Инсон хотираси азиз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хотира – фақат инсониятга берилган улуғ бир туйғу. Инсон ўтган яқинларини вақти-вақти билан хотирлаб, руҳларини шод қилиши динимиз тавсияларидандир. Агар инсон умри давомида халқи, ватани, дини учун хизмат қилиб ўтса, унинг ҳар бир хизмати самараси сизни хотирлашга ундайверади. 2015 йил баҳорнинг илк кунларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафоти халқимиз учун катта йўқотиш бўлди. 1992 йил Бухоро шаҳрида илм таҳсил қилиб юрган кезларим Бухоро шаҳри масжидларидан бири мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига қайтарилиб, очилиш маросими бўлди. «Муфтий ҳазратлари келар экан» деган хабар тарқалди. Жума куни бўлгани сабаб одам кўп эди. Жума намозидан олдинроқ Ҳазрат кириб келдилар. У кишига халқимизнинг кўрсатган ҳурмат-эҳтироми мени ҳайратга солган эди, чунки мен бундай ҳолатни аввал ҳеч кўрмаган эдим. Ҳазрат жума намозигача маърифий суҳбат қилиб бердилар. Ўшандан бошлаб у кишининг фаолиятини доим кузатиб борардим. Кейинчалик Ҳазратнинг олти жилдлик «Тафсири Ҳилол» китоблари биз учун катта туҳфа бўлди. Ундан кейин ўттиз тўрт жилддан иборат «Ҳадис ва Ҳаёт» силсила китоблари Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётларига сайр қилишга беқиёс манба бўлди. Тўрт жилддан иборат «Одоблар хазинаси» китоби, ҳаётимизни ҳар бир соҳаси одобларини ўзида мужассам этган «Ижтимоий одоблар» китоблари динимизда одоб-ахлоқ масаласи энг муҳим масала эканига аниқ мисол бўла олди. Ҳазратнинг зиёратларида бўлар эканмиз, ҳар бир зиёратчи билан ўрнидан туриб, алоҳида эҳтиром кўрсатиши, илмига амали борлиги ва ёзган сатрларини ҳаётига татбиқ қилгани яққол кўриниб турарди. Инсон илм ва амал билангина фазилат соҳиби бўлиши мумкинлигининг ягона йўли ҳам шунда эканлигига ишонч ҳосил қилганман. Ҳазрат, сизнинг динимиз учун қилган залворли хизматингиз таърифига тил ожиз. Бунга биргина қиёс билан кифояланаман. Харчанд ҳаракат қилмай сиз ёзиб улгурган китобларни ўқиб улгурганим йўқ. Сиздан шундай бир беқиёс хазина қолдики, асрлар давомида  халқимиз, келажак авлод ундан фойдаланади ва бу улар учун катта манфаат келтиради. Сиз сара мева бергувчи кўчатлар ўтказиб, яхши парвариш қилаётган бир боғбон эдингиз. Энди бу кўчатларни илдизи мустаҳкам бўлсин, яхши униб ўсиб, ҳалқимиз, динимиз учун хизмат қилсин, уларни Яратган ўз паноҳида асрасин. Сиз Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муносиб меросхўри эдингиз, йўлчи-юлдуз бўла олдингиз, сиз туфайли тўғри йўлни топдик.  Энди дуоларимизда сўраганимиз ва умид қилганимиз Яратганнинг назари тушган бу жаннатмакон юртимиздан сиз каби уламоларни кўплаб чиқишини насиб этсин. Бугунги кунда бир вақтлар сиз илм олган «Мир-Араб» мадрасаси талабалари даврасида сиз ҳақингизда суҳбат бўлади. Талабалардан бири тўйига ташриф буюрганингизни айтиб   сиз ҳақингизда сўзлайди. Шунда талабалардан яна бири кўз ёшларини яшириб: «Сиз бахтли экансиз. Бизга Ҳазратни кўриш насиб этмаган», –  дейди. Ҳазрат, Аллоҳ таоло қабрингизни мунаввар, охиратингизни обод, даражангизни юксак айласин. Умримизнинг сўнгги нафасига қадар тиловату Қуръон ва дуолар ила хотирлаб туришимизни насиб этсин. Биздан сўнг бизнинг дуоларимиздан-да яхшироқ дуолар ила хотирлаб тургувчи зурриёдларни дунёга келтирсин.

Хазина

Улуғ бир аллома ўтди оламдан, Элу юрт кузатди бағрини тиғлаб. Шогирдлар букчайиб сўнгсиз аламдан, Олимни тупроққа қўйдилар йиғлаб. Дедилар: «У эди нодири даврон, Тафаккур қасрига бўлолган зина». Дедилар: «Бир келди бундайин Инсон, Кетди унинг билан тенгсиз хазина». Кимдир охир деди: «Дунёда, ёху, Беҳикмат ҳодиса йўқ экан, рости. Нақадар шафқатсиз ҳақиқатдир бу, Хазинанинг жойи чиндан ер ости».

(Абдулла Ориф)

Оҳангарон туман «Чил қори» жомеъ масжиди имом хатиби: Орифжон Хусенов.

Мавзуга оид мақолалар
  Катта кутубхона. Жудаям кўп китоблар иккита бўлимга ажратиб қўйилган. Чап тарафдагиси каттагина, давоми...

18:31 / 14.12.2016 3198
Бу икки ракъатли намозни «таҳийяти масжид» «масжид саломи» намози дейилади. Ҳанафий мазҳабида имом хутба давоми...

11:38 / 24.05.2017 4038