Мукофот муборак!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввал маълум қилганимиздек, кириб келаётган муборак Рамазони шариф арафасида Аллоҳ таоло биз ожиз бандаларига лутфу карам айлаб, кўнгилларимизни хушнуд қилди.

Хурсандчилигимизнинг асосий сабаби шуки, 27 июнь куни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарида «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуасига «Йилнинг энг яхши муқоваловчиси» деган фахрий унвон берилиб, махсус диплом ва қимматбаҳо ҳадя топширилди.

Бу юксак эътирофдан бошимиз кўкка етиб, машаққатли ва шарафли меҳнатимизни бу қадар юқори баҳолаган тадбир ташкилотчилари, ҳамда республикамиз раҳбариятига миннатдорчилик билдирдик, Парвардигоримизга ҳамду санолар айтдик. 29 июнь куни« Ислом.уз» порталининг мажлислар залида ушбу қувончли воқеага бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.«Ислом.уз» портали, ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуасининг ижодий гуруҳи ва меҳнат жамоаси байрам дастурхони атрофида тўпландилар. Байрам тантаналари Қуръони карим тиловати, ҳамда холис дуолар билан бошланди.

Дастлаб босмахона мудири Абдулбосит ҳожи Қамбаров сўзга чиқиб, барча ҳамкасабаларини касб байрамлари билан табриклаб, жумладан шундай дедилар:

«Нашриётимизнинг фаолиятига берилган бу юксак баҳо бизни нафақат янги меҳнат зафарларига руҳлантиради, балки келгусида китобхонларимиз олдидаги масъулиятимизни ҳам оширади. Республикамизнинг энг нуфузли матбаалари қаторида «Ҳилол-нашр» деган номнинг ҳам тилга олиниши, биз тайёрлаган муқоваларнинг барча ҳамкасабаларимиз томонидан юқори баҳоланиши биз учун улкан шараф, катта хурсандчиликдир.

Тадбирда бизга тақдим этилган диплом матбаа-нашриёт мажмуамизнинг барча ходимларига берилган мукофотдир, унда ҳар биримизнинг ҳиссамиз бор. Шунинг учун бу юксак эътироф ҳар биримизга муборак бўлсин, Аллоҳ таоло келгусида ҳам бу каби муваффақиятларга кўп марталаб эришиб юришимизни насиб қилсин». Шундан сўнг фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўз олиб, аввало, бу каби юксак эътирофга сазовор бўлиш неъматини ато этган Парвардигоримизга ҳамду сано айтдилар, «Ҳилол-нашр» меҳнат жамоасини бу улкан меҳнат зафари билан табрикладилар, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётида тайёрланаётган ва чоп этилаётган диний-маърифий китоблар сўнгги йилларда ўзбек диний адабиётининг қайта тикланишида, узоқ давом этган таназзулдан сўнг юртимизда яна Қуръони карим, ҳадиси шарифларнинг китоб бўлиб чиқиши ва халқимизга етказилишида муҳим ўрин тутганлигини фахр билан тилга олдилар. Байрам тантанаси мобайнида экранда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётида китобларни чоп этиш жараёни, қоғозларни тахлаш, қирқиш, муқовалаш каби босқичлар акс эттирилган видеотасвирлар ҳамда нашриётимизнинг «Йилнинг энг яхши муқоваловчиси» дипломи билан тақдирланиши ҳақидаги фотолавҳалар намойиш этилиб турди.

Шундан сўнг шайх ҳазратлари босмахона мудири Абдулбосит ҳожи Қамбаровга гўзал миллий анъаналаримизга мувофиқ зарбоф тўн ҳадя қилиб, у кишининг ҳақларига, бутун меҳнат жамоамиз аъзоларининг, уларнинг ота-она, қавм-қариндошлари ҳаққига хайрли дуолар қилдилар, Аллоҳ таолодан барчаларининг касб-корларига ривож, меҳнатларига самара, хайрли ишларига баракотлар тиладилар, ҳимматларига тасаннолар айтдилар.

«Ислом.уз» портали, ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуасининг ижодий гуруҳи ва меҳнат жамоаси бутун дунё мусулмонлари номидан барчамизнинг устозимиз, дуогўйимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини, босмахона мудири Абдулбосит ҳожи Қамбаровни, ҳамда барча ходимларимизни ушбу юксак эътироф ва муносиб мукофот билан муборакбод этиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан хайрли ишларимизни бардавом қилишини, ажру мукофотларини мўл-кўл қилишини сўраб қолади.

Мавзуга оид мақолалар
Илтижo «Аллоҳ» десам, ҳузурҳаловат туйдим, Аҳлуллоҳларга дўст айлагил, Роббим. Исломла умматни азиз эт, давоми...

17:14 / 15.03.2017 9423
Имом шаҳид Бутий раҳматуллоҳи алайҳи Ваҳба Зуҳайли раҳматуллоҳи алайҳи ҳақида ушбу сўзларни айтади давоми...

16:59 / 12.02.2017 5128
Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон бўлгандирсиза Муслимаат.уз сайти ходималари Андижон вилоятидаги Қуръон қироати давоми...

10:49 / 08.02.2018 4669
Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ҳамда ораларингизда севги ва давоми...

04:10 / 27.08.2020 6120