Ўлим ва ҳаёт
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

«Қўлида мулк бўлган У Зот улуғ, муқаддас бўлди. У барча нарсага қодирдир. У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир. У азиз ва ўта мағфиратлидир» (Мулк, 1-2). (Ўлимни эслаган одам унга тайёргарлик кўради ва ўлгандан сўнг шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши ишларга сафарбар қилади («Тафсири Ҳилол»)

Илоҳий баёнот Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзида нима учун ўлимни ҳаётдан олдин келтиргани тўғрисида менга кўп бора савол бердилар. Биз биламизки, ҳаёт борлиқда тартибга кўра ўлимдан олдин келади, хўб, бу саволнинг жавоби нима, эй Аллоҳнинг бандалари? Жавоб шуки, албатта, ҳаёт аслини олганда борлиқда ўлимдан олдин келади. Лекин ўлим ҳаётни тўхтатувчи жиловдир. Тўхтатувчи жилов зоҳиран кейин бўлса-да, эътибор ва эҳтиёт жиҳатидан доим олдин туради. Машинани юргазиш ашёси уни тўхтатувчи тормозидан олдин бўлса-да, ҳайдовчи машинани юргазишдан олдин унинг тормозини кўз олдига келтириб олиши муҳим саналади. Бу ҳақиқат кўп одамлар хаёлида айланиб юрган ўша саволнинг қисқа жавобидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг ҳикмати ва лутфу карами билан бу дунё ҳаётида бандаларига яшаш сабабларини кенг ёйиб қўйган бўлса ҳам, дунё маишати уларни туғёнга кетказиб юборишидан ва унинг роҳат-фароғати маст қилиб қўйишидан қайтариб турувчи жиловни уларнинг кўз олдига қўйишни хоҳлади. Аллоҳнинг бандалари ҳаётида бундай муҳим ишни бажариши мумкин бўлган бу жилов нима? Албатта, у ўлимдир. Шу сабабдан ушбу жилов инсон дунё ҳаётининг водийларидаги неьматлардан хоҳлаганича баҳраманд бўлиб яшашидан аввал келтирилган. Шунинг учун биз, эй дўстларим, инсонга берилган бу икки ҳолатни ҳамда Аллоҳнинг лутфу карами ва унинг бандаларига бўлган марҳамати мен сизларга айтиб берган нарсада қандай номоён бўлишини билиб олишимиз лозим. Аммо бу дунёга келиб, унинг неьматлари, роҳат-фароғатларидан баҳраманд бўлаётган инсон бу жиловни унутди ёки ўзини унутганга солди. Уни кутиб турган ўлимни эсдан чиқариб, дунё лаззатларига маҳлиё бўлди. Бу каби инсоннинг ҳолати, одатда, дунёга келиб, унга ошиқ бўлиб боғланиб қолишдир. Унда дунёнинг лаззатлари кўпайган сари уларга маст бўлиши ортиб, улар билан машғул бўла боради, шу билан бирга уларга бўлган ташналиги ҳам зиёдалашади. У бундай ташналикка мубтало бўлганидан, гўё барча денгиз сувлари унинг чанқоғини қондиришга кучи етмайдигандек туюлади. Бунинг сири шуки, у дунё ҳаётига Аллоҳ таоло қаршисида ўрнатиб қўйган жиловга эътибор беришни унутган ҳолида кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маьнони бизга тасвирлаб берганларида рост айтганлар; «Агар Одам боласининг бир водий бойлиги бўлса, у яна икки (водий бойлиги) бўлишини истайди. Агар унинг икки водий бойлиги бўлса, учинчисини ҳам истайди. Одам боласининг қорнини фақат тупроқ тўлдиради.» (Бухорий ва Муслим ривояти). Яъни фақатгина ўлим унинг тўйганини билдириб, меъёрий чегарада тўхтата олади. Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимни тупроққа киноя қилиб: «Одам боласининг қорнини фақат тупроқ тўлдиради»,- деб ифодаладилар. Ўлимни унутган ва мен сизларга айтганимдек, бу дунёда абадий қоламан, деган ўй билан унга ошиқ бўлиб келган бу одам унинг йўлида ўзини хавф-хатар остида қолдириб, бошқаларни ортиқ кўришни эсидан чиқаради. У роҳат ва истаклари йўлида ўзини хавф-хатарга солиб, унинг олдига қўйилган барча дунё дастурхони бир ўзи учун деб ўйлайди. Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг баёноти огоҳлантирган жиловни кўз олдига келтириб дунёга келган одам эса ўзини ўлим кутиб турганини билади ва у ўлим дарвозаси олдида рўйхатдан ўтиш учун қаторда навбат кутиб турганини англайди. Аммо мен сизларга айтганимдек, ушбу қаторнинг аввалида турибдими ёки охирида, ёки ўртасида, буни у билмайди. Шунинг учун у дунёга келиб, унинг неъматларидан баҳраманд бўлса-да, дунёга муҳим ишни бажаришга буюрилган хизматчининг келишидек яқинлашади. Дунёга бу заминни Молики хоҳлаган кўринишда обод қилишга таклиф этилган одамдек келади. У дунёга келиб, Аллоҳнинг баёнотидаги ушбу сўзга қулоқ солади: «У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир» (Мулк,15). У дунёга келиб Аллоҳнинг ушбу сўзини эшитиб, унга бўйсунади: «У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди» (Ҳуд, 61). У сизларга унда моддий ва маънавий жиҳатдан обод этиш каби муҳим вазифани таклиф этди. Бу инсон Аллоҳ таолонинг хитобига қулоқ солиб: «Лаббай, Роббим, мана, мен сен таклиф этган вазифани бажариш учун отланаман»,– дейди. Аллоҳнинг олдида дунё неъматларидан хизматчидек фойдаланади. Хотиржам яшайди, саноат корхоналари, савдо шаҳобчалари қуради, лекин у ҳар соат, балки ҳар дақиқа бу дунёда Аллоҳ таоло таклиф этган муҳим ишни бажарувчи хизматкор эканини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун бу жилов уни ҳаддан ошишдан, хатарли ишлар ва Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларга кириб қолишдан қайтариб туради. Ўлим жилови уни бошқаларга зулм қилиб қўйишдан тўхтатиб қолади. Пойлаб турган ўлим жилови уни ўз ҳамёнини ўзгалар моли билан тўлдириш учун бошқалар ҳаққига хиёнат қилишидан ман қилади. Ўлим жиловини кўз олдига келтирган бу одамга Аллоҳ бандаларининг ватанларини тортиб олиш ва уларни ҳуқуқларидан маҳрум қилиш мумкин бўлмай қолади. Уларнинг ҳуқуқларини поймол этиб, улар ҳисобига керилиб ўтиришни истаган тахтига уларни тортиб, алдашининг имкони қолмайди. Мана шу икки нарса инсон ўртасини ажратувчидир. Ўлим ва унинг вазифасини билдингларми, эй Аллоҳнинг бандалари?! Уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ўз бандаларига бўлган қанчалик яширин неъмат эканини кўрдингларми?! Лекин мен сизларга ушбу икки тоифа кишидан ўлимни кўз ўнгига келтириб ўтаётган одам ҳақида хабар беришим лозим. Мен ўз моҳияти ва Роббини таниган ҳамда ўлимни Аллоҳ ва ўзи яхши кўрган, кўришишга муштоқ бўлган Холиқи билан учрашиш учун олиб ўтиладиган эшик эканини англаган одам ҳақида айтмоқчиман. Мен ушбу тоифа ҳақида гапирмоқчиман. Бу инсон агар ҳаёти узун бўлса, бахтли яшайди ва уни ҳам бахтли қилади. Агар уни ўлим қувиб етса, қалби хурсанд бўлиб ўйнайди, чунки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан учрашиш ваъдасидан шодланади. Расулуллоҳ ўз сўзини рост айтган; «Ким Аллоҳни учратишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам уни учратишни яхши кўради. Кимки Аллоҳни учратишни ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам уни учратишни ёмон кўради, –дедилар. Шунда Ойша розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ўлимни ёқтирмаймиз, бу ёмонми?» дедилар. Кейин Расулуллоҳ Ойшага: «Ундай эмас, лекин мўминнинг ажали яқинлашиб жон топшириш вақти келса, унга Аллоҳни ва уни кутиб турган неъматни учратиш хушхабари берилади, шу сабабли унга Аллоҳни учратишдан ва ўлимдан бошқа нарса яхши бўлмай қолади», – дедилар. Аммо кофир ёки гуноҳкор инсонга Аллоҳнинг ғазаби ва азобининг хабари берилади, бу кўринишларни ушбу инсон икки кўзи билан кўради, энди унга ўлим ва ўлимдан кейин учратадиган нарсадан ёмонроғи бўлмайди»,– дедилар». Ўлим ҳақиқатини билган ва уни йўқ бўлишдан иборат эмаслигини тушуниб етган ҳамда уни бир ҳаётдан бошқа ҳаётга ўтиш эканини англаган инсон уни Роббиси субҳанаҳу ва таоло билан учрашадиган ҳаётга олиб ўтувчи эшик деб эътибор қилади. Аммо ўлимни билиб, унинг маъносини тушуниб етмаган ва уни ваҳима солувчи, борлиқдан кейинги йўқ бўлиш ва ўзи яшаётган ҳаёт қиссасининг сўнги ғилофи деб билган киши, ўзининг йўлида то ана шу ниҳояга етгунича бир томонга йўналтирилган туннелда кетаётган одамдек ҳаракат қилиб боради ва у бу йўлнинг охири ўтиб бўлмайдиган тўсиқ деб билади. Қачон у туннелга кирса, унинг бўйнидан бўғаётган хафаликни ҳис қилади. У яна кириб бориб тўсиққа яқинлашган сари бўғилиб бораётганини ҳис қилади. Бу ўлимни билиб, уни борлиқдан кейинги йўқ бўлиш деб ўйлаган кишининг қиссасидир. Аллоҳнинг бандалари! Мен Аллоҳга ҳамд айтаман, сизлар ҳам ўлим ҳақиқатини англатиб қўйгани учун Мавлойингизга ҳамд айтинглар. У бизларга ўлим билан ҳаётни бир-бирини тутиб турадиган икки палла эканини баён қилиб берди. Ўлимни Ўзи билан учрашиш учун бизларни олиб ўтадиган эшик қилганини асослаб берган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамдлар айтамиз. Сизлар Аллоҳ билан учрашишга муҳтож эмасмисизлар? Албатта, сизлар кечаю кундуз Аллоҳдан шуни сўрайсизлар-ку. Ёлвориб унга илтижо қиласизлар. Ҳар томондан устингизга унинг неъматлари тушиб турибди, лекин сизлар буни кўрмаяпсизлар. Ўлим биз билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўртасидаги пардани кўтариб ташлайди. Ўлим бизга ҳазрати Билол ҳис қилган хурсандчилик туйғусини беради. Ушбу саҳоба ўлим тўшагида ётганларида: «Бу қандай шодлик, эртага суюкли Муҳаммад алайҳиссалом ва у кишининг саҳобалари билан учрашамиз», – деб айтган эдилар. Инсон учун бундан буюк, бундан улуғ неъмат йўқ. Ушбу неъмат кўринишлари бизни ҳаётда тўғри яшашга ундаб, бизни тутиб туради. Биз дунёга келиб, унинг неъматларини ўз дўстларимиз билан адолат тарозуси остида ўзаро бўлишиб, бир-биримиз билан баҳам кўрамиз. Дунёга келамиз, лекин бировнинг ҳаққига зулм қилмаймиз. Дунёга келамиз, лекин ўзимизни устун санамаймиз, балки бошқаларни ортиқ кўриб, уларни ҳурмат қиламиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога етиштирувчи эшик дейилаётган ўлим бизни шунга илҳомлантиради. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бизга ўлимни шундай жилов қилишини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги насиҳатларига қулоқ солиб, уларни амалга оширувчилардан қилишини сўрайман. У Зот айтадилар: «Лаззатларни парчаловчи ва жамоатни ажратувчининг – ўлимнинг зикрини кўпроқ қилинглар, чунки уни эслаш билан оз  тоат ва қурбатлар  кўпаяди ва уни эслашда кўп  нафс истакларига яқинлашиш  камаяди», дедилар». Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўлимга бўлган муносабатимизни унутиб ёки ўзларини унутганга солиб, кейин афсус қиладиганлар каби надомат қилишимизга сабаб қилмаслигини сўрайман. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида маълум бир шаклда мужассамлантириб берган ушбу надоматни ўйлаб кўрмадингизми?! Аллоҳ айтади; «Токи улардан бирига ўлим келган чоғда: «Эй Роббим, мени (ҳаётга) қайтаргин. Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам», дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир» (Мўминлар сураси, 99-100). Аллоҳ таолонинг ушбу ояти олдида тўхталиб кўрмадингизми? «Гуноҳкорларнинг Роббилари ҳузурида бошларини эгиб туриб: «Эй Роббимиз, кўрдик, эшитдик. Бас, бизни ортга қайтар, яхши амал қиламиз. Албатта, биз ишониб етдик», дейишларини кўрсанг эди» (Сажда, 12). Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман. Сизлар ҳам истиғфор айтинглар, сизларни ҳам мағфират қилади. Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.

 

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан. 23 май 2008 йил

Эшонгузар жомеъ масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.

Мавзуга оид мақолалар
Хавотир Бир неча кун, ҳатто ҳафтадан бери ҳаяжонланиб, бироз асабийлашяпман. Ўзимдан сўрайдиган давоми...

15:27 / 30.05.2019 1998
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам осмон уфқида булутни кўрсалар, давоми...

14:07 / 20.12.2016 17832
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ойу ўн давоми...

12:15 / 29.11.2016 3875
Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари «Ҳунарманд» уюшмаси ташаббуси билан давоми...

17:04 / 01.02.2018 3488