Танлов (иккинчи мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ГЎЗАЛ ХУЛҚ – ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТ

    Дунёга келган инсонлар бир-бирлари билан муомала қилмасдан яшашининг иложи йўқ. Уларнинг ўзаро муомалалари худди меҳмонга қилинадиган муомаладек ширин ва мулойим бўлиши шарт. Зеро, барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз.

Бу тўғрида Ойша онамиз розияллоҳу анҳога қилган панду-насиҳатларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: «Эй Ойша, ўзингга юмшоқликни лозим тутгин, қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан, чунки юмшоқлик аралашган ҳар бир нарса чиройли бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур».

Дарҳақиқат, юмшоқ, ширинсўзли кишини барча яхши кўради, қўпол, қўрс кишидан эса ўзини четга олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб, шундай деганлар: «Қиёмат кунида мўмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқдир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз айтувчиларни ўзига дўст тутмас».

Ҳадисда келтирилишича: «Одамларга аралашмаган, уларнинг озорларига сабр қилмаган мўминдан, одамларга аралашган, уларнинг озорларига сабр қилган мўмин афзалроқдир».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларидан: «Хўш, кимни энг кучли одам деб ўйлайсизлар?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли бўлади», деб жавоб беришди. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, ундай эмас. Жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучлидир», дедилар. Шу сабабдан Аллоҳ таоло ҳам ғазабини ичига юта оладиган кишиларни Қуръони Каримда мақтаган:

«(Улар) енгилликда ҳам оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради» (Оли Имрон сураси, 134-оят).

Ҳикоя қилишларича, улуғлардан бирининг хизматкори хўжайинига таом келтираётиб, оёғи чалишиб йиқилади ва қўлидаги таом тўкилиб, гиламни булғайди. Хўжайин ғазабга тўлади, шунда хизматкор: «Эй тақсирим, Аллоҳ таолонинг сўзини эсланг», дейди. «Аллоҳ нима деган?» сўрайди хўжайин. Аллоҳ таоло «Ғазабини ютувчилар...» деган дейди хизматкор. Шунда хожаси: «Майли, мен ҳам ғазабимни ичимга ютдим», дейди. Аллоҳ таоло яна: «Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ севади», деган» дейди хизматкор. Шунда хўжайин: «Аллоҳ таоло учун сени озод қилдим», деб хизматкорни қулликдан озод қилади ҳамда минг динор ҳадя беради.

Шу кичик ҳикоядан Аллоҳ таолонинг ахлоқ-одобга чақирган бир ояти кишининг икки дунёсини ҳам обод қилиши мумкинлигининг гувоҳи бўламиз. Бир оятга амал қилган хизматкор қул Аллоҳнинг раҳматига эришиб, иккинчи тарафдан ҳурлик саодатига етишди. Аллоҳ таоло барчамизга гўзал хулқли бандалардан бўлиб, қиёматда юқори даражаларга эришишни насиб этсин.

Адҳам ДЎСМАТОВ,

Тошкент Ислом Университети магистранти

 «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-ноиби

Мавзуга оид мақолалар
Керакли масаллиқлар 2 стакан ун, 2 чой қошиқ қабартма туз разрыхлитель, 1 та лимон, 80 г юмшатилган сариёғ, 2 та давоми...

20:36 / 29.12.2016 4181
Болаликда акам билан кўп уришардик. Баъзи вақтларда, ҳатто ёқалашиб ҳам кетардик. Шунда дадам мени кўчага давоми...

22:24 / 05.11.2023 2690
Баъзи саҳифаларни Қуръон оятлари билан номлаш ҳам ўша оятларга ҳурматсизликдир. Шундан келиб давоми...

10:32 / 20.04.2019 3171
Аллоҳнинг фазли ва марҳамати билан 30 март душанба куни эрталаб мажлис  марҳум Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон давоми...

09:58 / 05.02.2017 4595