Зулҳижжа ойининг фазилатлари ва унда амалга ошириш мустаҳаб бўлган амаллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зулҳижжа ойининг фазилатлари ва унда амалга ошириш мустаҳаб бўлган амаллар

Замон ва маконлар эгаси бўлган Аллоҳ таоло «Тавба» сураси 36-оятида

نَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِندَ اللّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَات وَالأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир», деб марҳамат қилган. Ушбу ўн икки ойнинг энг сўнггиси ва тўрт уруш қилиш ҳаром бўлган ойлардан бири зулҳижжа ойидир. Аллоҳ таолонинг  мўмин бандалари ҳар вақт ва маконда ўз Роббиларига ибодат қиладилар. Шу билан бирга, Аллоҳ ҳам ўз бандаларини унда адо этилажак ибодатлар учун  чексиз савоблар ёзиладиган, ўз наздида даражаси улуғ бўлган ойлар ва кунлар билан сийлаган. Зулҳижжа ойи ҳам шундай ойлардан бўлиб, унинг аввалги ўн кунининг фазли ниҳоятда улуғдир.  Бунга Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қатор далиллар келтирилган. «Фажр» сурасининг илк оятлари

وَالْفَجْرِ۝ وَلَيَالٍ عَشْرٍ۝

«Тонгга қасам ва ўн кеча билан қасам» деб бошланиб, тафсир уламолари, хусусан, Ибн Касир, Ибн Аббос ва бошқалар бу ўн кечадан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир, деб айтганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибодат қилинадиган бирор кун зулҳижжанинг ўн кунидан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир», деганлар (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). Шунингдек, Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда ҳам ушбу ой ва ундаги ўн куннинг фазли баён этилган. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун)ларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки у (кун)лар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолога зикр (айтиладиган) кунлардир ва у (кунлар)дан бир кунининг рўзаси бир йилги рўзага баробардир. У(кун)ларда қилинган амал етти юз баробарга тенг бўлади», деганлар. («Дурри мансур», «Хитоботул аҳком») Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уламолар бу кунларнинг фазли унда намоз, рўза, зикр, садақа, ҳаж каби улуғ ибодатлар жамланишидандир, зеро бундан бошқа ойларда бу ҳолат кузатилмайди, деб баҳолаганлар. Юқоридаги ҳадислардан зулҳижжанинг дастлабки кунидан тўққизинчи кунига қадар турли ибодатлар билан машғул бўлиб, кундузларини рўза билан, кечаларини эса бедор ўтказишга ҳаракат қилиш лозим эканлиги келиб чиқади. Қуйида ушбу кунларда адо этилиши мустаҳаб бўлган амаллар ҳақида маълумот бериб ўтамиз:

  1. Намоз. Ушбу кунларда фарз намозларни жамоат билан адо этишга эътиборли бўлиш, нафлларни кўпайтириш муҳим саналади. Чунки саждани кўпайтириш билан банданинг Аллоҳ наздидаги даражаси юксалиб, гуноҳлари тўкилиши ҳақида ҳадислар ворид бўлган.
  2. Рўза. Зулҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутиш суннатдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ўн кунликда солиҳ амалларга ундаганлар, рўза энг афзал амаллардан саналади. Аллоҳ таоло бу амални Ўзи учун хослаган. Ҳадиси қудсийда келганидек: «Аллоҳ таоло: «Одамзотнинг ҳар бир амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно. У мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман», деди» (Бухорий (1805) ривоят қилган). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари зулҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутардилар. Ҳунайда ибн Холид аёлидан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларининг биридан ривоят қилишича, «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжанинг тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кун – ойнинг биринчи душанбаси ва икки пайшанбасида рўза тутардилар» (Насоий (4/205) ва Абу Довуд ривоят қилганлар). Арафа кунининг рўзаси ҳам шу ўн кунлик ичига киради ва унинг фазли аввалги кунлардан ҳам ортиқ. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа кунининг рўзаси минг куннинг рўзаси кабидир», дедилар. Ва яна Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа кунининг рўзаси сабабли Аллоҳ таоло ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йилни каффорат қилишини умид қиламан», дедилар (Термизий ривояти).
  3. Такбир. Ушбу ўн кунликда такбир, таҳлил, ҳамд ва тасбеҳни кўп айтиш суннатдир. Аллоҳга бандаликни изҳор қилиб ва Унинг буюклигини эълон қилиб, ушбу зикрларни масжидларда, уйларда, йўлларда ва Аллоҳни зикр қилиш жоиз бўлган ҳар қандай ўринда айтиб юрилади. Аллоҳ таоло айтади:

    لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ عَلَى مَا رَزَقَهُم مِّن بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِير۝َ

    «Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)» (Ҳаж сураси, 28-оят). Жумҳур уламо маълум кунлардан мурод – зулҳижжанинг ўн куни эканини таъкидлаганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Маълум кунлар – ўн кунликдир», деганлар.
  4. Ҳаж ва умрани адо этиш. Бу кунларда қилинадиган энг улуғ ибодатлардан бири – ҳаж ва умра ибодатидир. Аллоҳ таоло кимни ҳаж ва Ўз уйининг зиёратига муваффақ қилган бўлса ва у ҳаж маросимларини бекаму кўст адо этса, иншааллоҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидан насибадор бўлади: «Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Муттафақун алайҳ).
  5. Қурбонлик сўйиш. Ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан яна бири – Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш мақсадида қурбонлик сўйиш бўлиб, қурбонлик қилинадиган жонлиқни имкон қадар семизроқ ва яхшироғини танлаб олиш, Аллоҳ йўлида пул-мол сарф қилишга қисинмаслик керак. Қурбонлик қилувчи киши зулҳижжа ойи кўрингандан бошлаб, то қурбонлигини сўйиб бўлгунича тирноқ ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларини олмай туриши мустаҳабдир.

Булардан ташқари банда ушбу ойда холис тавба қилмоғи ва ҳар қандай солиҳ амаллар - қариндошларни зиёрат қилиш, етим-есир, бечора мискинларга ёрдам бериш, садақани кўпайтириш, хуш муомала бўлиш, аҳли оиласига янада илтифот кўрсатиш кабиларга ҳам эътиборли бўлмоғи ҳар бир мусулмон учун кўрк ва зийнатдир.

Зулҳижжа ойи каби тоат мавсумларининг фойдаси шуки, улар пайтида инсон ибодатларидаги кемтикларни тўлдириб олади ва қўлдан бой берган ажру савоблари ўрнини қоплаб олади. Ушбу ойлар, кунлар ва соатлар мавсумини ғанимат билиб, уларда тоат-ибодатларни имкон қадар кўп ва гўзал адо этишга ҳаракат қилиб, ўзининг Аллоҳ ҳузуридаги даражаси юксалишига интилади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти

ўқитувчиси Абдувалиева К.

Мавзуга оид мақолалар
Англияда механик бўлиб ишлайдиган Томас исмли киши бор эди. У таомини зўрға топиб ерди. Аллоҳ таоло унга бир давоми...

10:43 / 14.11.2017 5606
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, ойларнинг ҳеч бирида Шаъбондагидек давоми...

00:21 / 04.03.2023 2586
         Хабар Ислом тарихи фанидан очиқ дарс 24 апрель санасида Хадичаи Кубро аёлқизлар билим юртида Ислом давоми...

13:39 / 25.04.2017 4805
Қандай жараён тарбия жараёни деб аталади Тарбия кенг маънода ёшларнинг, инсонларнинг объектив ва давоми...

10:43 / 19.10.2016 5314