Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Икки амалиёт бор. Биз уларни Аллоҳнинг Китобида ўқиймиз. Уларнинг бирига Аллоҳ Ўзининг олий Зотини масъул қилган. Иккинчисини эса биринчисига муқобил равишда бандаларини масъул қилган. Бандаларини масъул қилган иккинчи амалиётни бандаларига мурувват кўрсатиб уларга берган биринчи амалиётнинг шарти қилган.

(Биринчи амалиёт шартини бажарсангиз, иккинчи амалиётга эришасиз. Таржимон). 

Биринчи амалиётни Аллоҳ субханаҳу ва таоло Ўзининг Китобида шундай ифодалайди; «Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир». Шарх, 5-6. Аллоҳ таоло ўзининг олий Зотини масьул қилган қоида шуки, инсон бошидан ўтказаётган ҳар бир қийинчилик ортидан уни бекор қиладиган осончилик хушхабари келади. Лекин унинг шарти, инсон Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг топширган ваъдасига риоя қилиши ва Аллоҳ таоло бандаларига мажбурият қилиб юклаган вазифани бажаришидир. Яни инсон ҳар қандай қийинчиликка тушган вақтида  биринчи навбатда ундан мамнунлик билан чиройлик сабрга қочишидир. Кейин бу қийинчиликдан Аллоҳнинг эшигига ёпишиб унинг остонасида илтижо қилишга ўтишидир. Мана шу иккинчи амалиётдир. Аллоҳ азза ва жалла биринчи амалиётни иккинчисига боғлашни буюрган. Аллоҳ айтади; «Менга берган аҳдингизга вафо қилинг. Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан. Ва Мендангина қўрқинг». Бақара, 40.

Мен сизларга вазифа қилган аҳдга, яьни Аллоҳ томонидан синов учун юборилган қийинчиликлар сабрига вафо қилинглар, ундан сўнг Аллоҳнинг эшиги олдига ўтиб, унинг остонасида илтижо қилиш аҳдига вафо қилинглар. Гўёки Аллоҳ таоло бандаларига қарата: «Агар сизлар менга илтижо қилиб раҳматимга қочиш аҳдига вафо қилсангиз, мен ҳам сизларга берган ваъдага, яьни қийинчилик сўнгида доим осончилик юбориш ваъдасига риоя қиламан», – деб айтади. Мана шу икки амалиётдир. Шундай экан, биз буни яхши билишимиз зарур. Биз бир шахснинг ҳаётида бўлсин ёки кўпчилик ҳаётида, барибир, бу амалиётни яшаб турган ҳаётимизда кўп кузатамиз. Бу эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтган сўзнинг тасдиғидир; «Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар». Бақара,155-156. Демак, Аллоҳнинг бандаларидаги синов амалиёти олдин бўлади. Ана ундан кейин Аллоҳ таоло осончилик билан қийинчиликни кетказишни ўз зиммасига олган, балки очиқдан-очиқ: «Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир», деб айтган. Кейин яна бир марта таькидлаб: «Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир»,– деган. Лекин бу иш Аллоҳга илтижо қилиш шарти билан ва қийинчиликдан Аллоҳнинг остонасига қочиб, унинг эшигини ушлаш билан бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг сўзида бизга қатъият билан айтган сўзига эьтибор беринглар: «Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Сўнгра, шояд, тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз». (Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалгиларга ҳам пайғамбарлар юборган. Улардан Пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган. Бундан, шоядки, бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва иймон йўлига юрса, деган мақсад кўзда тутилган. «Тафсири Ҳилол»). «Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди». Аньом,42-43. Аллоҳ таолонинг ушбу: «Менга берган аҳдингизга вафо қилинг. Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан. Мендангина қўрқинг»,– деб айтган сўзи олдида ҳеч тўхталдикми?! Шунга қарамай одамлар орасида айримлари гоҳида юз буради. Гоҳида муаммо келтириб чиқаради ва: «Аллоҳ таоло инсонга қийинчилик бериб, илтижо қилганидан кейин, ундан бу қийинчиликни кўтаришининг ҳикмати нима, у бутун ҳаётини аввалги қийинчиликсиз, яъни биринчи ва иккинчи амалиётсиз, фақат енгилликда ўтказса бўлмайдими?»–дейди. Бу савол кўп инсонлар хаёлида айланиб юради. Бу саволнинг жавоби нима? Бунинг жавоби қисқа, эй Аллоҳнинг бандалари. Биламизки, бугунги кунда биз яшаётган ҳаёт доимий яшаш жойи эмас. Балки у доимий яшаш жойига ўтиш йўлидир. У йўлакдир. У бизни кутиб турган абадий бўлган боқий ҳаётга, ўлим дарвозабони орқали олиб ўтадиган кўприкдир. Ҳаётимизни ўтиш йўли эканини билгач, Аллоҳ таоло уни камчилик аралашмаган муқим неъмат қилиши илоҳий ҳикмат саналадими? Бу ҳаётда инсонни роҳат-фароғатда хоҳлаганича яшаши ҳикмат деб айтиладими? Агар шундай бўлса, унда инсон бу ҳаётга қаттиқ ёпишиб олар эди-ку. Агар унга ўлим келса, унинг ошиғи бўлган бу ҳаётдан айрилиши ёки бу дунёдан ажралиши жуда оғир иш бўлар эди-ку?!  Эҳтимол, у тиконли дарахтга ёпишиб қолган бир уюм ипакли арқонларни қаттиқ тортилса, арқоннинг узилгани узилиб, қолгани қолганга ўхшаши мумкин. Ҳикмат – Аллоҳ таоло ўтиш йўлаги бўлган бу ҳаётни яхшилик ва ёмонликдан иборат қилиб яратганидир. Токи Аллоҳга бориш йўлида яхшиликдан фойда оламиз. Агар ёмонлик етса, бу ҳаётдан пушаймонлик ҳис қилиб, инсон унга суянмаслик кераклигини ва унга ошиқ бўлмаслиги лозимлигини тушуниб етамиз. Бу ҳаёт кўприкдир. Сен ўтиб бораётган бу кўприкда фақатгина яхшиликнинг ўзи бўлиши шарт эмас. Бу биринчи ҳикматдир. Иккинчи ҳикмат – сенинг моҳиятинг Аллоҳга банда бўлиб кўринишидир. Ҳаётда сени Аллоҳнинг бандаси эканинг намоён бўлиб туриши керак. Мен бандаман буни эртаю кеч эълон қиламан. Лекин Аллоҳга бўлган ҳақиқий бандалигим қандай ҳид таратмоқда. Агар мен сизларга айтган Аллоҳнинг амалиётидаги синовлардан бири менга келса, кейин Аллоҳ вазифа қилиб топширган ваъдага рўбарў келганимда, Аллоҳнинг эшигини тутиб Унга илтижо қилиб дардимни айтсам ва унинг чиқарган ҳукмига чиройли сабр қилганимни кўрсата олсам, ана шунда инсоннинг Аллоҳга бўлган бандалиги таралиб туради. Талаб шуки, эй дўстим, инсон Аллоҳга бўлган бандалигини далиллар билан эълон қилиши керак. Бандаликни далилга муҳтож бўлган даъволар билан эълон қилинмайди. Бу ҳақиқатни бизга Аллоҳ жуда кўп марта маълум бир шаклда мужассамлаштириб берган.

Аллоҳ таоло: «Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир», деб ўз масьулиятига олган амалиёт билан бизнинг зиммамизга юклаган амалиётнинг бир-бирига боғлиқлик шарти Аллоҳнинг аҳдига чиройли сабр билан вафо қилишимиздир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога берган ваъдамизни Аллоҳнинг остонасида ёлбориб илтижо қилиш билан бажаришимиздир. Аллоҳ таоло бу икки амалиётни бизга саййидимиз Юсуф алайҳиссалом сийратларида қандай гавдалантириб берганига эьтибор беринглар. Аллоҳ таоло у кишини давомли синовлар билан имтихон қилганларини кейин сабр қилиб доимий Аллоҳга илтижо қилганларини мисол қилиб келтиради. Аллоҳ субханаҳу ва таоло унинг қийинчилигини осончиликга қандай алмаштирганини баён қилиб берганини кўрмайсизларми? Юсуф сурасини ўқиб кўрмаганмисизлар? Гўдаклик чоғида уни акалари қудуққа ташладилар. Кейин бир жамоа одамлар келиб уни қудуқдан чиқариб олдилар ва уни қўлга киритиб Мисрдаги қул бозорида қул қилиб сотдилар. Бу иккинчи синов эди. Кейин уни Мисрнинг Азизи сотиб олиб уйида ҳизматкор қилди. Йигитлик ёшига тўлиб вужуди қайнаган вақтда Азизнинг хотини ундан нафсини хоҳлади. Бу қаттиқ ва аламли синов эди. Ҳимоя қилинди, ўзини тийди ва Аллоҳ субханаҳу ва таолога илтижо қилди. «Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», деди». Юсуф, 33. Кейин у бир неча йил беайб қамоққа солинди. Занжир каби давомли мусибатлар билан синалди. Бу бир амалиётдир. У илоҳий китоб гапириб берган қийинчиликдир. Лекин Юсуф алайҳис-солату вас-салом бу қийинчиликни қандай қабул қилдилар? Розилик ва сабр-тоқат билан қабул қилдилар. Ўзидан бу қийинчиликни кетказишини сўраб доим Аллоҳга илтижо қилиш билан қабул қилдилар. Ҳа шундай, бу зарарни кўтаришини сўраб Аллоҳга дуо қилдилар. Бунинг оқибати нима бўлди? Оқибатда Аллоҳ уни қамоқдан чиқарди. Кейин иккинчи навбатда ундан нафсини хоҳлаган аёлга уни уйлантириб,  Миср тахтига ўтқазди. Сўнгра барчаларини жамлаб ота-онаси ва укасини унга қайтарди. Кўрдингларми, оламлар Роббиси бандаларига нисбатан ана шундай муносабатда бўлади. Келинглар, мен сизларга айтиб берган сўз маъносининг якунига қулоқ солайлик. Юсуфнинг акалари ўзлари яшайдиган саҳрога озиқ-овқат ва эҳтиёжлари учун керакли бўлган нарсаларни олиб кетиш учун Мисрга келдилар. Улар ўзлари танимайдиган Миср Азизининг ҳузурига кирдилар.

«Унинг ҳузурига кирганларида: «Эй Азиз, бизни ва аҳлимизни зарар тутди ва арзимаган сармоя келтирдик. Бас, бизга ўлчовни тўлиқ қилиб бер ва садақа ҳам бер. Аллоҳ, албатта, садақа қилувчиларни мукофотлайдир», дедилар». (Гапларидан кўриниб турибдики, уларнинг аҳволи оғир. Аввалгидек бор нарсаларини озиқ-овқатга алмаштиришга имконлари ҳам қолмаган. Олиб келган моллари жуда арзимас. Садақага муҳтожлар. Аввалги гердайишларидан асар ҳам йўқ.)

У: «Жоҳиллик пайтингизда Юсуфга ва унинг инисига нима қилганларингизни биласизларми?» деди. (Шунда акаларининг кўз-қулоқлари ялт этиб очилди. Кўзлари Азиз сиймосида Юсуфни кўрди, қулоқлари унинг овозини эшитди.)

Улар: «Э-э, ҳали сен Юсуфмисан?!» дедилар. У: «Мен Юсуфман, мана бу иним. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. Ҳақиқатда ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай», деди.

Улар: «Аллоҳга қасамки, ҳақиқатда Аллоҳ сени биздан устун қилди. Биз эса хатокорлардан бўлдик», дедилар. У: «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳим қилгувчиларнинг раҳимлироғидир», деди. Менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнгра аҳлингиз ила жам бўлиб ҳузуримга келинглар», деди. Карвон йўлга чиққан вақтда оталари: «Мени ақлдан озган деманглар-у, албатта, мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман», деди. (Лекин у кишининг гапларига олдиларида турганлар ишонмадилар.) Улар: «Аллоҳга қасамки, сен эски адашувингдасан», дедилар. (Яъни йўқ бўлиб кетган Юсуфдан ҳали ҳам умидворсан-а, дедилар. Лекин иш бошқача бўлиб чиқди).

Хушхабарчи келган чоғида у(кўйлак) ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди. У: «Сизларга мен, Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан, демаганмидим?!» деди.

Улар: «Эй отамиз, гуноҳларимиз учун истиғфор айт. Албатта, биз хатокорлардан бўлган эканмиз», дедилар. У: «Сизлар учун Роббимга ҳали истиғфор айтурман. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи ва раҳимли Зотдир», деди. (Шундан сўнг ҳаммалари Яъқуб алайҳиссалом бошчиликларида юртлари Канъондан Мисрга қараб йўлга тушдилар). Юсуф ҳузурига кирган чоғларида у отаси ва онасини ўзига яқинлаштирди ва: «Аллоҳнинг хоҳиши ила Мисрга омонликда киринглар!»- деди. Ота-онасини тахтга кўтарди. Улар унга (Аллоҳга шукр) сажда қилиб йиқилдилар. У: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг сизларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латифдир. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли Зотдир», деди. (Бу ояти каримада узоқ айрилиқдан сўнг дийдор топишиб, сўрашиб бўлганларидан кейинги ҳолатларнинг тасвири келтирилмоқда. Бу ҳол қандай бўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо қадимги тафсирчиларимиз бу ҳақда турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, салом маъносида бошларини бир оз эгдилар, дейдилар. Бошқалари, берилган бу неъмат учун Аллоҳга шукр саждаси қилдилар, дейдилар. Яна бирлари, ўша вақтда катталарнинг оёғига йиқилиб сажда қилиш бор эди, лекин Ислом шариатида бекор қилинган, деган фикрни айтганлар. «Тафсири Ҳилол»)

«Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган Зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин». Юсуф, 88-101.

Нақадар жозибали мафтункор кўриниш бу, эй Аллоҳнинг бандалари. Дунё ва унинг ташвишларини эсингиздан чиқаради. Сизни Аллоҳнинг ҳикмати ва лутфу-марҳаматидан иборат денгизларида яшашга мажбур қилади. Аллоҳнинг остонасига қочганингизда машаққат қолмайди. Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг ҳикмат чангалида яшаётганингизни билсангиз, балолар йўқ бўлади. Аллоҳим, неъматларинг олдида шукр қилишимизга илҳом бер. Машаққатларинг олдида мустаҳкам туриб ҳақиқий илтижо қилишимизга ва чиройли сабр қилишимизга ёрдам бер.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси. 11 июль 2008 йил.

Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси. 18 ноябрь 2015 йил.

 
Мавзуга оид мақолалар
Барча нарсаларни йўқотдим деб ўйласанг, Аллоҳ сен билан бирга эканини ёдга ол, шунда сен Уни йўқотмайсан, давоми...

22:05 / 17.05.2017 6394
Доктор Аҳмад Ҳажжий Курдий 1. Эркакларга тилла билан зийнатланиш ҳаром. Унда ортиқча дабдаба бўлиб, давоми...

19:00 / 13.11.2019 2833
Аллоҳ Таоло инсонларни севгимуҳаббат билан бирбирига боғлаб қўйган. Рум сурасининг 21ояти «Унинг давоми...

15:31 / 22.11.2016 3113
Лейла Наталья Бахадори, рус тилидан Зарнигор Аҳмадалиева таржима   Оилангизда ўсмир бор бўлса, яна давоми...

12:58 / 13.08.2018 3239