Ўн нарса фитратдан
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Ўн нарса фитратдан

Савол: Ассалому алайкум! Балоғат ёшига eтаётган қиз ва йигитларнинг қўлтиқ ости ҳамда киндик ости тукларини янги чиқиб бошлаганида юлинадими? Биз шундай қилганмиз, лeкин кимлардир: «Турмушга чиқмагунча тeгиб бўлмайди», дeйишади. Шу масалага ойдинлик киритилса, яқинларимизга ҳам улашсак, яхши бўларди. ЖАВОБ:

Долзарб масалани кўтарибсиз. Бу ҳам бўлса, сизнинг ибодат масаласида эътиборли эканингиз белгисидир. Анчадан бери шу масалани ёритиш ниятим бор эди. Мен ҳам шундай гапларни кўп бора эшитганман. Ҳақиқатда ҳам баъзиларда шундай одат бор. Келинг, аввало шариатда бу ҳақда нима дейилганига назар солайлик:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўн нарса фитратдан(соф табиатдан)дир; мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни олиш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ(туки)ни юлиш, қовуқ(туки)ни қириш, истинжо қилиш», дедилар». Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, оғизни чайиш бўлса керак», деди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Инсон мукаллаф бўлганидан кейин бу ишларни амалга ошириши шарт. Демакки, ҳадисда зикри келган нарсалар зоҳир бўлиши билан, яъни қўлтиқ ва киндик остидаги туклар ўсиб чиқиши билан уларни олиб ташлаш керак. Бу маълум бир ёш ёки вазиятга боғланмаган. Бу туклар нопок ҳисобланганидан кейин улардан тозаланиш зарур. «Турмушга чиққунга қадар олмаслик керак», деган гап аслида шариатда йўқ, аксинча, шариат кўрсатмасига зиддир. Уламоларимиз уларни тозалаш орасидаги муддат қирқ кундан ошиб кетмаслиги лозимлигини айтадилар.

Энди ижозатингиз билан бу борадаги ҳаётий татбиққа назар солиб кўрайлик. Дейлик,  қиз болаларда 13-14 ёшга етганда ушбу балоғат белгилари зоҳир бўлди. Юқоридаги фикрга кўра у то турмушга чиққунга қадар, яъни масалан, 19 ёшгача уларни тозаламади. Бундай туклар нопок экани, турли ноқулайликларга сабаб бўлиши, нохуш ҳидларни жалб қилиши ҳаммага аён. Лекин қиз боланинг покланиш ҳақида тушунчаси ҳам, тажрибаси ҳам йўқ. Тўй куни тайин бўлганидан кейин, тўйдан бир кун олдин қиз ҳаммомга кириб, покланиш ишини ҳаётида биринчи бор амалга оширади. Бунга минг машаққат ва оғриқлар билан 4-5 соат сарфлаб эришилади. Мазкур ишни тўйдан олдин қанча вақт сарфлаб бўлса-да, қилиш имкони бордир. Лекин тўйдан кейин-чи? Қайси келин ҳаммомда соатлаб қолиб кетиши мумкин? Бундай тозаланишга одатланмаган келин тўйдан кейин ноқулай ҳолатга дуч келиши шубҳасиз. Ё ўрганмагани учун кўп машаққатга, вақт сарфлашга мажбур бўлади, ёки одатланиб қолгани учун тўйдан кейин ҳам покланишга беэътибор бўлиб юраверади. Баъзи, балки аксар можароли оилалардаги келишмовчиликларнинг сабабини ўргансангиз, худди шу сабаб келиб чиқади. Аёлларининг покликка бўлган эътиборсизликлари эрларнинг кўнглини совутади. Ҳар қандай эркак учун аёлининг озода ва хушбўй бўлиб юриши жуда муҳимдир.

Энди қиз болага бу нарсалар олдиндан ўргатиб, одатлантириб борилса, турмушга чиққанидан кейин қийналмайди. Тозаланиш учун соатлаб вақт сарфламайди. Ёшлигидан озодаликка ўрганган қиз нопок юра олмайди. Фақат қизларимизга эмас, балки ўғилларимизга ҳам бундай масалаларда таълим-тарбия бериб бориш, биз, катталарнинг зиммасидаги катта масъулиятдир.

Сабрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Ўн ёшга етганда, унинг учун уришинглар», дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Ётар жойларини ажратинглар», деган жумла зиёда қилинган.

Абу Довуд, Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар ривоят қилишган.

Яна шундай мавзуга боғлиқ масалалардан бири шуки, шариатда болаларга фарз бўлмаган бўлса ҳам, намоз ўқишни етти ёшидан ўргатиш лозим. Чунки ёшлигидан ибодатга одатланиб, кўникиб борган бола фарз бўлган кундан бошлаб қийналмай адо этаверади. Уламоларимиз намозга қиёсан рўза, қироат каби бошқа амалларга ҳам болаларни аввалдан ўргатиб бориш кераклигини тавсия этадилар.

Шунингдек, ўғил-қизларимизга ёшлигидан шариат ишлари, айниқса поклик ҳақидаги тушунчаларни бериб, уларни бунга одатлантириб боришимиз лозим.

 

Одинахон Муҳаммад Содиқ

 
Мавзуга оид мақолалар
httpsyoutu.bepC4PEVMMmBI

15:35 / 01.04.2019 2265
18 декабрь 2018 йил санасида Grandtalim ўқув марказида халқаро араб тили куни муносабати билан ажойиб тадбир бўлиб давоми...

15:01 / 19.12.2018 2800
ФИҚҲ ИЛМИНИНГ САМАРАСИ, УНИ ЎРГАНИШ ВА ЎРГАТИШНИНГ ҲУКМИ ҲАМДА ФАЗЛИ ҲАҚИДА Фиқҳ илмининг самараси Фиқҳ давоми...

15:11 / 31.07.2018 3832
САВОЛ Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Ҳар бир мусулмон ўз жуфти билан бирга бўлгандан сўнг ўзларини ҳаром давоми...

17:08 / 16.10.2016 4936