УММУ ҲАБИБА РАМЛА БИНТИ АБУ СУФЁН
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳонинг оталари исми: Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абду Манофдир.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг оналари исми: Софийя бинти Абул Осс ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абду Манофдир.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳижратдан 35 йил олдин (милодий 689 йили) Маккаи мукаррамада туғилганлар.

Ҳижратнинг олтинчи ёки еттинчи санасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога эри вафот этганидан сўнг уйландилар. Ўша вақтда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ёшлари ўттиз олтида эди.

Аллоҳ таоло бу онамиз туфайли қуйидаги оятни нозил қилди:

«Шоядки, Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилса, Аллоҳ бунга қодирдир. Аллоҳ кечирувчи, раҳмлидир» (Мумтаҳана сураси, 7-оят).

Умму Ҳабиба Қурайш қабиласининг сардори, Макка шаҳрининг бошлиғи, ўша даврда мусулмонларнинг ашаддий душмани (кейинчалик Исломни қабул қилиб, саҳоба бўлган), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам энг катта ғанимларидан бўлган Абу Суфённинг қизи эдилар. Уларнинг қавми Бани Абди Шамснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавмлари Бани Ҳошимга адовати кучли эди. Бу қавм Ислом даъватига ҳамда даъват соҳибига доимо тўсқинлик қиларди.

Абу Суфён Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Парвардигори томонидан олиб келган ушбу муборак Ислом даъватини тўсишга бор кучи, имконияти билан қаршилик қилди-ю, лекин бу уринишида муваффақиятга эришмай, ҳасрату надомат ила умидини узди. Бу вақтда Макка аҳлидан кўпгина кишилар ва аёллар Исломни қабул қилишган, ҳаттоки Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳам Ислом ҳидоятини топган эдилар. Улар ўз оталаридан қўрқиб, бу азиз динларини сақлаш учун аввалги эрлари Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан Ҳабашистонга кетгандилар.

Ҳабашистонда Аллоҳ таоло бу эрни залолатга мубтало қилди, у (баъзи ривоятга кўра) Ислом динидан чиқиб, насроний динини қабул этди. Буни билган Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо дарҳол ундан воз кечдилар. Бу онамиз у эрнинг турли йўллар ила яна қайта ярашишга қилган ҳаракатларини рад қилиб, ўз динлари бўлмиш Исломда собит, мустаҳкам турдилар. Ўзлари ёлғиз қолгач, бегона юрт Ҳабашистонда кўпгина қийинчилик, қўрқинчларга дучор бўлдилар. Барча машаққат-у оғир шароитларга сабру матонат ила чидадилар.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Қурайшнинг сардори, каттаси ва ботири ҳисобланган оталарининг таъқибидан, шунингдек, одамларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайтариб, доим у зотга қарши гижгижловчи, Набий алайҳиссаломнинг энг ашаддий душманлари бўлган оналари Ҳинднинг ғазабидан қўрқувда эдилар. Бу онамиз, шунингдек, ўз қавмлари ва қариндошлари нафратидан, уларга кулги бўлишдан ҳам чўчирдилар. Чунки арабларда душмани унинг бахтсизлигидан кулиши энг катта ор ҳисобланарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга мактуб йўллаб, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳони ўзларига жуфти ҳалол қилиб олишга ёрдамини сўрадилар. Нажоший бу хушхабарни Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога етказганида улар хурсандликларидан кўкка учаёздилар. Кўнгиллари кўтарилиб, дарз кетган қалб яралари тузалди. Вужудларини шодлик қамраб олди. Бу онамизнинг қанчалик хурсанд бўлганлари Аллоҳ таологагина аён эди.

Нажоший Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога иззат-икром кўрсатиб, кўп меҳрибонлик ва яхшиликлар қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан маҳр қилиб тўрт юз динор ва бошқа нафис ҳадялар тақдим этди. Шунингдек, онамизни Шураҳбил ибн Ҳасна билан биргаликда иззат-икромларини жойига қўйиб, Мадинаи мунавварага — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кузатиб қўйди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Мадинаи мунавварага келгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга уйландилар. Бу муборак турмушнинг никоҳини ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўқидилар.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога уйланишлари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Умайя қавмининг ичидаги ўзларига нисбатан ашаддий душман бўлган кишилар адоватининг анча пасайганини сездилар.

Ривоят қилинадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога уйланганларини эшитган ота Абу Суфён у зот алайҳиссалом ҳақларида: «У мисли йўқ одам, асло хор бўлмайди», деб баҳо берди. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек киши куёви бўлганидан фахрланиб, у кишининг куёвликка муносибликларини эътироф қилди.

Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳо ҳижратнинг 44 (милоднинг 664) йилида Мадинаи мунавварада вафот этдилар ва Бақеъ қабристонига дафн этилдилар. 

Манбалар асосида

Тожиддинов Абдуссомад

Абдулбосит ўғли тайёрлади.

 

Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум «muslimaat.uz» сайтида ўз хизматларини бекаму кўст адо этиб, фаолият юритиб келаётган мўмина, давоми...

11:39 / 08.04.2019 4222
Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор Сизку юракларда илк зиё ёққан.  Олимми, шоирми ва ё санъаткор, Илк бор давоми...

11:52 / 12.10.2017 12935
embedhttpswww.youtube.comwatchvECVTeLXFJlofeatureyoutu.beembed

12:38 / 22.01.2018 3407
Умматим, деб йиғлаган Расули акрам Аллоҳнинг инсонга неъмати кўпдир, Бироқ санай десак, саноғи давоми...

19:56 / 20.03.2017 4533