Энг яхши китобга энг яхши одоб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энг яхши китобга энг яхши одоб

Қуръони Карим башарият учун нозил қилинган энг яхши китоб, Аллоҳ таолонинг мўжизасидир. Шу боис унга нисбатан муносиб одоб, ҳурмат кўрсатилиши лозим.         

Қуръон ўқувчи қори холис ният қилиши, Қуръон одобларига тўлиқ амал қилиши керак. У тиловат пайтида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши, Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлиши керак. Гарчи у кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло бандани кўриб туради.

Қуръон тиловати ва қориларнинг одоблари:

– қироатдан олдин оғиз мисвок ёки бошқа воситалар билан тозаланади. Мисвокнинг энг афзали арок дарахтидан олинганидир. Аммо тишларни тозалашда бошқа воситаларни ҳам ишлатса бўлади.

Агар оғизда қон ёки бошқа нарсалар бўлса, уни ювиб ташламай Қуръон тиловат қилиш макруҳ саналади;

– Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Жунуб ва ҳайз кўраётган аёл бир оят ёки ундан кам миқдорда бўлса ҳам ўқиши ҳаром. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан, қалбдан ўтказса бўлади. Шунингдек, бундай ҳолда Мусҳафга назар солиш ҳам жоиз.

Жунуб ва ҳайз кўрган аёл тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир айтиши ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавот йўллаши мумкин. Бу тоифадагилар мусибат етганда Қуръон оятини ният қилмаган ҳолда: «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун», дейишлари жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Шунингдек, улар уловга минишда: «Субҳааналлазий саххоро ланаа ҳаазаа ва маа куннаа лаҳу муқринийн», деб айтишлари ва фақат дуо нияти билан: «Роббанаа аатинаа фид-дунйаа ҳасанатав-ва фил-аахираоти ҳасанатав-ва қинаа азаабан-наар», дейишлари ҳам жоиз;

– қироат қилинадиган жой пок ва озода бўлиши лозим. Шунинг учун кўп уламолар, масжидда Қуръон ўқиш мустаҳаб, деганлар. Чунки масжид доимо озода бўлади. Бунда масжиднинг ҳурмати ва шарафи ҳам эътиборга олинади;

– Қуръон ўқувчи қироатни бошлашдан аввал: «Аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм», дейди. Бу фикр жумҳур уламоларнинг сўзларидир.

Аллоҳ таоло айтади:

فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ  فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ

«Қачон Қуръон ўқисангиз, малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўранг(Наҳл сураси, 98).

Кўпчилик салаф уламолар тааввузни «аъузу биллааҳис-самийъил ъалийми минаш-шайтонир рожийм» тарзида айтишган. Ушбу сийға (шакл) ҳам мақбул, лекин энг афзали биринчиси (яъни «аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм»)дир.

Хоҳ намозда ёки бошқа ҳолатда бўлсин, қироат аввалида таъаввузни айтиш мустаҳаб, вожиб эмас. Шунингдек, Тавба сурасидан бошқа ҳамма суралар аввалида

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ  яъни «Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳийм»ни айтиш лозим. Агар басмалани тарк қилса, кўпчилик уламоларнинг фикрича, Қуръоннинг одобини бузган ҳисобланади;

– агар қори адашиб кетмаса, Қуръонни йўлда ёки сафарга кетаётганида қироат қилиши жоиз. Агар қироатда хаёли чалғиса ёки янглишса, у ҳолда йўлда тиловат қилиш макруҳ.

وَعَنْ حُمَيْدٍ الأَعْرَجِ عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: إِذَا تَثَاوَبْتَ وَأَنْتَ تَقْرَأُ فَأَمْسِكْ عَنْ الْقِرَاءَةِ حَتَّى يَذْهَبَ عَنْكَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.

Ҳумайд Аърож Мужоҳиддан ривоят қилади: «Ўқиётганингда эснасанг, эснаш тўхтагунича қироат қилмай тур» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).

Демак, эснаётганда Қуръон ўқиш мумкин эмас. Бунда тиловатни тўхтатиб туриб, оғизни ўнг қўл билан ёпиш керак. Бу ҳам одобдандир;

– намоздан ташқари ҳолатда ҳам қиблага юзланиб тиловат қилиш мустаҳаб;

– Қуръон ўқувчи қори сокин ва виқор билан, бошини қуйи солиб, ўзини худди устози олдида ўтиргандек тутиши лозим. Аллоҳ таоло айтади:

لِّأُوْلِي الألْبَابِ  خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ  إِنَّ فِي

الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُودا وَعَلَىَ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ

رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّار

«Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам ётиб, ҳам Аллоҳни зикр этадилар* ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар): «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!» (Оли-Имрон сураси, 190-191-оятлар).

Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу айтади: «Мен Қуръонни намозда ҳам, ётоғимда ҳам ўқийман».

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни унга қалбларингиз улфат бўлиб турганда қироат қилинг. Қачон ихтилоф қилсангиз, туриб кетинг», дедилар» (Икки шайх ривояти).

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз икки хил таъвил қилганлар.

Биринчи таъвил: Қуръоннинг маънолари ҳақида иттифоқ бўлиб турганингизда қироат қилинг. Агар ихтилоф қилиб қолсангиз, талашиб-тортишиб жанжаллашмасдан ўрнингиздан туриб кетинг.

Иккинчи таъвил: Қуръонни қалбингиз унга иштиёқ қилиб, ошиқ бўлиб турганда ўқинг. Қачон малол кўришни сезсангиз, ўрнингиздан туриб кетинг.

Албатта, бу икки маънога ҳам амал қилмоқ керак.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ чиройли овозли набийнинг овоз чиқариб Қуръонни оҳангли қилиб ўқиганига қулоқ солганчалик ҳеч бир нарсага қулоқ солмаган», дедилар» (Иккисини учовлари ривоят қилган).

Шарҳ: Бу – Қуръони каримни қоидаси билан чиройли қилиб қироат қилиш жуда ҳам марғуб амал эканига далилдир.

Абу Довуд ва Имом Бухорийнинг ривоятида:

«Қуръонни овозларингиз ила зийнатланглар. Ким Қуръонни оҳанг билан ўқимаса, биздан эмас», дейилган.

Шарҳ: Овозни чиройли қилиб қироат қилиш Қуръонни овоз ила зийнатлаш бўлади.

Мўмин-мусулмон одам Қуръони Каримни қоидага мувофиқ қилиб оҳанг билан ўқимоғи даркор. Ким тажвид қоидаларига ва оҳанг билан қироат қилишга амал қилмаса, макруҳ ишни қилган бўлади. Баъзи уламолар бу ишни ҳаром, ўшани қилган одам гуноҳкор, деганлар.

Қуръони Каримни қоидага риоя қилмай ўқиётганларни кўрган кишилар уларга бу иши нотўғри эканини яхшилаб тушунтирмоқлари лозим.

Аллоҳ таоло:

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً

«Ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил сураси, 4-оят), деб буюрган.

Шарҳ: Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин-мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад (алайҳиссалом)га фаришта Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар (алайҳиссалом) умматларига тартил билан ўқиб берганлар.

Мусулмон уммати эса авлоддан-авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У кишидан, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм, деб бисмиллаҳни чўзиб, ар-Роҳманни чўзиб, ар-Роҳиймни чўзиб қироат қилди» (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган).

Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васалам)га Жаброил (алайҳиссалом) орқали нозил қилган. У Зот Қуръони Каримни қандоқ қилиб қабул қилиб олган бўлсалар, худди шундоқ қилиб ўз саҳобаларига ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони Карим ва унинг қироати авлоддан-авлодга омонат ила ўтиб келмоқда.

Хулоса килиб айтганда, тиловат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам)нинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса Қуръони Карим қироатининг силсиласи Набий (соллаллоҳу алайҳи васалам)га бориб туташадиган устоздан ҳар бир ҳарфини, ҳар бир сўзини, ҳар бир оятини  мукаммал ўрганиш лозим бўлади.

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар мадрасаси

3-босқич талабаси Азиза Мўминова тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
Масаллиқлар 200 гр қайнатилган мол гўшти, 4 та помидор, 2 та бодринг, 2 та пиёз, 200 гр гуруч, 200 гр сметана, давоми...

13:05 / 29.11.2016 3660
Чечаклар юз очди яна баҳор келиб, Кўнгиллар эриб кетарди сизни кўриб. Бахтлидир  хизматингиз қилганлар давоми...

11:25 / 08.04.2019 5982
Онанинг тўлғоқ пайтида фаришталар сўраркан «Ё Робби, гўдак ўлик туғилсинми, тирик туғилсинми» Шунда Аллоҳ, давоми...

06:08 / 28.12.2016 3359
Аввал хабар берганимиздек, бугун Тошкент шаҳри бўйлаб шукуҳли Қуръон мусобақаси бошланди. Мумтоз давоми...

14:51 / 13.02.2018 2819