Маржон
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 МАРЖОН

Қози Абу бакр Марастоний ҳаётларида ўз бошларидан кечирган воқеани бундай ҳикоя қиладилар:

Ҳадис илми талабида сафарга отландим, Маккага етганимда озуқа ҳамда пулим тугади. Очликни енгиш, ўзимни чалғитиш учун Макка кўчаларини кеза бошладим. Юриб борарканман, кўзларим ерда ётган нафис матодан тикилган ҳамёнга тушди. Олиб қарасам, унинг ичида ниҳоятда гўзал, шу билан бирга бебаҳо маржон бор эдики, умрим давомида бундай чиройлисини қайта кўрмадим. Ҳамённи олиб ортга қайтдим. Ҳеч қанча фурсат ўтмай жарчининг: “Ким маржонли ҳарир ҳамённи топса, унга 500 дирҳам (тилло танга) бераман!” деган овозини эшитдим. Жарчидан ҳамённинг белгиларини сўрадим. У ҳамённинг белгиларини, ипини, ҳатто маржон саноғини ҳам тўғри айтгач, ҳамённи қайтардим. Менга 500 дирҳам узатди, мен эса: “Пулингизга ҳожатим йўқ!” дедим-да, олишдан бош тортдим.

Орадан бирор муддат ўтиб, яна ҳадис илми талабида Маккадан кемада сафарга отландим. Кемамиз ҳалокатга учраб, парча-парча бўлди. Шерикларим сувга ғарқ бўлишди, мен эса Аллоҳнинг иродаси билан ёғоч бўлагига осилиб, омон қолдим. То шамол яқинроқдаги бир оролга суриб боргунга қадар, денгизда бир неча кун қолиб кетдим...

Нотаниш орол ичра ўйга толганча кезиб борарканман, кўзим масжидга тушди, унга кирдим. Намоз вақти киргач, одамлар масжидга тўпландилар. Мендан:

– Қуръон ўқишни биласанми? – деб сўрадилар.

Мен:

– Ҳа, – деб жавоб қилдим.

– Унда бизга имомликка ўт, – дейишди.

Қироатимни эшитишгач, мени ўша масжидга имом қилишди. Кейин эса уларга Қуръонни ўқишни ўргатишимни сўрадилар, бунинг учун маълум ҳақ ҳам белгиладилар.

Шундай қилиб уларга араб тилида ёзишни, ўқишни ҳам ўргатдим. Сармоя ҳам тўпладим.

Кунлардан бир кун бу жамоа:

– Биз сенга муҳтожмиз, шаҳримизда қол. Хоҳласанг, бир етим қизни никоҳлаб берамиз, – дейишди.

Аввалига уйланишдан бош тортдим. Қўйишмагач, ўйлаб кўрдим-да, сўнг рози бўлдим.

Никоҳ кечаси рафиқамнинг бўйнида бир вақтлар Маккада топиб олганим маржонни кўрдиму, ҳайратдан лол қолдим. Кўзларимга ишонмасдим...

Қиз эса аҳлига “Мен қолиб, фақат маржонга тикилди...” деб мендан ранжиганини айтишди.

Улар менга:

– Етим қизнинг кўнглини синдирдинг! – деб танбеҳ беришди. Шунда мен:

– Сизларнинг ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ, – дедим-да, бир вақтлар Маккада бўлган воқеани сўзлаб бердим.

Қиссамни тинглашгач, “Аллоҳу акбар!” деб такбир айтдилар. Оролдаги барча одам атрофимни ўраб олди.

Менга:

– Бу қизнинг отаси: “Роббим! Бизга маржонни топиб берган йигитдан яхшисини кўрмадим. Қизимни унга никоҳлаб беришим учун у билан бизни қайта учраштиргин!” деб тинмай дуо қиларди... Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига бугун яна бир бор аминмиз!” – дейишди.

Қози ўз ҳикоясини шундай якунлади:

– ...Ундан икки фарзанд кўрдим. Аёлим ҳам фарзандларим ҳам вақт ўтиб, вафот этишди. Мерос қолган маржонни юз минг динорга сотдим. Қўлимдаги кўриб турганингиз бу моллар ўша маржоннинг барокотидан...

Араб тилидан Муслима ЗОҲИДЖОН таржимаси

 

 
Мавзуга оид мақолалар
Кераксиз нарсаларни ташлаб юборишга шошилманг. Улардан ҳам керакли буюмлар ясаса бўлади. Масалан, гул давоми...

06:07 / 26.01.2017 14629
Ҳозирги пайтда одамлар, айниқса, болалар ўз ҳаётларини «Кокакола», «Фанта», «Нестле» каби кучли давоми...

11:40 / 24.11.2016 5454
Албатта, бунинг учун кечаси камида тўрт соат ухлаган бўлиш лозим. Чунки уйқудан янги турганда инсон онги дам давоми...

21:31 / 11.07.2023 1922
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлариРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча давоми...

01:09 / 01.10.2023 2015