Асаларилардан ўрганишимиз мумкин бўлган 6 ҳаётий сабоқ.
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Асаларилардан ўрганишимиз мумкин бўлган 6 ҳаётий сабоқ.

Аллоҳ таолонинг ожиз, митти ва мўъжиз махлуқи бўлмиш асаларидан биз кўплаб ҳаётий сабоқларни олишимиз мумкин экан. Аллоҳ таолонинг қиёматгача боқий китоби бўлмиш Қуръони каримнинг 128 оятдан иборат бутун бир сурасининг номи ҳам «ан-Наҳл» деб номланиши бежиз эмас, албатта. «Наҳл» сўзи луғатда «асалари» маъносини билдиради.

«Роббинг асаларига: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят-белги бордир». (Наҳл сураси, 68-69 оятлар)

Мазкур ояти каримада зикри келган «тафаккур қилувчилар» қаторида бўлиш умиди ила асалариларнинг ибратли ҳаётидан ўрганишимиз мумкин бўлган сабоқларни ушбу мақолада чуқур мулоҳаза қиламиз ва иншаллоҳ, ҳаётимизга татбиқ қиламиз!

1. Асаларилар бизни фикр юритишга ва илм олишга ундайди.

Мен доим арилар қандай қилиб асал тайёрлашига қизиқиб келардим. Бир қанча изланишлар ўтказганимдан кейин кўплаб маълумотларни билиб олдим. Арилар мевали дарахтлар ва турли-туман ўсимлик гулларидан шира, яъни нектар ва гул чангларини йиғиб асал тайёрлашади. Уларнинг барча аъзолари мевали дарахт ва гул чангларини йиғишга мослашган: орқа панжаларидаги махсус туклари ва саватчалари ёрдамида гул чангини йиғади ва ташийди, узун хартумчаси ва буқоғида гул чангини асалга айлантиради. Асал ўзининг таъми, ҳиди, ранги жиҳатидан, шунингдек, ари асални қайси фаслда қандай ўсимлик гулларидан йиққанлигига ва қайси жой (тоғ, ўрмон, водий)ники эканлигига қараб турли хил бўлади. Эътибор беринг, хаммаси айнан юқоридаги оятда эслатиб ўтилганидек!

Фойда: Ушбу сурани чуқур англаб етиш учун интернет орқали арилар асални қай тарзда тайёрлашлари тўғрисидаги видеони томоша қилинг. Бу эса Қуръоннинг Каломуллоҳ (Аллоҳнинг каломи) эканлигини исботловчи илмий хақиқатлардан бири. Агар оилангизда фарзандларингиз бўлса, уни улар билан биргаликда томоша қилинг ва суранинг маъносини, мағзини чақишларига ёрдам беринг!

2. Арилар бизни хамжиҳатликка ундайди.

Ариларнинг оила аъзолари хизмат фаолияти ўзаро боғлиқ бўлганидан уларнинг бирортаси ҳам ўзича мустақил хаёт кечира олмайди. Асаларилар меҳнати қатъий тақсимланган: баъзилари овқат топади ва уни уяга ташиб келади, иккинчилари уни қабул қилиб олади ва уялардаги мум катакларга тақсимлаб чиқади, айни пайтда асал нам ҳолда бўлади ва учинчилари уни ёпишқоқ ҳолга келгунича қанотлари билан мунтазам шамоллатиб, елпиб туришади. Тўртинчилари катакчаларни тозалаш билан шуғулланса, бошқалари уяни қўриқлаш билан банд бўлишади. Якдиллик – арилар муваффақиятининг сири!

Бирон бир жамоанинг бир қисми бўлиш инсонни маъсулиятли бўлишга чорлайди ва биз қўшилишимиз керак бўлган илк жамоа – бу  оиламиздир. Ота бўламизми, она бўламизми ёки фарзанд – биз, барчамиз оиламиз муваффақияти ва саодати йўлида ўз ҳиссамизни қўшамиз. Қолаверса, бу бизга итоаткорликни ўргатади. Итоаткор бир арининг мақсади – асал тайёрлаш жараёнида ўз ролини ўйнаш, мусулмон бир оиланинг олий мақсади эса  Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилигига эришиш, жаннатни қозониш. Митти ари сингари бизнинг ҳам ўз оиламизда тутадиган ўрнимиз жуда муҳим. Агар она фарзандига соатлаб компьютер олдида ўтиришга рухсат бериб қўйса ёки ота вақтини фарзандлари тарбияси билан шуғулланишга бағишламай улфатлари билан вақт ўтказишни танласа, бундай оилада барча бирдек азият чекади. Чунки бундай оилада бош роль ижро этилмаяпти.

Фойда: Оилангизга нисбатан муносабатингиз хақида фикр юритинг. Шу саволни ўзингизга беринг: Мен ўз жамоам муваффақиятига қандай ҳисса қўшяпман?

3. Арилар бизга Аллоҳнинг амрига бўйсуниб яшаш бахт-саодат калити эканлигини билдиради.

Арилар асал тайёрлаш жараёнига қанчалар кўп куч-қувват сарф этишларини кўриб ҳайратда қолдим. Лекин мени бундан-да ажаблантирган нарса шуки, Аллоҳ таоло асалариларни илоҳий тарзда илҳомлантириб тураркан. Аллоҳ таоло ариларга тоғларни, дарахтларни ва одамлар ясаган уяларни уй тутишга буйруқ беради. Бу буйруқнинг натижаси ўлароқ биз инсонлар ари фермалари қуришга, ҳосил олишга ва асал неъматини тановул қилишга муваффақ бўламиз. Дархақиқат, Аллоҳ таоло ариларни бизнинг хизматимизда қўйган. Субҳаналлоҳ!

Мен асаларилар ҳаётларини оддий, аммо бағоятда самарали тарзда олиб боришига ҳавас қиламан. Улар жамоаси билан бирга ажойиб ташкиллаштирилган, диққат-эътиборлари бир мақсадга қаратилган ва жамоа ёрдамида хайратомуз натижага эришишади. Буларнинг барчасига улар яккаю ягона Аллоҳнинг амрига бўйсуниш орқали эришишади.

Фойда: Келинг, кераксиз мусиқалар тинглаш, маънисиз ТВ шоуларини томоша қилиш, интернетда фойдасиз ишлар билан шуғулланиш каби бемаъни ва ёмон одатларимизни йўқотган ҳолда Аллоҳга итоат этиш орқали самарали ва мазмунли ҳаёт кечиришга бел боғлайлик. Шу билан бирга, бу ёмон одатларимиз ўрнини янги, яхши одатлар билан тўлдирайлик, масалан, Қуръон ўқиш, илм олиш, китоб ўқиш, маърузалар тинглаш, фойдали маълумотларни ўқиш каби. Ёки оддийгина, оилангиз билан бирга сайрга чиқиб, Аллоҳ азза ва жалланинг яратган мўъжизаларини тафаккур этиш орқали!

4. Асаларилар бизга ҳалол ризқ ихтиёр этишни ўргатади.

Асаларилар фақат янги ва бошқа ари тегиб улгурмаган тоза гулларнинг нектарини йиғишади. Бу эса улар ризқларини ҳалол йўл билан топишини англатади.

Ибн Можа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизча ўлмайсиз. Ризқда шошилманглар, Аллоҳдан қўрқинглар, чиройли талаб этинглар! Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса, уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром этган нарсани ташланглар!», дедилар»

Ҳалол ризқ талаби биз учун фарздир. Қандай иш қилишимиздан қатъи назар, ҳалол ризқ исташимиз керак. «Мен бу ишни ноиложликда қиляпман» ёки «мен бу ишни фарзандларим келажаги учун қиляпман» дейиш биз мусулмонларга ярашмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалол ризқ талаб қилиш иккинчи даражадаги фарздир», дедилар». Демак ризқнинг ҳалоллигини ихтиёр этиш банданинг ҳақидир.

5. Асаларилар бизга самарадорликни ўргатади.

Халқимизда арининг меҳнатсеварлиги мақолга айлангани бежиз эмас. Баъзида одамлардан «аридек бандман» деган гапни ҳам эшитиб қоламиз. Дарҳақиқат, бу ўхшатиш арилар ҳаётини кўрсатиб беради. Битта катта ҳажмдаги асалари уясига 60,000 асалари жойлашиши мумкин. Улар гуруҳ бўлиб 55,000 мил масофани босиб ўта оладилар ва бу орада ҳар бир ари асал тайёрлаш учун етарли миқдордаги нектарни йиғиш учун 2,000 гулга қўниб чиқади. Келинг, биз ҳам хаётимизда юксак натижаларга эришиш учун асаларилардан ўрнак олган ҳолда қаттиқ ишлабгина қолмай, ишларимизни самарали тарзда олиб боришга ҳаракат қилайлик!

Фойда: Ўзимиздаги самарадорликни оширишнинг энг оддий йўли ухлаш соатларимизни ўзгартиришдир. Босқичма-босқич ҳар доимгига нисбатан ярим соат эрта уйқуга ётишга ва ярим соат эрта уйғонишга ҳаракат қилинг. Кечқурунлари кундузгига нисбатан мия фаолияти сустлашади, тонг пайтида эса танамиз ҳам, миямиз ҳам тетик ва бардам бўлади. Муҳаддис олимларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг пайтидаги уйқудан қайтарганликлари тўғрисидаги ҳадисларни ривоят қилишган. Ва яна бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан эрта тонгда мусулмонлар бажарган ишларнинг баракали бўлишини сўраб қилган дуолари келган.

Сохр ал-Ғомидий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!», деб дуо қилдилар» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Табароний, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да ривоят қилган.)

Мазкур дуо орқали, ўз навбатида у Зот умматларини ҳар қандай ишни бажаришда барвақт ҳаракат қилиш, эрта тонгдан ризқ ёки илм талабида бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ризқ талабида барвақт ҳаракат қилинглар! Зеро, эрталабдан ҳаракат қилиш барака ва муваффақият(омили)дир» (Имом Табароний «Авсат»да ривоят қилган).

6. Асаларилар бизга атрофимиздагилар билан алоқа ўрнатишда чиройли намуна бўла олишади.

Ҳеч ўйлаганмидингиз асаларилар атрофдагилар билан алоқа ўрнатишда бизга намуна бўла олади деб? Ҳа, ариларнинг ўсимликлар билан ўзаро ажойиб муносабатлари бор. Улар гулларга қўнганда гулнинг нозик гулбаргларига зарар етказишмайди, нектар олиш жараёнида эса очкўзлик ҳам, худбинлик ҳам қилишмайди. Арилар гулларга шира олиш учун қўнар экан ўзларига гулнинг чангини ёпиштириб олиб, уни бошқа гулларга тарқатишади ва натижада чангланиш ҳодисаси юз беради. Шу тариқа ўсимликлар билан ажойиб дўстона муносабат ўрнатишади!

Биз эса атрофимиздаги барчага яхши муомала қилишга, ҳаммага яхшилик улашишга, яқинларимиздан ёрдамимизни аямасликка ҳаракат қилишимиз керак. Барча билан очиқ юз ва табассум ила муомала қилиб, юксак одобимизни кўрсатишимиз, саховатимиз, меҳримиз ва вақтимизни яқинларимизга кўпроқ улашишимиз керак.

Муаллиф:Фарҳад Амин

Нурия Мақсуд қизи таржимаси 

Мавзуга оид мақолалар
Мазкур сабаблар ўнтадир 1. Қуръони Каримни тадаббур ила маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш. 2. Фарз давоми...

12:24 / 17.11.2016 3754
Аввал маълум қилганимиздек, кириб келаётган муборак Рамазони шариф арафасида Аллоҳ таоло биз ожиз давоми...

13:43 / 24.12.2016 3125
Ушбу ёз фаслида кимлардир мактабни тамомлади. Дарслар, навбатчиликлар, иккию беш баҳолар, жанжал давоми...

21:00 / 13.07.2019 4700
embedhttpswww.youtube.comwatchvTjUPMxusw2gembed

15:58 / 24.04.2017 4190