Кексаларни ҳурмат қилиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кексаларни ҳурмат қилиш

Ўз бандаларига ибодатнинг турларини кўпайтириб берган Аллоҳ таолога беадад, беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Ҳаммадан аввал катта-ю кичикка салом берган севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга битмас-туганмас салавот-саломлар бўлсин. Бугунги кунгача муқаддас динимиз буйруқларининг соф ҳолда етиб кeлишида бeминнат ва фидокорона хизмат қилиб ўтган саҳобаи киромлар, салафи солиҳлар ва уламоларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин.

Қарияларни қадрламаган, уларни иззат-икром этмаган, ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилмаган инсон бу дунёда обрў топмайди, қариганида ҳурмат-эҳтиромга, иззат-икромга сазовор бўлмайди, у дунёда эса жаннатга эриша олмайди. Кексаларни эъзозламаган инсон икки дунёда ҳам хор бўлади, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлмайди. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

لَيْسَ مِنّا مَنْ لَم يَرْحَمْ صَغِيْرَنَا وَ يَعْرِفْ حَقَّ كَبِيرِنَا   (رَوَاهُ أبُو دَاوُدُو وَ التِرْمِذِيْ)

«Кичикларга раҳим-шафқат қилмаган ва кексаларимизнинг қадрларини билмаганлар биздан эмас», дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Маълумки, миллий қадриятларимиздан бири – ёши улуғ инсонларни қадрлашдир. Зеро, кексаларнинг бебаҳо ўгитларига амал қилиб яшаш комиллик, турмуш фаровонлигимиз ва тинч-осойишта ҳаётимиз гаровидир.

«Қариси бор уйнинг париси бор», «Қари билганни пари билмас» каби ҳикматли сўзлар неча минг йиллар мобайнида ҳаётда ўз исботини топиб келган ҳақиқат эканлигини барчамиз яхши биламиз. Аслида ҳам, бир умр меҳнат қилиб, яхши фарзанд тарбиялаб, эл-юрт корига яраб яшаётган ҳар бир инсон кексайганида ҳурмат-иззат кўриб, эъзозланиб, ҳаётидан рози бўлиб яшашга ҳақлидир.

Халқимиз ҳамиша кексаларни ҳурмат қилиб, уларга эҳтиром кўрсатиб келган. Ёшларимиз нуронийларни кўрса, қўли кўксида, саломга шай, хизматларига тайёр туришади. Маслаҳатларию, панд-насиҳатларига ҳар доим «лаббай», деб, танбеҳларига жим қулоқ тутишади. Уйларию, дастурхонларининг тўрини ёши улуғларга атайди.

Ҳазрати мир Алишeр Навоий «Ҳайрат-ул Аброр» асарида бундай ёзадилар:

Кимки улуғроқ, анга хизмат кeрак,

Улки кичикроқ, анга шафқат кeрак.

Қадимги даврларда кексаларнинг ҳурмати ниҳоятда баланд бўлган. Уларнинг йўли кесиб ўтилмаган, гапираётган сўзлари бўлинмаган, таомга улардан олдин қўл чўзилмаган, улардан олдинда юрилмаган, уларни ҳамма бирдай ҳурмат қилган.

Устозларимиз илмда улуғ мартабаларга эришган олимларимизнинг бу мақомга сазовор бўлганларининг сабаби энг аввало улар устозларининг, ота-оналарининг, ёши табаррук кексаларнинг ҳурматларини жойига қўйишганида, деб таъкидлайдилар.

Мазҳаббошимиз ҳазрати Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ шундай дейдилар: «Устозим ва ота-онам ётган уй томон ҳеч қачон оёқ узатиб ётмадим, улар ўтирган уй томига чиқмадим, ҳар намоз ўқиганимда уларнинг ҳақларига дуо қилишни унутмадим».

Кекса отахону онахонларимизни, табаррук ёшдаги инсонларни эъзозлаш уларга бериладиган салом – «Ассалому алайкум»дан бошланади. Уларнинг ҳузурида ўзини хокисор тутиш, уларни кўрганда дарҳол ўрнидан туриб, ўзини ўнглаб олиш уларга бўлган ҳурматнинг изҳори саналади.

 

Закариё ҲАФИЗУЛЛАЕВ

“Камолиддин Ориф ал-Бухорий”

Жомeъ масжиди имом хатиби

Мавзуга оид мақолалар
«Вафийётулаъён» ва бошқа китобларда қуйидагилар ёзилган «Бағдоднинг ҳадис соҳиблари унинг келганини давоми...

15:56 / 01.12.2016 3387
Оилани сақлаб қолиш мумкин бўлмаган ҳолатда турмуш ўртоғингизга биргина саволни беринг Американинг давоми...

11:32 / 25.03.2019 3929
Бир неча кун аввал бир толибамизнинг никоҳ тўйи муносабати билан Қашқадарёга бордик. Ҳали кўрилмаган давоми...

06:32 / 26.01.2017 4900
Йигирма саккизинчи кун... Ассалому алайкум. Бугун йигирма саккизинчи кун. Биласизлми Кеча бир ҳикоя ўқиб давоми...

19:40 / 23.06.2017 20163