Қурбонлик қандай ибодат?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қурбонлик – қурбон ҳайити кунларида қўй, эчки ё мол сўйиб амалга ошириладиган ибодатдир. Бунга «Удҳийя» дейилади.

Қурбонлик Исломдаги мол воситасида бажо келтириладиган ибодат ҳисобланади. Аллоҳ таоло эҳсон этган борлиққа банданинг шукронасини билдиради.

Қурбонлик ибодатининг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом, бир ўғилли бўлсам, уни Аллоҳ йўлида қурбон қиламан, деб назр қилган эдилар. Орадан анча йиллар ўтиб ўғилли бўладилар, аммо назрларини хаёлдан чиқариб қўядилар. Бир куни тушларида ўз ўғилларини бўғизлаётганларини кўрадилар. Шунда назрлари эсига тушиб, бу ҳақда ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга айтадилар. Аллоҳнинг қудрати билан, ўғиллари улуғ бир таслимият намунасини кўрсатадилар.

Ниҳоят, Иброҳим алайҳиссалом назрларини амалга ошира бошлаганида, Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали бир қўчқор юбориб, инсон ўрнига ўшани қурбон этишлари мумкинлигини билдиради.

Мазкур ҳодиса ҳақида Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилингандир: «Бас, Биз унга (Иброҳимга) бир ҳалим ўғил хушхабарини бердик. Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен тушимда сени (Қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг раъй (фикр) қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди, у айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсан».

Бас, қачонки иккиси ҳам Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг, Албатта, биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!»

«Албатта, бу қурбонликка буюришим айни имтиҳондир! Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни эваз қилиб бердик. Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гапирганларни қолдирдик. Иброҳимга салом. Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз! Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир». («Соффат», 102, 110)

Ҳазрати Исмоилнинг ўрнига бир қўчқор қурбон этилишининг буюрилиши Аллоҳнинг инсониятга берган неъмати ва лутфидир. Аллоҳ бандаларинини Ҳазрати Иброҳимдек бир Пайғамбар воситасида инсонни қурбон қилишдан сақламаганда, улар «инсонни қурбон қилиш»дек даҳшатли бир ишни одат қилиб олишарди. Ёки оғир бир мажбурият остида қолар ва қўрқинчли одатдан уларни ҳеч ким қутқариб қола олмасди.

Хуллас, қурбонлик қилиш Ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломдан бизга суннат бўлиб етиб келган. Қурбонлик – инсоннинг Аллоҳ наздида севимли ва яқин бўлишига васила бўлувчи ибодатдир. Қурбонлик қилиш билан инсон ўзининг Яратувчисига бўлган боғлиқлигини, Унинг ризолиги учун ҳар қандай фидокорликка (Ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломдек) тайёр эканлигини билдирган бўлади. Шунга кўра, бошқа ибодатларда бўлганидек, қурбонликда ҳам яхши ният ва чин ихлос муҳимдир. Қуръони каримда марҳамат қилинганидек «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У Зотни улуғлашларингиз учун – уларни бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» («Ҳаж», 37)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам амалларнинг қиймати ниятга боғлиқлигини, киши бир ишни қайси ниятда бажарса, қўлга киритадигани ҳам ўша ниятига яраша бўлишини марҳамат қилганлар.

Бундан ташқари, қурбонлик кишилар ўртасида ўзаро ёрдам ва меҳр-оқибатнинг Исломдаги гўзал намунаси ҳамдир.

(Лутфи Шонтурк. «Қурбонлик қандай ибодат?»дан олинди) Муслима Робиа

Мавзуга оид мақолалар
Бир сафар катта шифохоналарнинг бирида ёш шифокорлардан бири устози билан бирга беморларни кўриб, давоми...

21:35 / 04.09.2023 2318
Саломатлик рукни Аччиқ таъм гармдори аччиғига ўхшаш аччиқ таъм зарар қилувчи энергия қувватни ёйиб, давоми...

13:02 / 23.05.2019 2559
Юмшатиб кўнгил тошини, эшитдим ул буюк Қуръон, Қулига келди Ҳақдин иноят, келди бул азим Фурқон. Дариғо, давоми...

16:05 / 28.11.2016 3105