Миср таомлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Мункачини (арабча салат)

Апельсин ва пиёз паррак қилиб кесилади, зайтун мевалари билан аралаштирилиб, туз, мурч ва ёғ қўшилади. 180 г. апельсин, 40 г. пиёзбош, 40 г. зайтун, 15 г. ўсимлик ёғи, туз, мурч.

«Қоҳира» салати

Помидорнинг пўсти ва уруғи олиб ташланади, майда тўғралиб, пиёз ва янчилган писта билан аралаштирилади. Унга туз ва қизил булғор қалампири қўшилиб, 10 дақиқа олиб қўйилади. 120 г помидор, 25 г пиёзбош, 60 г писта, қизил булғор қалампири, туз.

«Порт-Саид» салати

Сельдерей, бўлакланган банан, кубик қилиб тўғралган олма, сомонча тўғралган салат барги майонез, майдаланган помидор билан аралаштирилади. Салат идишига банан пўчоғи ва салат барги жойлаштирилиб, ўртасига тайёрланган салат солинади. 40 г. сельдерей, 40 г. олма, 40 г банан, 40 г. майонез, 20 г. салат, 20 г. помидор.

Арабча ловияли шўрва

Йирик кесилган гўшт бўлаклари ёғсиз қовурилади ва устидан сув қуйилиб, бульон тайёрланади. Гўшти олинган бульонга қизил фасол солиниб, тайёр бўлгунча қайнатилади. Кейин унга қовурилган пиёз ва томат пастаси қўшилади, маромига етгунча қайнатилади. Дастурхонга тортишдан олдин таом юзига майдаланган саримсоқ ва кўкатлар сепилади. Ёнига кичик тарелкаларда гўшт бўлаклари билан берилади. 100 г гўшт, 50 г фасол, 30 г томат пастаси, 25 г пиёзбош, 10 г ёғ, кўкатлар, туз.

Миср балиғи

Балиқ тозаланади, ёнламасига кесилиб, туз ва мурч сепиб қўйилади. Кейин балиқни ёнлари тик товага жойлаб, устидан ўсимлик ёғи қўшилади ва иссиқ газ духовкасига қўйилади. Ўртача оловда вақти-вақти билан ёғ қуйиб пиширилади. Ёнғоқ ва узум ёғда бироз қовурилади, устига помидор солиниб димланади. Бунда помидорнинг суви буғланиб кетмаслиги керак. Кейин улар элакдан ўтказилади. Ушбу соус қуюлгунча қайнатилади. Тайёр балиқ идишга жойланади ва устига соус қуйилиб, дастурхонга тортилади. 200 г. балиқ, 50 г. ўсимлик ёғи, 25 г. ёнғоқ, 15 г. узум, 100 г. помидор, туз, мурч.

Александрия барабулкаси

Помидорларнинг пўсти ва уруғи олиб ташланади, ҳар бири тўрт бўлакка бўлиниб ёғ, петрушка, эзилган саримсоқ ва туз қўшилиб, ўртача оловда пиширилади. Балиқ унга белаб олинади ва ўсимлик ёғида яхшилаб қовурилади. Овал шаклидаги идишга тайёрланган помидорларнинг ярми солинади ва устига балиқ жойланади. Балиқнинг устидан помидорнинг қолган ярми терилади. Устига толқон ва петрушка сепиб, духовкада қизаргунча пиширилади. 150 г. балиқ, 80 г. помидор, 20 г. ёғ, толқон, петрушка, саримсоқ ва туз.

Олхўрили димлама

Сариёғда пиёз ва узунчоқ тасма қилиб кесилган гўшт бироз қовурилади. Ун, туз, мурч ва долчин солиб аралаштирилади. Масаллиққа тенг миқдорда сув қуйилиб, паст оловда димланади. Тайёр бўлишига 20 дақиқа қолганида димламага ивитилган олхўри қоқиси ва шакар солинади. Таом пиширилган гуруч билан бирга берилади. 150 г. қўй гўшти, бир бош пиёз, 10 г. сариёғ, бир қошиқча ун, 30 г олхўри қоқиси, туз, мурч, долчин.

Миср палови

Қайнатилган гуруч ёғ солмасдан қовурилади. Устидан ёғ билан товуқ жигари, пиёз, кубик қилиб тўғралган дудланган гўшт ва кесилган қўзиқорин солинади. Ҳаммаси аралаштирилиб устидан сув қуйилади. Қайнаб чиққандан сўнг тузи ростланиб, қозоннинг қопқоғи ёпилади ва духовкада 15-20 дақиқа димланади. 50 г. гуруч, 20 г сариёғ, пиёз, товуқ жигари, 20 г. дудланган гўшт, 30 г. қўзиқорин, 100 г. сув, туз.

Жўжа қовурдоқ

Жўжанинг тўш ва оёқ қисми зайтун ёғида қизартириб қовурилади. Унга майда тўғралган пиёз, қўзиқорин, кўкатлар солиниб, устидан сув қуйилади ва қайнатилади. Қайнаб чиққач, майдаланган помидор ва туз қўшилиб, 20 дақиқа димланади. Ушбу таом угра ёки яшил салат билан бирга берилади. 250 г. жўжа, 20 г. зайтун ёғи, пиёз, 30 г қўзиқорин, 30 г. помидор, угра, туз.

Александрия қовурдоғи

Ёғ асал билан эритилади. Эритманинг ярми жўжанинг ичига солинади, қолганига пушти сув солиниб, жўжанинг устига яхшилаб сурилади. Кейин жўжа бўйламасига тенг иккига бўлинади ва олтин рангга киргунича қовурилади. 250 г. жўжа, 20 г. асал, 20 г. сариёғ, бир қошиқ пушти сув, 20 г. ёғ.туз.

Баклажан димламаси

Бақлажонлар узунасига иккига бўлинади. Ўткир пичоқ ёрдамида мағзи ва пусти олиб ташланади. Зайтун ёғида майдаланган пиёз, саримсоқ, бақлажоннинг мағзи, сабзи енгил қовуриб олинади, тузи ростланиб, яхшилаб аралаштирилади. Аралашма тайёрлаб қўйилган бақлажонларга солинади ва улар ёғланган товага терилади. Устидан помидор бўлаклари қўйилиб, майдаланган петрушка сепилади. Бақлажонлар духовкада 20 дақиқа вақт мобайнида пиширилади. 4 дона бақлажон, пиёз, саримсоқ, 30 г. зайтун ёғи, 20 г. сабзи, 50 г. помидор, петрушка, туз.

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpsyoutu.be1rv1tPC4Jgembed

06:36 / 19.03.2017 5301
embedhttpswww.youtube.comwatchvwkLXKbzHdxAfeatureyoutu.beembed

13:23 / 20.08.2018 4121
  «Испан клуби «РЕАЛ МАДРИД» ҳужумчиси Карим Бензема масжид қурилиши учун 3 миллион евро эҳсон қилди», деб давоми...

19:00 / 21.12.2016 2907
  1. Музлаткичингиздан нохуш ҳид келяптими Унда сизга ушбу усул фойда беради. Музлаткичингизнинг ҳар бир давоми...

19:27 / 20.01.2017 6360