«Исломга бағишланган умр» китобини ўқиб...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

                        «Исломга бағишланган умр»  китобини ўқиб...

   Ҳазратимизнинг укалари Муҳаммад Амин ҳожи акамизнинг ҳазрат хақидаги хотиралари китоб қилиб нашр қилинганлигини эшитиб китоб дўконига ошиқдим. Йўлда борар эканман,  ҳожи аканинг бу ишларидан  мамнун бўлиб, китобни ўқиб Ҳазратимизни янгидан кашф этсам керак деб, ўйладим. Дўконга кириб китобни қўлга олиб варақлаб ҳам шу сўзларга кўзим тушди.  Китобни ўқиш давомида Ҳазратимиз хақларида ҳеч нарса билмаслигим аён бўла бошлади. Мен билган эзгу ишлари заррадан томчи экан.

   Хотираларни ўқир экансиз, гўё ўша кунларда яшаётгандек ичига сингиб кетасиз. Қиблагоҳлари Муҳаммад Юсуф алайҳи роҳманинг оиласи диёнатда мустаҳкамлиги, динга муҳаббатлилиги, фарзанд тарбияси ва бу йўлдаги машаққатлар, ситамлар, озорлар, ва буларга гўзал сабрда бўлганлигини ўқиб беихтиёр бу тақводор оилага муҳаббатингиз зиёда бўлади.  Китобга шунчалар берилиб кетибманки, ифтор вақти бўлганлигини ҳам сезмабман. Хотираларнинг  тугаб қолишини хоҳламасдим. Улар қанчалар динларига хизмат қилиб, амал қилиб машаққатлар тортган бўлсалар, шунча роҳат кўрганларини ҳам кўп-кўп ўқишни ич-ичимдан хоҳлардим.

  Бу битиклар шунчаки ўқиб, китобни бир четга  қўядиган хотиралар эмас эди. Бу бизлар севган, аслида Аллоҳ суйган ва бизни суйдирган буюк инсон, миллат фахри, халқ ифтихори шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг шонли ҳаёт йўллари эди. Ватаннинг забардаст фарзанди, Исломнинг порлаган юлдузларидан бири хақида эди. Биз Ҳазратнинг қадрини билдикмикин, ҳаётликларида ардоқлай олдикмикин? У муборак зотнинг хазиналарини халқ энди топиб олдими, қадрларини энди билмоқдалар, меросларидан кўпроқ манфаат олмоқдалар. Вафотларини эшитиб миллионлаб мусулмонлар андуҳга ботдилар. Марсиялар битдилар. Нега? Негаки Ҳазрат бутун борлиғини, ҳаётини, шу одамлар учун, дин учун бағишлаган улуғ аллома зот эдилар. Динини севган инсонлар, албатта, бундай зотларни севмаслиги мумкин эмас. Ҳазрат хақида нимаики дил сўзлар битилган бўлса, ҳаммаси холис дилдан ёзилган, юракдан чиққан нолалар. Биз ичимизда қандай буюклар яшаётганлигини нечун кеч англаб етамиз? Нега уларга озор берамиз? Наҳот, ақлимиз шунчалар ноқис? Ёки бепарвомизми? Нечун аларнинг қадрларига етмаймиз? Ҳайронман. Аллоҳнинг ҳикмат тўла ишларига бепарво қараш асло мумкин эмас. Ҳазратдек буюкларнинг борлиги элу юрт учун айни файз, баракот эди-ку.

   Китобни ўқиш давомида Ҳазратнинг қиблагоҳлари ва волидаи меҳрибонлари ҳаққига беихтиёр дуолар қиласиз. Аларнинг сабр-матонатлари ва жасоратлари олдида таъзим қиласиз. Қани эди, дунёдаги жами ота-оналар шулардек бўлса,  дунё ўзи гулистон бўлармиди. Одамлар фарзандидан куймасмиди, балки. дунёда ёмонлар қолмасмиди.

   Ҳазратимизнинг шахсий ҳаёти ва дин йўлидаги меҳнатларининг ҳаммасида Аллоҳнинг Ўзи тарбиячи бўлганлиги, илоҳи Раббонининг хоҳиш-иродаси, меҳрибонлиги деб биламиз. Нуқтадон ўқувчи хотираларни ўқир экан, Ҳазратнинг ҳаёт йўллари замирида ҳикмат яширинганлигини илғаб олиши қийин эмас. Аллоҳ Ҳазратни ҳижратда – айрилиқ ва Ватан соғинчи каби синов ва имтиҳонларга қўйган бўлса-да, муқаддас заминларда «Тафсири ҳилол» ва «Ҳадис ва ҳаёт» китобларининг ёзилганлигини илоҳий ҳикмат деб англамоқ лозим.

  Ҳазрат ҳижратдалик вақтларида ҳам халқининг тақдири, иймон-эътиқодини ўйлаб китоблар таълиф этганлигининг ҳаммаси Ҳақ таолонинг иноятидир! Кимга?  Албатта, бизларга! Ҳазратнинг ўша кезлардаги машаққат ва уқубатларининг ширин мевасини бугун мана халқ кўриб, фойдаланиб, баҳраманд бўлиб турибди. Бугун миллат Ҳазрат сабаб динида илгарилади. Маълум бир даражаларга етди. Халқ бир сура ёзилган китобга, ҳадиси шариф битилган муқовага зор бўлган кезларни учратасиз китобда. Бугун эса мусулмонлар шариат ва динини   китоблардан эмин-эркин ўрганмоқдалар. Бу Аллоҳнинг Ҳазрат сабаб бизларга инъом этган хазинаси эмасми?! Ҳа, айнан шундай!

  Одамлар орасида: «Диний китоблар ёзиб бўлмайди, динни оммаи халққа илм аҳли етказиб туриши керак», деб калта ўйлайдиганлар ҳам бор экан. Ҳайҳот! Одам ўз дини учун  ҳам шунчалар хасис бўладими? Ахир китоб маънавий нур эмасми! Маърифат қуёши эмасми! Китобларсиз шариатни тасаввур қилиб бўладими? Илм чиқариш учун, маърифатли бўлмоқ учун китоб, албатта, керак-ку! Китоби йўқ уй, чироғи йўқ уйдир. Одамлар мунча дунё чироғига ошиқдилар. У нафсни ёритади, холос, қалб эса маърифат чироғисиз зулматда қолаверади. Шунисидан асрасин. Бас, одамлар, қалб чироқларини ёқинглар!

   Ҳа, ана шундай маърифат чироқларини Ҳазрат миллатга, динга, том маънода беқиёс хазина қилиб  қолдирдилар. Бу илоҳий иноятни Аллоҳдан эканлигини ким инкор этади? Ким бугун Ҳазратнинг хизматларини қадрламайди, Аллоҳнинг бизга меҳрибонлигини, иноятини қабул қилмайди? Аллоҳ сақласин!

  Китобни ўқиш давомида дафъатан сиз кутмаган, ҳали ҳеч қаерда берилмаган, Ҳазратнинг меҳрибон волидаларидан ажралиб қолганда ёзилган юрак нолалари, марсияларига дуч келасиз:

  «ОНАЖОНИМ, ВОЛИДАИ МЕҲРИБОНИМ!!!» деб бошланувни бу кўнгил оҳини ўқиган ҳар қандай бағритош инсон ҳам чидаб туролмайди. У нидолар юрак тубидан чиққанлиги учун инсон баданларини титратиб юборади. Кўзлар жиққа ёшга тўлади. Онага бўлган муҳаббат қошида таъзим қиласиз. Ҳайҳот! Ҳайҳот! Муҳтарама волидалари ҳақларида илтижолари кўнгилларни сел қилади. Буларни тасвирлашга тилим лол.

  Бу марсия инсоният учун намуна, ўрнак, дарс ҳам. Фарзанд тарбиясида, ота-онага муҳаббат борасида бундан ортиқ насиҳат бормикин. Бу марсияни мен зарҳал ҳарфлар билан ёздириб ҳар бир хонадонга тортиқ қилган бўлардим. Токи  инсоният бахт-саодатла яшасин. Ота-онани қандай улуғ зотлар эканлигини фарзандлар англасинлар. Ҳазрат каби улуғлар ҳадеб туғилавермаслигини, аларнинг кўнгил нолаларида ҳам буюк панд-насиҳатлар борлигини билиб яшасинлар. Ибратлансинлар!  Насиҳат олсинлар!

  Ҳазрат оналари вафот этганларида ҳижратда бўлган эканлар. Бу нарса қалбларида армон бўлиб қолган. Лекин онаизори хақларида Кабаи муаззамада қилган илтижолари, юрак нолаларини ўқиб чидолмайди инсон. Кўнгиллар сел бўлади уларни ўқиб.

  Қиблагоҳларининг жанозаларини ўзлари ўқиган эканлар. Ўшанда халққа қилган ваъзлари ҳам китобга киритилган ва бу жуда аҳамиятли. Ўшанда биз ёш йигитча эдик. Масжидда эшитгандим: «Муҳаммад Юсуф домла ўтибдилар» деишса, танимасдан, «ким-ким у киши деганмиз?» «Ҳазратнинг оталари дегандилар», ўшанда Ҳазратнинг номларини биринчи бор эшитишим эди. Ўшандан кейин Ҳазратнинг  китобларини ўқий бошладим. Бир китобни олиб кейин бозорга борсам (у пайтларда китоб бозори бўларди) янгилари босилиб чиққан бўларди. «Битта китобни ҳали ўқиб бўлмадим, бир нечта янгилари нашрдан чиқибди-я?» деб ҳайрон бўлардим. Кейин англаб етсам, Аллоҳ ҳазратга шундай баракотли умр ҳам берган экан. Эзгуликка шунчалар шошган инсон борми яна? Ё Раббим, мунчалар меҳрибонсан. Ичимиздан Ҳазратдек улуғларни чиқармоғинг бизларни суйганингдан-да.

  Шу тариқа Ҳазратга меҳримиз, муҳаббатимиз зиёда бўла бошлади. Ҳазратни биринчи бора Ҳасан-Ҳусан қориларимизнинг никоҳ тўйларида кўрганман. Ўшандан кейин Аллоҳ холис ниятларимизни мукофотлаб, Ҳазратнинг дуолари, суҳбатларини бир неча маротаба насиб этди. Хос суҳбатларида бўлдик. Бир умрга татигулик таассуротлар қолган қалбимда. Энди кўнгилларига йўл топганимизда... айрилиқ ва ҳижрон изтироби ҳали-ҳали дилларни тирнайди, кўнгилларни беҳаловат қилади.

   Одамлар Ҳазратни бир бор кўрибоқ, меҳри тушиб қолаверган. Чунки у зотни Аллоҳ суйди. Аллоҳ суйганни бандалари севмоғи шаксиз. У зотнинг юзлари  шунчалар иссиқ эди. Ёнларида ўтириб бирга тушлик қилганмиз, термулиб тўймасдим муборак юзларига.

  Ҳазратим, сиз бизларни жисман тарк этган бўлсангиз ҳам, сиз доим сизни севганлар билан биргасиз. То рўзи қиёмат қадар азиз номингиз, сиз қолдирган маърифат чироқлари хаста дилларга, қоронғи кўнгилларга чироқ бўлиб қалбларни мунаввар этажак!

 Бу қандай ҳам улуғ саодат. Ҳа, Ҳазрат миллат ва дин чироғи эдилар.

  Муҳаммад Амин ҳожи ака, сиздан Аллоҳ рози бўлсин! Ҳазратнинг шонли ҳаёт йўлида елкама-елка туриб дин учун белингиздан мадор кетибди.

   Эй дунё! Мунчалар қаҳринг қаттиқ бўлмаса, билиб қўй, барибир сариқ чақага ҳам арзимайсан. Сен, балки, ичингда Ҳазрат каби улуғлар борлиги учун, бегуноҳ гўдаклар борлиги учун тургандирсан. Ҳазратдек улуғлар дуоси ила обод бўласан. Билиб қўй, Аллоҳнинг дўстлари сени тарк этгани сари сен ҳам тугаб, нураб бораверасан, эй дунё!

  Сени Аллоҳ юз йилда бир туғиладиган ўзининг буюк бандаларининг улуғ ишлари учунгина ушлаб турар, балки..

 Кўзингни оч, эй беҳаё, бевафо дунё!

 Сен барибир фонийсан.

Фарҳодбек Жўраев.

Андижон шаҳри.

 
Мавзуга оид мақолалар
Корея сафари 1лавҳа embedhttpswww.youtube.comwatchvg1B2TpIBIembed Корея сафари 2лавҳа embedhttpswww.youtube.comwatchvAGZ77xjBbXEembed Корея сафари давоми...

10:01 / 07.03.2017 4727
КУТИШДАН ТЎХТАНГёхуд вақт ҳеч кимни кутиб турмайдиБиз одатда турмуш қургач ёки фарзандли бўлгач ёки яна давоми...

04:51 / 31.08.2020 4883
Ёш қизларимиз ўқисинларИшхонамизга бир қиз коллежни битириб ишга келди. Одатда бунақа пайтда дарров давоми...

22:47 / 24.12.2023 2824
Абдуллоҳ ибн Марзуққа кўп молдунё берилган эди. Бир куни маст бўлиб, ўйинкулгига берилиб, пешин, аср ва шом давоми...

18:53 / 12.02.2017 7789