввурда йўлламаслиги лозим. Шунингдек, насиҳат қилувчи Аллоҳ эслатилаётган ва яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарилаётган ушбу гуноҳкорлар ичида, кейинроқ бўлса-да, ўзидан оқибати яхшироқ кишилар ҳам бўлиши мумкинлигини билиши лозим. Шунинг учун у насиҳат ёки амри маъруф, наҳйи мункар қилганида одамларни кофир ва фосиққа чиқармаслиги, бидъат ё иймонсизликка нисбат бермаслиги лозим, балки бу Аллоҳ таоло уни тургизиб қўйган бир вазифа эканини билиши керак. Эҳтимол, иш ушбу гуноҳкорнинг эртага ундан яхшироқ киши бўлиб кетишига бориб етар, балки бу насиҳат қилувчи Аллоҳнинг ғазабига учрайдиган иш қилиб қўйиши мумкин. Насиҳат қилувчи умматга бадбинлик билан, яъни келажакдан умидсиз бўлган одамнинг қарашидек, бу уммат ҳаммаси фосиқ, улар ҳеч қачон яхшиликка қайта олмайди, деб ўйлайдиган кишидек назар солмаслиги лозим. Бу насиҳат қилувчиларни васваса қиладиган шайтоний қарашдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади; «Бандаларимга хабар бергин: албатта, Менинг Ўзим ғофуру роҳиймдирман» (Ҳижр сураси, 49-оят). «Сен Менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир», деб айт» (Зумар сураси, 53-оят). Икки шайх ривоят қилган ҳадисда Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: «Ким ширк келтирмай, Аллоҳга рўбарў бўлса, жаннатга киради». Яна айтадилар: «Агар бир киши: «Одамлар ҳалок бўлди», деса, унинг ўзи энг биринчи ҳалок бўлибди». Ҳа, насиҳат қилувчи ўзининг бошида айланаётган насиҳатидан маст бўлиб қолмаслиги лозим. Яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтараётган киши ўзини Аллоҳ таоло жойлаб қўйган юқори ва баланд мартабада турибман, деб ўйламаслиги, балки даъват қилинаётган ушбу гуноҳкорнинг якуни, эҳтимол, ундан яхши бўлиши мумкинлиги, эҳтимол, Аллоҳ таоло унга ўз авлиёларидан бирини йўлиқтирган бўлишини ўйлаши даркор. Мана шу яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи насиҳатгўйлар зийнатланиши керак бўлган одобдир. Насиҳатни қабул қилаётганлар ҳақида нима дейилади? Аллоҳ таоло уларга ҳам зийнатланишлари керак бўлган гўзал одоб ҳақида гапирган ва эслатган. Агар насиҳат қилувчидан бирор насиҳатни эшитсам, мен энгашиб, унга қуллуқ қилмоғим лозим. Шунингдек, ўзимнинг хато қилиши мумкин бўлган башар эканимни эслашим, фаришта эмаслигим ва тез хато қилиб қўйишимни ҳамда тўғри йўлдан адашиб кетишим жуда осон эканини ёдда тутишим керак. Шунинг учун менга насиҳат қилаётган одамга қулоқ солишим ва унинг насиҳатларини миннатдорчилик билан қабул этишим даркор. Яна Аллоҳдан кечирим сўрашим, ўзим билган ва билмаган гуноҳларимни кечиришини сўраб Аллоҳга истиғфор айтишим лозим. Агар бирортаси «Мен ўзимга назар солиб, хато қилмаганимни ва бирор гуноҳга аралашмаганимни ҳис қиляпман, нима учун истиғфор айтишим керак?» деса, мен унга Аллоҳ таолонинг ушбу Сўзини эслатаман: «Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар» (Нур сураси, 31-оят). Бу анбиё ва расулларга ҳам тегишли бўлган умумий хитобдир. Ва мен унга яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ушбу сўзларини ҳам эслатаман: «Менинг қалбим ҳам (зикрдан тўхтаб) тўсилиб туради. Албатта, мен ҳам ҳар куни Аллоҳга юз марта истиғфор айтаман». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳузурларига бир аёл келиб: «Эрим мени ўзидан зиҳор қилди, энди нима қилишим керак?» деб сўраганида унга: «Сизнинг бу ўринда эрингизга ҳаром бўлганингиздан бошқа нарсани кўрмаяпман», деб жавоб берганлар. Кейинроқ бу аёлнинг эрига ҳаром бўлмагани ва бу талоқ эмас, зиҳор экани, зиҳорнинг алоҳида ҳукми, масаласи борлиги аён бўлганидан сўнг Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг аёлга айтган жавоблари ҳақ бўлмай, Аллоҳ таоло бунинг хабарини бергани Пайғамбаримизнинг камчиликлари эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) адашишдан ва хатога йўл қўйишдан покдир. («Зиҳор» шариатда эрнинг ўз хотинига «Сен мен учун онамнинг орқа бел томони кабисан», дейишига айтилади. Бунда эр кафорат бермагунича аёлига яқинлаша олмайди. Бу ҳақда Мужодала сурасининг 3–4-оятлари нозил бўлган – тарж…) Лекин бу бизга у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан таълим бўлган эди. Мен ва менга ўхшаш кишиларга Расулуллоҳ (алайҳиссалом) томонларидан тушунтириш эди. Агар мен шу ўринда бирор хатога йўл қўйсам, кейин бир ёш бола келиб, менга хато қилганимни эслатса, мен келган жойимда тўхташим ва хато қилганимни, боланинг тўғри айтганини билдиришим лозим, шунингдек, Аллоҳ таоло мени хатодан уйғотиш учун шу болани юборганини, эҳтимол, бу Роббимнинг менга бўлган муҳаббати белгиси эканини айтишим ҳам керак. Агар айтувчи: «Мен хато қилмасам ҳам, насиҳат қилиниб эслатилдим-ку», деса, мен хулафои рошидинларни унинг ёдига соламан. Мўминлар амири Умар ибн Хаттобнинг бош эгиб, насиҳатчилар насиҳатини қандай қабул қилганларини айтиб бераман. У кишининг сен хатокорсан, деган аёлга қандай муносабат кўрсатганларини, у аёл тўғри айтиб, ўзлари хато қилганлари учун унга қулоқ тутганларини эслатаман. Бу насиҳатчи насиҳат қилаётганда зийнатланиши керак бўлган одобдир. Бу насиҳат эшитаётган инсоннинг уни қабул қилаётганда зийнатланиши керак бўлган одобдир. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биз барчамиз вужуди ожиз бандалармиз. Ушбу бандаликнинг ёрқин кўринишларидан бири – биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганларидек, хатокор кишилармиз. Албатта, биз гуноҳдан холи эмасмиз. Агар мен йўлимда насиҳат қилиб турган, эслатувчи кишини кўрсам ва унга эътибор бериб, шариат мезони уни қўллаётганини билсам, мен бориб, унинг қўлини ўпиб, миннатдорчилик билдиришим, шунингдек, ўзимнинг хато қилганимни, Аллоҳ таоло менга Ўз марҳаматидан эҳсон қилиб, насиҳат қилувчи кишини юборганини эълон қилишим лозим. Лекин одамлар орасида ўзларига мутаассиблик ҳукмини ўтказадиган, ҳавойи истакларини ишга соладиган кишилар ҳам бор. Агар уларга уламолар ўз насиҳатларини йўллаб танқид қилсалар ва улар қилаётган хатоларни ҳамда содир этаётган гуноҳларини эслатсалар, қилган танқидлари учун уламоларни қийнаб, танг аҳволга соладилар. Сабаб нима, эй Аллоҳнинг бандалари? Сабаб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган ихлос неъматининг йўқлигидир. Агар биз насиҳатчилар орасида мен сизларга айтиб берган одоб билан зийнатланадиган кишини топа олмасак, унда бу насиҳатгўйлар қилаётган ишларини холис Аллоҳ учун қилмаяптилар, эҳтимол, уларда турли-туман нафсий интилиш мавжуд. Агар биз насиҳатни қабул қилаётган одамлар ичида ушбу насиҳатдан норози бўлиб, насиҳатчиларни танг аҳволга солаётган кишиларни кўрсак, унда бунинг ҳам қайтиш жойи Аллоҳга бўлган ихлоснинг йўқлигидир. Эй Роббим, қандай қилиб биз Сендан ихлос неъматини қабул қиламиз? Қалбимизда ихлос неъматини ўрнатишнинг йўли қандай? Сизга жавоб келиб: «Ихлос – Аллоҳнинг сирларидан бири бўлиб, уни Парвардигор Ўзи яхши кўрган бандаларининг қалбларига ишониб топширади», дейди. Эй улуғлик ва икром Эгаси, эй фазлу карам ва неъматлар Соҳиби бўлган Аллоҳим! Биз Сендан муҳаббатингни ризқ қилиб беришингни сўраймиз, тоинки шунда бизга Ўзингга бўлган ихлос неъматини берасан. Ҳолбуки, бу бизнинг Сенга рўбарў бўлишимиз учун олиб борадиган сармоямиздир. Ушбу сўзимни айтиб, Аллоҳдан мағфират сўрайман.  

12 февраль 2010 йилдаги Муҳаммад Саъид Рамазон

ал-Бутийнинг жума хутбасидан Тошкент шаҳар «Эшонгузар»

жоме масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси,

13 апрель 2017 йил

Мавзуга оид мақолалар
БиласизмиҲаж ва Умра зиёратига борсангиз, Мадинаи мунавварага ташриф буюрасиз. У ерда Масжиди Набавийда давоми...

03:23 / 18.02.2020 7833
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Икки неъмат борки, кўп одам уларни бой бериб қўяди соғлик ва бўш вақт», давоми...

12:01 / 01.01.2018 3464
Асли Саудия Арабистонлик 16 ёшли Вена мактабларидан бирида таҳсил оладиган Рауф Ҳумадий машҳур Apple давоми...

16:09 / 19.11.2017 4205
Ҳар бир мусулмон билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, камолот сифатлари ила энг олий даражада давоми...

13:24 / 10.11.2016 4236