Қорин ва фарж шаҳватини синдириш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

 Инсонни йўлдан озишига, гуноҳларга гирифтор бўлишига кўпроқ қорин ва фарж шаҳвати куйига тушиши сабаб бўлади. Бу икки шаҳват унга берилганларни доимо ҳалокатга олиб борган. Шунинг учун ҳам турли дин, фалсафа, тузум ва мафкураларда ушбу икки шаҳватнинг шарридан одамларни ҳимоя қилиш борасида уринишлар бўлган. Агар ўша ғайри исломий уринишларга назар солсак, натижалари кўнгилдагидек бўлмаганини кўрамиз. Баъзилари нуқсонга йўл қўйган, баъзилари ҳаддидан ошиб кетган.

Исломда эса бу масала илоҳий таълимот асосида мўътадиллик ила йўлга қўйилган. Мусулмон уламолар Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида қорин ва фарж шаҳвати шарридан одамларни ҳимоя қилишнинг энг фойдали услубларига далолат қилганлар. Бу ишда руҳий тарбия устозлари пешқадам бўлганлар. Қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Одам ота ва момо Ҳавонинг жаннатдан чиқарилишларига ҳам айни қорин шаҳвати сабаб бўлган. Қорин шаҳвати туфайли молга ўч бўлиш, фарж шаҳвати ва бошқа кўплаб бало офатлар келиб чиқишини кўпчилик яхши билади. Қорин шаҳватига берилишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир қатор ҳадиси шарифларида огоҳлантирганлар.

Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши жуда кўп таом ер эди. Бас, мусулмон бўлди ва оз таом ейдиган бўлиб қолди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилинди. Шунда у Зот: «Албатта, мўъмин бир ошқозон ила ейди. Кофир эса етти ошқозон ила ейди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Уқба ар-Росибийдан қуйидагилар ривоят қилинади: «Ҳасаннинг олдига кирсам, овқатланаётган экан. У менга: «Кел!» деди. «Ҳеч нарса ея олмайдиган бўлиб тўйиб олганман», дедим. «Субҳаналлоҳ! Мусулмон одам ҳам, ҳеч нарса ея олмайдиган бўлиб тўядими?!» деди».

Баъзи бир зоҳидлар оз таом емоқда ва очликка чидашда муболаға даражасига ўтиб кетганлар. Бу нотўғри ва мўътадилликдан оғиш даражасига етган ишдир. Таомланишдаги мўътадиллик бир оз иштаҳа қолганда ейишдан тўхташдир. Бундан энг гўзал ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганларидир.

Мўътадил овқатланиш ила бадан соғ бўлади ва беморликнинг олди олинади. Сурункали кам овқат бўлиш қувватни олади. Баъзи қавмлар таомини озайтириб, фарз амалларда ҳам нуқсонга йўл қўядиган бўлиб қолганлар. Ўзларича, жоҳилликлари туфайли буни фазилат, деб ўйлаганлар. Аслида ундай эмас. Улуғларимиздан ким очликни мадҳ қилган бўлса, албатта, ўртача – мўътадил бўлишни кўзда тутганлар. Ўта тўйиб юришга одатланиб қолган кишиларнинг қорин шаҳватини синдириш бўйича риёзатлари қуйидагича бўлади. У одам вақт ўтиши билан оз-оздан таомини камайтириб боради. Аввал айтиб ўтилган мўътадиллик ҳолатига етганда тўхтайди.

Зотан ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Яхшиси, ибодатдан ман қилмайдиган ва қувватнинг боқий қолишига сабаб бўладиган таомларни емоқдир. Овқатланувчи очликни ҳам, тўйганликни ҳам сезмайдиган бўлсин. Ана ўшанда бадан соғ, ҳиммат жам ва фикр соф бўлади. Кўп овқатланиш уйқуни кўпайтиради ва зеҳнни паст қилади ҳамда бошқа хасталикларга сабаб бўлади.

Шаҳватлардан баъзисини тарк қилаётган шахс риёкорликдан ҳазир бўлсин. Ўтган азизлардан баъзилари иштаҳаси тортган нарсани сотиб олиб, уйига илиб қўяр, ўзи унга тегмас ва шу иши ила зоҳидлигини беркитар эди. Мана шуни зоҳидлик дейдилар. Ўз ичида зоҳидлик қилади. Аммо сиртда тескарисини кўрсатади. Бу сиддиқларнинг ишидир. Чунки у ўз нафсига сабр аччиғини икки марта ичиради. Иккинчиси аччиқроқ бўлади.

Энди фарж шаҳвати ҳақида бир-икки оғиз сўз юритайлик. Аллоҳ таоло одам зотини жинсий шаҳватли қилиб яратган. Албатта, бу беҳикмат эмас. Уламоларимиз таъкидлашларича,  жинсий шаҳватнинг иккита катта ҳикмати бор. Биринчиси, у инсон наслини бардавом бўлиши учун хизмат қилишидир. Иккинчиси, охират лаззатларини қиёслаш учундир. Бир нарсани татиб тушунмагунча унга қизиқиш бўлмайди. Аллоҳ таоло одам боласидаги жинсий шаҳватни охиратдаги шаҳватлар бундан афзал бўлса, ўша нарса учун ҳаракат қилиш керак деган хулоса чиқариш учун яратган.

Аммо бу шаҳватни жиловлаб, мўътадил даражада тутилмаса, кўпгина бало-офатларга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда зино қаттиқ қораланган ва унга олиб борувчи йўллар ҳам маҳкам тўсилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир эркак зинҳор бир аёл билан холи қолмасин! Агар шундоқ бўлса, учинчилари шайтон бўлур», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Икки Шайх ва Термизий ривоятида: «Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дейилган.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсани ва икки жағи орасидаги нарсани муҳофаза қилиб берса, мен унга жаннатни муҳофаза қилиб бераман», дедилар».

Икковини Бухорий ва Термизий ривоят қилдилар. Ҳадиси шарифдаги икки оёқнинг орасидаги нарсадан мурод жинсий аъзо, икки жағ орасидаги нарсадан мурод тил. Демак, ким зинодан ва тили билан куфр-ширк сўзларни айтишдан сақланса, жаннати бўлиши муҳаққақдир. Солиҳлардан баъзилари: «Агар бир киши менга байтулмолни омонат тарзда берса, унинг омонатига хиёнат қилмасликка кўзим етади. Аммо биров менга бир қора аёлни омонат қолдириб, бир соат у билан холи қоладиган бўлсам, ўзимга ўзимнинг кўзим етмайди», деган.

Фарж шаҳватини синдиришнинг ҳам ўзига яраша чоралари бор.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».

Бешовлари ривоят қилган. Агар никоҳга қудрати етмаган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак. Шу йўл билан улар шаҳват қўзишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, худди бичилган кишига ўхшаб бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади. Оддий ҳолатларда эса бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги шахс ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондиргани учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим. Бас, у Зот, кўзингни бошқа томонга бур, дедилар».

Бешовларидан Бухорий ривоят қилмаган. Номаҳрам шахсга қасддан, шаҳват назари билан кўз тикиш ҳаромдир. Аммо ноқасддан назар тушиб қолиши гуноҳ ҳисобланмайди. Аммо ушбу ҳадиси шарифда баён қилинганидек, дарҳол кўзни бошқа томонга буриб олиш шарти билан. Мўмин-мусулмон кишилар бу ҳукмни ҳеч қачон унутмасликлари лозим.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али! Назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундоқ эмас, дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Биринчи назар номаҳрамга тўсатдан тушгани учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни тўсатдан, деб бўлмайди, буниси қасддан бўлган бўлади ва гуноҳ ҳисобланади. Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан сақлаш учун келгандир.

Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу хиёнат ҳисобланади. Уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин, гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо бировнинг хотинига ёки бировнинг хотини бўладиган шахсга шаҳват назари билан қарамасин. Агар зино содир бўлмаган чоғида ҳам, кўз зиноси бўлади. Хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар, номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёл-қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Икки қўлнинг зиноси ушлаш, икки оёқнинг зиноси юриб бориш, қулоқнинг зиноси эшитиш, оғизнинг зиноси ўпишдир. Нафс уни орзу ва иштаҳа қилур. Фарж эса они тасдиқлар ёки ёлғонга чиқарур», зиёда қилинган.

Абу Довуд ва икки Шайх ривоят қилган.

Ислом жамияти том маънодаги пок жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Унда зино ҳаром. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Бир нарсага сабаб бўладиган нарсаларни ҳаром қилмай туриб, унинг ўзини ҳаром қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди. Шунинг учун зино ҳаром бўлиши билан баробар унга сабаб бўладиган ҳамма нарсалар ҳам ҳаром қилинган.

Бу ишлар қаторига ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган шаҳвоний қараш, гап-сўз, тинглов, юриб бориш ва ушлаш ҳам, бу ҳадисда зикр қилинмаган, кейин пайдо бўлган, турли фоҳиша суратлар, фильмлар, ёзувлар, китоблар ва бошқа нарсалар ҳам киради. Ислом жамиятида ундоқ нарсаларга ўрин йўқ. Ҳар бир мусулмон шахс бундоқ нарсаларга яқин йўлламаслиги керак.

 
Мавзуга оид мақолалар
БЕФОЙДА НАДОМАТ Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Мэрилин Монро Америка учун  қанчалик бузуқлик давоми...

19:06 / 17.02.2017 3824
Аллоҳ таоло «Сен «Эй Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман Эй Роббим, Сендан уларнинг давоми...

10:00 / 29.11.2016 7967
embedhttpswww.youtube.comwatchvTjUPMxusw2gembed

15:58 / 24.04.2017 4187
Россиянинг Динлараро кенгаши дунё динларининг муқаддас матнлари кўргазмасини  Петербург Эрмитажида давоми...

21:41 / 25.02.2017 3350