Сўнгги мақола
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Танловимиз декабр ойининг 15 кунига қадар давом этишини эълон қилган эдик.  Ушбу қатнашчимиз мақолани юборишда манзилда янглишганлари сабабли мақолалари бироз кечроқ чоп қилинди. Мухлисларимиздан эътиборли бўлишларини сўраймиз!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтирайлик

«Расул сизга нимани берса, олинг ва сизни нимадан қайтарса, қайтинг», деб марҳамат  қилган Аллоҳ таолога махлуқотларининг ададича, ўзи рози бўлгунча, аршининг оғирлигича, калималарининг ададича ҳамд ва санолар айтамиз.

«Сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч ҳам адашмайсиз. Булар Аллоҳниг китоби ва менинг суннатимдир»,  дея бизга тўғри йўлни кўрсатган севикли Пайғамбаримизга қум зарралари, денгиз кўпикларича салавот ва саломлар йўллаймиз.

Азиз ўқувчи, сизда, балки, мақола сарлавҳасини ўқигач: «Суннат ўлиб, яна қайта тирилиши мумкин экан-да?!» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ҳа, қадрдон диндошим, суннат ҳам худди барча жонзотлар каби ўлиб, сўнг яна қайта тирилиши мумкин. Аллоҳ таоло ўзининг энг суюкли Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтиришликни у Зотнинг умматлари зиммасига юклади. Зотан, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Расули  акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларининг ўлиши – унинг амалдан қолишидир. У Зот суннатларининг тирилиши эса яна қайтадан ҳаётга татбиқ қилинишидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Оли Имрон сурасининг 31-оятида қуйидагича марҳамат қилади:

Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт.

Яъни Эй Расул! Умматларингизга бундай деб айтинг: «Агар ҳақиқатда Аллоҳга муҳаббат қилсангиз. Бас менга эргашинг ва менга зоҳирда ҳам ботинда ҳам иймон келтиринг. Ана шунда Аллоҳ сизларга муҳаббат қиладир ва гуноҳларингизни ўчиради. Чунки у бандаларининг гуноҳларини кечирувчидир». Бу ояти карима Аллоҳ таолога муҳаббат қилишини даъво қилиб, лекин Муҳаммад алайҳиссаломга чинакамига эргашмаётган ҳамда у Зотнинг буйруқ ва қайтариқларига итоат қилмаётган кимсанинг даъвоси ёлғон эканига ҳукм қилади. Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий маънода эргашса, суннатларини ҳаётига татбиқ қилса, шунда унинг муҳаббати ҳақиқий деб эътибор қилинади.

Авф ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн ал-Ҳорисга: «Билгин!» дедилар. «Нимани билай, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Билгин, эй Билол!» дедилар. «Нимани билай, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ким мендан кейин менинг амалдан қолган суннатларимдан бирини тирилтирса, унга ўша суннатга амал қилувчиларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда берилишини. Ва ким Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмайдиган залолат – бидъатни янгидан пайдо қилса, унга ўша бидъатга амал қилганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлишини, бу эса одамларнинг гуноҳларидан бирор нарсани камайтирмаслигини», дедилар».

Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки маротаба «Билгин» дейишлари ўша ерда ҳозир бўлганларга жудаям муҳим нарсанинг хабарини бериш мақсадида диққатни жамлаш учун бўлди. Ана шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асосий мақсадга кўчдилар ва марҳамат қилдилар: «Ким мендан кейин менинг амалдан қолган суннатларимдан бирини тирилтирса». Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин умматлари ичида у Зотнинг суннатларини тарк қиладиганлар чиқишини билганлар. Мана шу ерда ҳаммамиз ўзимизни инсоф билан тафтиш қилайлик. Пайғамбарларнинг сўнггиси, барча набийлар ҳавас қилган Зот, Ҳақ таолонинг энг суюкли Расули, ҳабиби, муборак умрларини сиз билан бизнинг саодатимиз, дўзахдан нажот топиб, жаннатни қўлга киритишимиз ғамида ўтказган, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини қай даражада биламиз? У Зотнинг суннатларидан қанчасига амал қиламиз? Агар санаб чиқилса, уялиб қолмаймизми? Ахир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Одам Атонинг сулбидалигидан то ҳаётларининг охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган, йигирма уч йил Роббул оламин билан одамларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган, фаришталар ҳам ҳавас қилган, барча разолатлардан узоқда бўлиб том маънодаги ҳақиқий комил инсон бўлиб яшаган Зот-ку! Шундай экан, васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганиб, суннатларини ўз ҳаётимизга татбиқ қилиш ҳар бир мусулмоннинг энг муқаддас бурчидир.

Натижада биз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Унга ўша суннатга амал қилувчиларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда берилиши...» вадаъсини қўлга киритамиз, иншааллоҳ.

Саҳобаи киромлар (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин) Набий алайҳиссаломнинг суннатларига эргашишликда то қиёматгача келадиган авлодларга гўзал ўрнак бўлганлар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз юришар ва у Зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ёдлаб олишар ва ҳаётларига татбиқ қилишарди. Ҳатто зарур иш ёки юмушлари чиқиб қолган кезларда  бошқа кишиларни ўзларингин ўринларига қолдириб, у Зотдан содир бўлган нарсаларни яхшилаб ўзлаштириб олишни илтимос қилар эдилар. Қайтиб келганларида эса дарҳол ўзлари йўқ пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган гап, иш, амални тайинлаб кетган одамлардан сўраб билиб олар эдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз қўшнилари билан келишиб, навбат ила Пйғамбаримиз ҳузурларида турганликлари у кишининг ўзидан ривоят қилинган.

Қози Иёз ва Ибн Саъд  раҳматуллоҳи алайҳимлар Абу Саъд ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан намоз ўқиб туриб, кавушларини ечиб, чап тарафларига қўйдилар. Буни кўриб одамлар ҳам кавушларини ечдилар. Намозни ўқиб бўлиб у Зот: «Нима учун кавшларингизни ечдингиз?» дедилар. Улар: «Сиз кавушингизни ечганингизни кўриб», дейишди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жаброил уларда нопоклик борлигининг хабарини берди», дедилар».

Аслида, нопоклик Пайғамбар алайҳиссаломнинг кавушларида эди. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом у Зотга кавушларини ечиб қўйишни хабар қилган эдилар. Бошқаларнинг кавушларини ечишга зарурат йўқ эди. Аммо саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш истаклари ғоятда кучли бўлганидан «Модомики Расулуллоҳ ечдиларми, биз ҳам ечишимиз лозим», деб шундоқ қилдилар. Бу оддий бир мисол, холос. Саҳобаи киромларнинг ҳаётлари бу каби иқтидонинг олий намуналарига тўладир...

8 декабрь 2016 йил

Абдурауф СУЛТОНОВ

Мавзуга оид мақолалар
Ҳа, бизнинг муқаддас динимиз Исломда илм ўрганиш, айниқса, Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони Каримни давоми...

16:59 / 26.03.2019 5443
Ҳар йили фақат ҳаж ва умрага келувчи мусулмон зиёратчилар учун Саудиянинг Макка шаҳри яқинида махсус янги давоми...

11:18 / 25.01.2017 3524
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Бизларни яхшиликлар узра жаъм қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Ўзига лойиқ давоми...

21:17 / 18.03.2017 4722
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ўзининг азиз китобида «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг давоми...

06:28 / 24.11.2016 4923