Исломни танлаган голландиялик аёл
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хадича Гунеш Голландиянинг Амстердам шаҳрида туғилган. Ижтимоий Академия мутахассиси. 21 ёшида турк миллатига мансуб йигитга турмушга чиққан. 30 ёшида Голландияда Ислом динини қабул қилди. Ҳозир Истамбулда яшамоқда. Уч фарзанднинг онаси.

Қуйида у билан олиб борилган суҳбатдан парчани эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Исломни қабул қилмасдан олдин масиҳий динида бўлган экансиз. Масиҳийликнинг қайси жиҳатларидан кўнглингиз тўлмади?  Бир пайтлар бошқа эътиқодда бўлган инсон сифатида холис фикрингизни айтсангиз.

— Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳимга ҳамд бўлсин, Ўзи ҳидоятга бошлаб, мени иймон неъмати билан сийлади. Ҳа, яқиндагина мен масиҳий эдим, аммо... Биласизми, у динда Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг ўғли, дея эътиқод қилинишига сира-сира кўника олмаганман. Дин дарсларига келган ҳамма папалар бу фикрни ҳимоя қилишга уринишар эди. Лекин ўша пайтларда, яна такрор айтаман, бу фикрни мутлақо ҳазм қилолмасдим. Мен Ийсо алайҳиссаломни фақат бир пайғамбар дея эътироф этардим. Папалар таълим берган бу каби эътиқод масалалари масиҳийликнинг асосларидан бўлганлиги сабабли,  менинг  бундай «қарши ишонч»им аслида диндан чиққишимга сабаб бўларди.

— Ислом таълимотларини ўрганишни бошлаган пайтингизда сиз учун бутунлай янги ва бегона бўлган ушбу диндаги қайси хусусиятлардан таъсирландингиз? — Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғайритабиий бир борлиқ эмас, аввало, биздек бир банда эканлиги, Исломда у Зотнинг фақатгина Аллоҳнинг элчиси сифатида қабул қилинганлиги ва буларнинг ҳаммаси Қуръонда аниқ-равшан баён этилгани менга жуда ҳам маъқул тушди. Айниқса, собиқ эътиқодимдаги баъзи асосларнинг Исломга боғлиқлигини кўрдим ва бундан ниҳоятда қувониб кетдим. Энг муҳими, баъзи динлардаги каби, Аллоҳнинг қандайдир жисм шаклида қабул этилмаганлиги менга жуда катта таъсир қилди.

— Сизнингча, ҳозирги замонда исломий ҳаёт кечириш қийин эмасми?

— Балки, кўпчилик учун  қийиндир. Менимча, бунинг асл сабаби ўша инсонларнинг Исломни билмасликларидир. Бу эса катта хато. Аслида, Ислом динидаги қоидаларнинг ҳаммаси ҳаётни осонлаштириш ва инсонни муҳофаза этиш каби ажойиб қонун-қоидалардан иборат. Масалан, ўқиб ўрганишга, ақл билан иш юритишга ташвиқ ҳам ана шу қоидалардан бири... Инсон ақл билан иш юритгани, илми туфайли ҳам ўз ҳаётига кўп яхшиликларни олиб киради. Ҳаттоки билим ва ақл пойдеворига қурилаётган ҳақ эътиқод баъзан инсондаги ҳар қандай ўринсиз қўрқувни йўқотади, ҳечдан кўра кечроқ бўлса-да, ҳақиқий йўлни топишга нима етсин! Инсон ўтган ҳаёти давомида кўплаб нарсаларга кўниккан, адолат, ҳақиқат ва ҳаёт ҳақида маълум бир хулосаларга келган бўлади. Улардан  бирданига воз кечиш – анча қийин иш. Масалан, мен ёшлигимдан ибодат қилишни жуда яхши кўрардим. Тез-тез Калисага бориб, одатга кўра, тик турган ва ҳаракатсиз ҳолда узоқ дуо қилардим. Бу тартибдаги ибодатга ўрганиб қолганим учун, аввалига, намоз ўқиш менга бир оз қийинлик қилди... Кейинроқ, Буюк Аллоҳнинг ёрдами ва инояти билан бу ибодатнинг жиддиятини тушуниб етдим ва кунига бир маҳал, озгина вақт ўтгач эса икки, уч, тўрт ва ниҳоят, беш маҳал намоз ўқишга одатландим. Табиийки, мусулмон бир оилада туғилганимда ёки ёшлигимдан исломий муҳитда яшаб, тарбия кўрганимда, намоз ўқишга тезроқ ва осонроқ киришган бўлардим. Беш вақт намоз ўқишни бошлаганимда, бу ибодатнинг нақадар буюк ва ҳидоятга бошловчи ибодат эканини англадим. Мен тамоман янги, саодатли ва шафоатли ҳаётга қадам қўйганимни ҳис этдим. Ўтган кунларимга назар ташлаганимда, масиҳийликдаги ибодат шаклининг нақадар маъносиз ва мантиқсиз эканини кўрдим.

— Намоз ўқишдаги каби рўза тутишда ҳам бирор қийинчиликка дуч келдингизми?

— Раҳмли ва меҳрибон Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар бўлсинки, У ҳамма нарсани ҳаётимизга мос равишда ва инсонга оғир келмайдиган, уни қийнамайдиган қилиб белгилаб берган. Намоз ўқиш менга  қийин бўлган ҳолда илк Рамазон рўзасини ҳеч қийинчиликсиз тутдим. Рўзани биринчи марта Европада бошладим. У ерда ёз кунлари Туркиядагига қараганда янада узун. Ифтор кеч соат 10.00 да бўларди. Шунга қарамасдан, рўза тутганман. Бу илк Рамазондаги қувончимни ҳеч унутолмайман. Ва агар Роббим хоҳласа, бу қувончларим икки дунёга татийди, деб умид қиламан ва яна тинимсиз дуо қиламанки, Аллоҳ бир лаҳзага бўлса-да, бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймасин. Тўғри йўлидан адаштирмасин...

hilol.com сайтидан

Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўрталаридаги ўзаро муҳаббат давоми...

19:55 / 29.12.2016 3671
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Менинг исмим Саид, 34 ёшдаман. Швецияда яшайман. Ўтган йили давоми...

18:18 / 01.12.2016 2928
Еттинчи кун... Ассалому алайкум Мана бугун еттинчи кун Рамазоннинг биринчи ҳафтаси ҳам ўтди. Бир ҳафта давоми...

19:20 / 02.06.2017 3628
Карам шўрвалар жуда ҳам майин ва енгил таом бўлиб, соғлом овқатланувчи ва қадди қоматига эътибор қилиб давоми...

13:45 / 25.01.2017 3670