Узрлилар ҳукмлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кимга фарзнинг вақти ўтмасдан истеҳоза, бурун қонаш ёки шуларга ўхшаш бетаҳоратлик етиб туриш одат бўлиб қолган бўлса, ўшанинг сабабидан ҳар фарзнинг вақтига таҳорат қилади ва у билан ўша вақтда хоҳлаганича фарз ёки нафлни ўқийверади.

Ўшандоқ таҳоратни қуёш чиқишига ўхшаш вақтнинг чиқиши синдиради. Заволга ўхшаш вақтнинг кириши эмас.

Энди ушбу матнларни шарҳ қилишга ўтайлик.

Ҳайзнинг озидан кам бўлган, дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган, у ўн кундир ёки дастлаб нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган, у қирқ кундир ё иккисида ҳам одатга биноандир, шунингдек, иккисининг кўпидан ортиб кетган ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истеҳозадир.

 Фиқҳий таъриф бўйича «Истеҳоза» аёл кишининг раҳмидан одат(ҳайз ва нифос)дан ташқари қон оқишидир.

Матннинг юқоридаги жумлаларида аёл киши кўрадиган қонларнинг қайсилари истеҳоза бўлиши тушунтирилмоқда.

 1. Ҳайзнинг озидан кам бўлган.

Ҳайзнинг ози уч кундир. Демак, аёл кишидан уч кундан оз муддат қон келса, истеҳозадир.

2. Дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган, у ўн кундир.

Ҳайзнинг кўпи ўн кун. Ўн кундан ортиқ ҳайз бўлиши мумкин эмас. Биринчи бор ҳайз кўрувчининг қони давомли келиб турса, ўн кунгачаси ҳайз ҳисобланади. Ундан зиёда келган қон истеҳозадир.

 3. Дастлаб нифос кўрувчининг нифосидан зиёда бўлган, у қирқ кундир.

Нифоснинг кўпи қирқ кундир. Қирқ кундан ортиқ нифос бўлиши мумкин эмас. Биринчи бор нифос кўрувчининг қони давомли келиб турса, қирқ кунгачаси нифос ҳисобланади. Ундан зиёда келган қон истеҳозадир.

4. Иккисида ҳам одатга биноандир.

Яъни дастлаб ҳайз ёки нифос кўргандаги одатига биноан бўлади. Ҳайз кўрувчининг одати уч кун билан ўн куннинг орасида бўлади. Нифос кўрувчининг одати қирқ кунгача бўлади.

Мисол учун, дастлаб беш кун ҳайз кўрган аёлга ҳар сафар беш кун ҳайз кўриш одат бўлиб қолади.

Дастлаб ўттиз кун нифос кўрган аёлга ҳар сафар ўттиз кун нифос кўриш одат бўлиб қолади.

 5. Шунингдек, иккисининг кўпидан ортиб кетган.

Ҳайз ўн кундан, нифос қирқ кундан ортиб кетса, ортиғи истеҳоза бўлади.

Одатдан ортиб кўпига етмаса, ҳайз ёки нифосга қўшилади.

Бир аёлнинг одати беш кун ҳайз кўриш эди. Аммо бу сафар беш кундан ўтиб кетди. Ўн кунгача ҳайз ҳисобланаверади. Ўн кундан ошгани истеҳоза бўлади.

Бир аёлнинг одати ўттиз кун нифос кўриш эди. Аммо бу сафар ўттиз кундан ўтиб кетди. Қирқ кунгача нифос ҳисобланаверади. Қирқ кундан ошгани истеҳоза бўлади.

6. Ҳамда ҳомиладор кўрган нарса истеҳозадир.

Ҳар бир ҳомиладор аёл кўрган қон истеҳозадир. Чунки ҳомиладорлик вақтида ҳайз кўриш йўқ. Туғмагунича нифос кўриш ҳам йўқ.

 Истеҳоза намозни ҳам, рўзани ҳам, жинсий яқинликни ҳам манъ қилмайди.

Бу ҳукмларни фақиҳларимиз қуйидаги далиллардан олганлар:

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у Зотнинг завжаларидан бир аёл эътикоф ўтирди. У (аёл) сарғиш ва қизғиш (қон) кўрар эди. Гоҳида у намоз ўқиётганда, остига тоғора қўйиб қўяр эдик», – дедилар».

Абу Довуд, Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.

 Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умму Ҳабиба истеҳозали бўлар, эри эса унга яқинлик қилар эди».

 Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ҳамна бинти Жаҳш мустаҳоза эди. Унинг эри унга яқинлик қилар эди».

Иккала ривоятни Абу Довуд келтирган.

 Кимга фарзнинг вақти ўтмасдан истеҳоза, бурун қонаш ёки шуларга ўхшаш бетаҳоратлик етиб туриш одат бўлиб қолган бўлса, ўшанинг сабабидан ҳар фарзнинг вақтига таҳорат қилади ва у билан ўша вақтда хоҳлаганича фарз ёки нафлни ўқийверади.

Мазкур ҳолатларга доимий равишда ел чиқиб туриши, сийдик оқиб туриши, яраси қонаб туриши каби ҳолатлар ҳам қиёс қилинади. Мазкур ҳолатга мубтало бўлган кишилар ҳар намознинг вақтига бир таҳорат қилиб олиб, ўша намознинг вақти чиққунча таҳоратли одамга жоиз бўлган ишларни қилаверади.

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинти Абу Ҳубайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули. Мен истеҳоза бўламан, пок бўлмайман. Намозни қўяманми?» – деб сўради. Ул Зот:

«Йўқ! Албатта, у томир узилганидандир. Ҳайз эмас. Қачон ҳайз келса, намозни қўй. Қачон у кетса, ўзингдаги қонни ювиб ташлаб, намозни ўқийвер», – дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки, ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, у (кунлар) ўтиб кетса, ўзингдан қонни ювиб, намозни ўқийвер», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

 Ўшандоқ таҳоратни қуёш чиқишига ўхшаш вақтнинг чиқиши синдиради.

Мисол учун, узрли шахс Бомдод учун таҳорат қилди. Унинг таҳорати қуёш чиқиши билан синади. Қуёш чиққандан кейин қилган таҳорати билан Пешинни ўқиса бўлади.

 Заволга ўхшаш вақтнинг кириши эмас.

Заволдан олдин таҳорат қилган узрли шахснинг таҳорати завол бўлиб Пешиннинг вақти кириши билан синмайди. Балки ўша таҳорат Пешиннинг вақти чиқиши билан синади.

 
Мавзуга оид мақолалар
Малайзиялик ортопеджарроҳ Музаффар Шукор 2007 йили космосга чиққан. У малайзиялик биринчи космонавтдир. давоми...

13:40 / 27.09.2019 4151
Бир ишни бошлашдан, қарор қилишдан аввал, бирор ҳодиса олдидан Хайрлиси бўлсин дейиш мўминмусулмон давоми...

13:52 / 29.11.2016 3737
Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир. Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни давоми...

10:13 / 07.03.2017 6138
gallery linkfile columns4 ids25971,25972,25973,25974,25976 Bintu Sodiq МУСОБАҚА ЯКУНЛАНДИ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Жорий йилнинг 26 давоми...

10:45 / 01.03.2017 5238