Буюклик сири
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[gallery link="file" size="medium" ids="6097,6033,6057,5959,5974,5911,5898,5808,5809,5676,5571,6193,6241"] Азиз ўқувчи! 01.10.2015 сана халқаро интернет тармоғида эълон қилинган қуйидаги мақола кўпчиликка манзур бўлди, алҳамдулиллаҳ. Баъзи ўқувчиларимизнинг талабларига биноан, суҳбатдошимиздан яна айрим маълумотлар олиб, мақолага қўшилди. Сизга мақоланинг мазкур тўлдирилган шаклини ҳавола қиламиз.

БУЮКЛИК СИРИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Отамиз Одам алайҳиссаломнинг бахтини Ҳавво онамиз билан тугал қилган ва бу суннатни инсоният учун жорий этган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

«Менга дунёингиздан икки нарса суюкли қилиб қўйилди: аёллар ва хуш бўй», дея марҳамат қилган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг дуруду салавотлари бўлсин!

«Ҳар бир буюк шахснинг ортида бир аёл бор» деган ҳикмат доим ўз тасдиғини топиб келаётган ҳақиқатлардандир. Яқиндагина орамиздан кетган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ ҳазратларининг улуғликларини вафотларидан сўнг янада кўпроқ ҳис қиларканмиз, бу буюк сиймонинг ортидаги буюкликни кўришни истадик. Шояд, миллатимиз яна шундай улуғ шахсиятларга эришса. Зеро, бундай кишилар юзага келиши учун яна шундай кишиларни тарбия қилиш лозимдир. Биз мана шу мақсадда шайх Ҳазратларининг умр йўлдошлари – Исмоил Махдум қизи Фотима ҳожи онамиз билан суҳбат уюштирдик. Қуйида сизга ана шу суҳбатни тақдим қиламиз.

(Бу суҳбат шайх Ҳазратларининг вафотидан кўп ўтмай ўтказилган эди. Бироқ айрим сабабларга кўра уни эълон қилиш бироз кечга қолди… Шайх Ҳазратларини яқиндан танишни, у кишига ўхшашни ёки у кишидек фарзанд тарбиялашни истаганлар ушбу мақолани такрор-такрор ўқисин, буюклик сири нимада эканини англасин, ундан  ибрат олиб, ҳаётига татбиқ этсин…)

— Ассалому алайкум.

— Ва алайкум ассалом.

— Ҳожи она, аввало, яқинда орамиздан кетган устозимиз, миллатимизнинг фахри бўлмиш шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафотлари муносабати билан сиз ва сиз орқали шайх Ҳазратларининг барча оила аъзоларига таъзиямизни изҳор қиламиз.

— Ташаккур. Аллоҳ ҳаммамизга гўзал сабр насиб этсин.

— Сизга шайх Ҳазратларидек улуғ зотдан айрилганингизда ҳамдардлик билдириш билан бирга, шундай буюк инсоннинг умр йўлдоши бўлиб, розилик ва дуоларига эриша олиш бахтига муяссар бўлганингиз билан сизни муборакбод ҳам қиламиз. Шайх ҳазратларининг улуғ аллома, тақволи зот, буюк шахсият бўлганлари ҳамма эътироф этадиган ҳақиқатдир. Аммо бу буюк шахсиятнинг униб-ўсиши, оилавий ҳаёти ҳаммани қизиқтирадиган, лекин кўпчиликка маълум бўлмаган жабҳадир. Шу муносабат билан биз сиздан шайх Ҳазратларининг шахсий ҳаётларига доир айрим маълумотлар ҳақида сўрамоқчи эдик.

— Бемалол.

— У киши таваллуд топган хонадон ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ҳазрат катта отамиз Бойбўта буванинг хонадонларида, отамиз Муҳаммад Юсуф домланинг оилаларида таваллуд топганлар. Бойбўта бувамиз оддий чўпон, лекин пок мусулмон инсон бўлган экан. Отамиз Муҳаммад Юсуф домла эса илмли, ниҳоятда тақводор киши бўлганлар. У киши ёшлик чоқларидан илмга жуда қизиққанлар. Қишлоқ шароити, оилавий вазият ҳамда ўша даврдаги диний аҳвол туфайли бўлса керак, оталари у кишини тирикчилик қилишга кўпроқ ундаган. Лекин отамиз азбаройи илмга бўлган чанқоқликларидан Бухорода ўқиётган Муҳаммад Солиҳ деган қариндошлари билан мадрасага қочиб кетган эканлар. Дастлаб оталари аччиқланиб юрган бўлса-да, кейинчалик, ўғлининг илмли бўлиб келганини кўргач, жуда хурсанд бўлган экан. Ҳазратдек буюк инсоннинг оддий чўпон оиласидан етишиб чиқиши ҳам Аллоҳнинг қудрати ва чеварлигидан.

— Ҳазратнинг оналари у кишини фақат таҳорат билан эмизган экан, деган гап юради. Шу ҳақда нима дейсиз?

— Ҳа, онамиз жуда ихлосли аёл бўлганлар. Отам устозларидан фарзандни таҳорат билан эмизиш фазилатли амал эканини эшитганларини айтган эканлар. Онамиз бунга қўлдан келганча амал қилган эканлар. Аммо мен бир нарсани таъкидлаб қўймоқчиман, бу иш аёл киши учун оғир келади. Шунинг учун у ўзининг ёки фарзандининг соғлигига путур етказиб қўймаслиги керак. Шу билан бирга, бу амал шарт эмас, фазилат эканини унутмайлик. Шариатнинг рухсатини инкор қилмаслик лозим. Аёллардаги фарзанд тарбияси учун энг муҳим нарса уларнинг табиатидир. Онамиз табиати пок, соф фитратли, кўнгли беғубор аёл эдилар. Бу хислатлар ҳазратда намоён бўлган эди.

— Шайх ҳазратларининг ёшликлари қаерларда, қандай кечган?

— Отамиз Ҳазрат туғилгандан кейин, 1953-1959 йиллар орасида мадрасада бўлганлар. Шунинг учун онамиз шароит тақозоси билан ўз оналарининг ёнида, Марҳамат тумани, Қорақўрғон қишлоғидаги ота ҳовлида турганлар. Энамиз набираларини опичлаб катта қилган эканлар. Улар дастлаб ўша қишлоқдаги оддий мактабда ўқишган. Кейинроқ, 1959 йили отамиз Бухоро мадрасасини битириб, Тошкентдаги Бароқхон мадрасасидан Булоқбоши туманига имом бўлиб келганларидан сўнг уларнинг оиласи Булоқбошига кўчиб ўтган. Ҳазрат учинчи синфдан бошлаб ўша ердаги ўрта мактабда ўқиганлар. 1969 йили мактабни аъло баҳоларга битирганлар. У киши мактабдаги тенгқурлари орасида ҳам иқтидори, тартиблилиги ва ҳусни хулқлари билан ажралиб турган, кўпчиликнинг эътиборини қозонган эканлар. Илм-маърифатга жуда қизиққан, дарсларни ҳар доим катта қизиқиш ва эътибор билан бажариб келган эканлар.

— Шайх Ҳазратларининг ёшлик пайтларида феъл-атворлари қандай бўлган? Нималарга қизиққанлар?

— Ҳазрат жуда тортинчоқ, камсуқум, ахлоқли, ройиш, вазмин, кўнгилчан бола бўлган эканлар. Ҳамма нарсага, ҳар қандай янгиликка эътиборли бўлганлар. Ҳазрат ёшликларидан спортга, илмга, китоб мутолаасига жуда қаттиқ қизиққанлар, шунинг учун бадиий адабиётни ҳам кўп ўқиганлар. Келин бўлган кезларимда бир куни чордоққа чиқсам, чордоқ тўла бадиий китоблар экан. Шу билан бирга, ўша пайтда чоп этиладиган газеталардаги муҳим мақолаларни ҳам ўқиб борар эканлар. Ўйлайманки, у кишидаги кенг дунёқараш, сўз бойлиги ҳамда маълумот теранлигининг шаклланишида ана шу адабиётларнинг ҳам ўрни катта бўлган.

— Шайх Ҳазратлари бирор касб-ҳунар ҳам ўрганганмилар?

— Ҳа, 9-10 ёшларида оталари мактабдан ташқари малака ҳам бўлсин деб, махсидўзликка берган эканлар. У киши ўша ёшлариданоқ фитрати тоза, эътиқодли, парҳезкор бўлганлар. Махсидўз уста бир-икки марта ичкилик олиб келишга буюргандан кейин у ерга умуман бормай қўйган эканлар. Оталари ўғлининг ҳунарга бормаётганидан койиниб, «Нега бормайсан?» деб сўраганларида юқоридаги сабабни айтган эканлар.

Аллоҳ таоло у кишини илму маърифат учун яратган экан, ушбу соҳага астойдил берилиб кетганлар.

— Шайх Ҳазратларининг оталари ўғил тарбиясида қандай йўл тутганлар?

— Отамиз Муҳаммад Юсуф домла ўзлари жуда ҳам тақволи, ибодатли, ихлосли, илмга ўта муҳаббатли киши бўлганлар. Шунинг учун ўғилларининг келажакда илмли, маърифатли бўлишига астойдил бел боғлаганлар. Хусусан, уларнинг шаръий илмларни эгаллашларига қаттиқ эътибор қаратганлар. Уларнинг тарбиясида жиддий ва қатъиятли бўлганлар. Ҳатто шубҳали нарсалардан ҳам фарзандларни эҳтиёт қилганлар. У кишининг бор эътиборлари илм-маърифатга қаратилган эди. Фарзандларига насиҳат қилганларида доим: «Агар дунёнинг ортидан қувсанг, унга ета олмайсан. Аммо илм ортидан қувсанг, дунё сенинг ортингдан қувади», деб айтар эдилар. Бу – у кишининг шиори эди. Шу билан бирга, у киши устозларининг, аҳли илмларнинг хизматларини қойилмақом қилиб бажарганлар, улардан ва ўзлари таниган бошқа илм аҳлларидан фарзандларининг ҳаққига жуда кўп дуо олганлар. У кишининг ўз устозларига қилган хизматлари зарбулмасал қилгудек даражада олий бўлган. Шунингдек, ўзлари ҳам кўп дуо қилганлар. У киши ҳар доим «Аллоҳим, Ўзинг тарбият қил!» деб илтижо қилардилар. Оилаларимиз катталашиб, теварагимиз тўкин бўлиб қолганда ҳам, ўзлари кексайиб қолганларига қарамай: «Нима камчилик? Бизга нима хизмат?» деб сўраб турардилар. Мен: «Дада, биз сизга хизмат қилишимиз керак-ку», десам, у киши: «Қизим, фарзандларим Аллоҳнинг хизматида бўлса, танамда жоним бор экан, уларнинг хизматини қилишга тайёрман», дер эдилар. Ҳа, отамиз фарзандларининг бу қадар етук инсон бўлишлари учун ҳам моддий, ҳам маънавий имконларини сарфлаганлар. Ҳазратнинг «ҳазрат» бўлишларида падари бузрукворларининг хизмати энг катта ўрин тутган. Айтиш мумкинки, Ҳазратдек фарзанд тарбияламоқчи бўлган инсон у кишининг оталаридек амал қилсин!

— Шайх Ҳазратлари илк диний таълимни кимдан олганлар?

— Оталаридан олганлар. Дастлаб савод чиқариш, Қуръони Карим қироати, бирламчи араб тили дарсликлари каби бошланғич илмларни ўз оталарида ўқиганлар.

— Мактабдан кейин қаерда ўқиганлар?

— Кейин 1970 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига кирганлар. 1971 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига кўчириб ўтказилганлар. Кейин Ливия дорулфунунида таҳсил олганлар.

— Таҳсил олиб юрган кезларидан қандай хотираларни эшитгансиз?

— Ҳазрат мадрасада тиришқоқликлари, илмга муҳаббатлари, илғорликлари билан танилган эканлар. Ҳатто дўстлари у кишига исмлари билан эмас, «пешқадам» деб мурожаат қилишаркан. Институтда ҳам шундай бўлган. Араб тилини яхши билганлари учун ҳали Ливияга кетмасдан олдин ҳам араб юртларидан келган меҳмонларга таржимонлик қилардилар. Ливиядаги дорулфунунда ҳам энг кўзга кўринган талаба бўлганлар.

— Ҳазрат билан турмуш қуришларингизда икки оиланинг туташиши қандай кечган?

— Менинг падари бузрукворим Исмоил махдум машҳур олим бўлганлар. Бухоро мадрасаси ҳам уларнинг раҳбарликларида очилган. Ўзлари у ерда бир муддат дарс берганлар, мудир ҳам бўлганлар. Қайнотам у кишига шогирд бўлганлар. Шунинг учун у киши ўз шогирди Муҳаммад Юсуф домлага фарзандни ўқитиш ва тарбиялашда маслаҳатгўй бўлганлар. Ҳатто 1968 йили дадам ҳажга борганларида қайнотам ҳам бирга борган ва ўз одатларига кўра, бориб-келгунча устозларининг хизматида бўлган эканлар. Ҳазрат Бухородаги мадрасадан кейин Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўқиганлар. У пайтда дадам муфтий ноиби бўлиш билан бирга институтда дарс ҳам берардилар. Ҳазрат институт барномасидан ташқари, дадамнинг ўзларида ҳам алоҳида илм олганлар, китоб ўқиганлар. Дадам: «Ҳамма талабалар ҳордиқ кунлари бозорга ёки кўчага чиқишади. Фақат Муҳаммад Содиқ ўша дамларни ҳам китоб мутолааси билан ўтказади», дердилар. Дадам Ҳазратнинг илмга бўлган иштиёқи ва иқтидорини сезиб, яхши кўриб қолганлар. Бир куни Муҳаммад Юсуф отамизга: «Ўғлингизни ўзим ўғил қиламан», деб айтганлар. Қайнотам бу таклифни катта қувонч билан қабул қилганлар. Дадам Ҳазратга жуда юқори баҳо берардилар. Ҳатто: «Бу йигит ҳали биз ёзмоқчи бўлган, лекин ёза олмаган китобларни ёзади», деб айтганларини эшитганман. Ҳазрат билан унаштирилишимизда бизнинг оилада кўпчилик истихора қилган. Деярли, ҳамма тушида уюм-уюм китоб кўрган. 1974 йили, Ҳазрат институтда ўқиётган кезлари тўйимиз бўлган. Ўшанда мен 19 ёшда эдим. Тўйимиз ўз уйимизда бўлган. Мен Намангандан Андижонга, Булоқбошига келин бўлиб тушганман.

— Шайх Ҳазратлари билан илк турмуш қурган пайтларингиз қандай кечган?

— Алҳамдулиллаҳ, биз жуда бахтли ҳаёт кечирганмиз. Ҳазрат ўша пайтда ҳам содда ва самимий бўлиш билан бирга, жуда виқорли, қатъиятли эдилар. Ҳазрат илм кишиси бўлганлар. У кишининг фикру ўйи у ёшдаги йигитларда бўладиган ўй-фикрлардан мутлақо бошқача эди, қалблари умуман ўзгача нарсалар билан банд: бор ғам-ташвишлари ҳам, меҳру эътиборлари ҳам дину диёнатга, илму маърифатга қаратилган эди. Мен учун у кишининг энг азиз хислатлари ҳам айнан илму амаллари эди. Ҳазратдек олим инсонга хизмат қилишни насиб қилгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтаман.

— Ҳазратни кўпчилик спортга қизиққан ва чиниққан инсон, деб билади. Ҳақиқатда шундаймиди?

— Ҳа, ҳазрат спортнинг, деярли, барча тури билан таниш эдилар. Бир қанча турларида анча малакага ҳам эга эдилар. Футбол, баскетбол, теннис, сувда сузиш каби спорт турларига моҳир бўлганлар. Шу билан бирга, у киши ҳар бир ишни илм асосида ҳамда мантиқий ёндашув билан қилардилар. Спорт хабарлари билан банд бўлганларини кўрмас эдик, аммо дунёдаги барча хабарлар қатори, спорт хабарларидан ҳам воқиф бўлардилар.

— Ҳазрат Ливияда ўқиганларида сиз ҳам бирга бўлганмисиз?

— Йўқ. Бунга рухсат йўқ эди. Ўзлари йилда икки марта келиб турардилар.

— Ҳазратнинг ўша талабалик йиллари ҳақида билганларингизни ўртоқлашсангиз.

— Ҳазрат Ливиядаги «Исломий даъват факультети» номли олийгоҳда ўқиганлар. У ерда ҳам олийгоҳ дарсларидан ташқари, бир қанча олимлардан илм олганлар ва мунтазам равишда мустақил мутолаа билан шуғулланганлар. Олийгоҳда бирор дарсни қолдирмай қатнашганлар. Шунинг учун имтиҳонга алоҳида тайёрланишга эҳтиёжлари бўлмаган. Менга Ҳазратнинг ўзлари айтиб берган эдилар. Тароблусда Тоҳир Нуос исмли бир олим, доктор, журналист одам бўлган экан. У олийгоҳ раҳбариятидан энг иқтидорли талабани кўрсатишларини сўрабди. Раҳбарият Ҳазратни кўрсатибди. Тоҳир Нуос Тароблусдаги катта кутубхонада илмий ходим бўлиб ишлаган экан. У ерда турли соҳалардаги китоблар, ноёб асарлар бор экан. Тоҳир Нуос ўзи олим одам бўлгани учун Ҳазратга мутолаа борасида маслаҳатлар бериб борган ва ўша кутубхонадан яқин тўрт йил давомида китоб ташиб турган экан. Ўшанда Ҳазрат ҳар куни 100 саҳифа китоб ўқишни ўзларига вазифа қилиб олган эканлар. Бу, албатта, олийгоҳ дарсларидан ташқари бўлган. Ўша пайтларда ҳам ўзларининг кун тартиби низомлари – «темир қонун»лари бўлган, унга қатъий амал қилганлар. Эрталаб ўқишга кетгунча Қуръон тиловат қилганлар. Нонуштани қилиб, ўқишга чиққанлар. Дарсдан келиб, озгина дам олганлар. Кейин спортга чиққанлар. Кейин хонага келиб, ётгунча дарс ва китоб мутолааси билан шуғулланганлар. Бутун дунёдан келган талабалар орасида ҳам энг пешқадами бўлганлар. Натижада ҳамма фандан 90 дан ортиқ балл олганлар ва олийгоҳни энг юқори балл билан битириб, 500 динор маблағ билан мукофотланганлар.

— Машааллоҳ.

— Ҳа, Ҳазрат бир умр иззатда яшадилар. У киши ёшлик чоғлариданоқ эъзозланганлар. Ҳали вояга етмасларидан, Қуръон саводлари чиққанидан бошлаб оналари у кишини ғоятда ҳурматлаб парваришлаганлар, ҳатто бирор марта «сен» демай ўстирганлар. Чунки Ҳазрат талаби илмга кирганларидан кейин қайнотам аёлига: «Энди ўғлимизни сенсирашимиз ҳам мумкин эмас», деган эканлар. Талабалик даврларида зиёда бўла бошлаган бу эъзоз-икром умрларининг сўнгига қадар ортиб борди. Вафотларидан кейин эса у кишининг иззат-ҳурматлари янада юксалиб бормоқда. Аллоҳ таоло у кишига бу дунёда шундай шарафли ҳаётни насиб этган экан, у дунёда бундан-да азизликни, шарафни насиб этсин.

— Ҳазратнинг табиатлари, оиладаги мавқеълари тўғрисида гапириб берсангиз.

— Ҳазрат жуда нозиктаъб инсон эдилар. Ўзлари камгап, вазмин, доно эдилар. Ҳеч қачон қаттиқ гапирмасдилар. Аммо ўз талабларида қатъий эдилар. Аччиқланганларида умуман гапирмай қўярдилар. У кишининг ўша «жим»ликлари биз учун етарли тарбия бўларди. Бирор кишидан ранжисалар, унга ёмон сўз демасалар-да, назар ҳам солмай қўярдилар. Хафачиликни унча изҳор қилмасалар ҳам, бу нарса кайфиятларига таъсир қилар, тезда сўлғинлашиб қолардилар. Муносабатлар яхшилашган сари яшнайверардилар. Шунинг учун мен у кишининг кўнгилларини беҳузур қилиб қўйишдан қаттиқ қўрқардим. Мабодо нимадандир ранжиган кўринсалар, бир амаллаб кўнгилларини ёзиб олмагунча тинчим бўлмасди. Ҳазрат жуда ҳам иродали, салобатли ва қатъиятли бўлсалар ҳам, қалблари мулойим, таъсирчан эди, ташқарида сездирмасалар-да, кўнгиллари синиб қоларди, дардни ичларига солардилар. Кўнгилдан қилинган хизматни қадрлар, бировга малол келадиган талабни қўймас эдилар. Ҳазратнинг оилада оила раҳбари сифатида, ота сифатида тутган ўринлари ўзгача бўлганидек, жуфти ҳалол ўлароқ тутган мақомлари ҳам бошқача, олийжаноб эди. Мен у кишига турмуш ўртоқ деб эмас, «ҳазрат» деб қарардим. У кишини қайнота сифатида ҳам алоҳида таърифлаш мумкин. Ука-сингиллари учун эса ҳақиқий ота ўрнида эдилар. Ҳар қандай муаммо у кишига айтилганда осонгина ечим топарди. Ҳазрат сўнгги 4-5 йилда бизларга яна ҳам меҳрибон бўлиб кетгандилар. Энди ўйласам, у кишининг асосий ташвишлари дину эл ғами бўлган экан. Охирги 2-3 йилда у кишида бироз енгил тортиш, хотиржамлик пайдо бўлиб қолганди. Энди англаяпманки, у киши мусулмонларга етказилиши керак бўлган илмларни, ўзлари илгаридан режа қилган ишларни амалга ошириб, бир маромга солиб олгунча жонлари тинчимаган экан. Ана ўша масъулиятли режалар амалга ошиб, бироз йўлга тушгач, кўнгилларига оз-моз бошқа нарсалар ҳам сиғадиган бўлди, бола-чақалар билан ҳузурланишга ҳам вақт топадиган бўлдилар. Ҳазратнинг оила даврасидаги суҳбатлари ҳам оддий гаплар бўлмас, балки илм-маърифат, гўзал насиҳатлар бўлар эди. Ҳазратнинг суҳбатларидан баҳра олган одам ўзига бошқа бундай ҳамсуҳбат топа олмас эди.

— Ҳазратнинг илмий фаолиятлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Ҳазрат ниҳоятда фаол инсон эдилар. Ҳар жабҳада, ҳар соҳада камолотга интилардилар. Жисмонан ҳам, руҳан ҳам жуда бақувват эдилар. Муфтийлик хизматида бўлган кезлари у кишининг зоҳирий ва ботиний қувватлари намоён бўлган. Баъзи кунлари 2-3 соат ухлардилар, холос. Ғайратлари ўзларига сиғмас эди. Ҳатто бирга юрган ҳамроҳлари чарчаб қолишарди. Аммо у киши на тиним, на ҳорғинлик билмасдилар. Ишларни вазминлик билан олиб борардилар. Нимага қўл урсалар, хайру барака ёғилиб кетарди. Ўша пайтлардаги фаолиятлари жуда ҳам қизғин бўлган. Баъзан бир кунда иккита-учта шаҳарга ҳам борар эдилар. Мусофирчиликда ҳам, умуман, тинмас эдилар. Фалонча вақт ишладим, энди бир дам олай, деган фикр у кишида бўлмаган. Ҳазрат жисмонан бизнинг воқеликда бўлсалар-да, гўё руҳан бошқа оламда яшаганлар. У кишидаги руҳий ҳолат ҳаёт мобайнида босқичма-босқич ўзгариб борган. Агар илгариги шиддатлари бўлмаса, бу қадар улкан ишлар амалга ошмаслиги мумкин эди. Кейинги пайтларда эса юмшоқлик, меҳрибонлик ғолиб келадиган бўлиб қолди. Бу ҳам ўша онлар учун лозим эди.

— «Ҳар қандай буюк шахснинг ортида бир аёл бор», деган ҳикматли гап бор. Олимларнинг хизматлари тугал бўлиши учун уларнинг аёлларидан қандай муносабат лозим бўлади, шу ҳақда ўз фикр ва тажрибаларингизни биз билан ўртоқлашсангиз.

— Мен аслида йиғинларга жуда кам қатнашаман. Аммо бирор жойга борсам, аёллар учун энг қизиқарли мавзу Ҳазрат ҳақларидаги суҳбат бўлади ва шунинг ўзи амри маъруф сифатида кифоя қилади. Илм аҳлининг аёлларидан талаб қилинадиган нарса ҳақида сўзлайдиган бўлсам, бу – жуда катта мавзу. Аёлдаги эрга вафодорлик, жонбозлик билан хизмат қилиш руҳи, аввало, Аллоҳ таоло томонидан берилган бўлади. Қолаверса, бу хислат, асосан, онадан ўтади. Бироқ тарбия ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун уйланмоқчи бўлган йигитлар, айниқса, толиби илмлар жуфт танлашда хонадон бекасининг тутумига назар солишлари керак бўлади. Ҳазрат мени: «Онангизнинг дорилфунунида таҳсил олгансиз-да», деб эркалаб қўярдилар. Қуш инида кўрганини қилади, деган гап бежиз эмас. Мен мақтаниш учун эмас, сизнинг сўровингизга ижобатан, ўз тажрибамдан сўзламоқчиман. Одатда, Ҳазрат мендан бирор нарсани талаб қилмаганлар. Камдан-кам иш буюрганлар. Чунки мен у кишига нима лозимлигини ўзим билиб, олдиндан ҳозирлаб турар эдим. Ҳазратга нима кераклигини ўзлари билмаган ҳолда ҳам мен билиб, ўшани тақдим қилардим. Ҳатто қариндош-уруғлар, яқинлар билан бўладиган борди-келдиларда ҳам Ҳазратни ташвишлантирмаслик тадоригини кўрардим. Овқатланиш ёки кийинишда бўлсин, иш, ҳордиқ ёки бошқа юмушда бўлсин, у кишига қунт ва интизом билан қарардим, юз-кўзларига қараб, нима лозимлигини англаб, шунга қараб ҳаракат қилардим. Кўзларида чарчоқ кўрсам, дам олишга ундардим. Баъзан вужудларида ҳорғинлик сезсам, ўғлимга айтиб, даволаниш ёки истироҳат уюштирардим. Ҳазрат турмушимиз давомида бирор марта кийим-кечак ҳақида ўйламаганлар. Бу доим менинг вазифам эди. У кишини ясантириш, парваришлаш, тарошлаш менинг асосий юмушим эди. Соч-соқоллари, тирноқлари, кийим-бошлариҳамма-ҳаммасига қараб турардим, у кишига бу нарсаларга эътибор қилишга ўрин қолдирмасдим. Бир нарсани таъкидлаб қўяй, буни менга биров ўргатган эмас, кимдир талаб ҳам қилмаган. Аксинча, менинг парваришларим у кишига баъзан ортиқчадек туюлиб кетарди. Ўзларидан ҳайбатланиб турардим. Мен бу хизматларни фақат Ҳазратнинг розиликларини олиш, кўнгилларини хушнуд қилиш учунгина, ўз ихтиёрим билан, балки завқу шавқ билан қилардим. Оилада одатий иш-юмуш бошқа нарса, хўжайинга алоҳида эътибор бошқа нарса. Шу билан бирга, мен бу хизматларни фазилат деб эмас, бурчим деб билар эдим. Ўзимни эса Ҳазратга яхши қарай олмаётгандек ҳис қилар эдим. Аммо баъзи аёлларнинг, хусусан, олим кишига жуфти ҳалол бўлиш насиб қилган хонимларнинг мана шундай бурчларини унутганлари ёки англамасликларини кўриб, ҳайрон бўламан. Бундан ташқари, илмли инсоннинг илм хизматига ажралиб чиқиши учун уни майда-чуйда ташвишлардан холи қўйиш керак. Бу борада асосий масъулият аёлнинг зиммасига тушади. Аёл илм аҳлига турмуш ўртоқ бўлган экан, уни ўша турмушнинг ҳар бир икир-чикирига чалғитавермаслиги, анча-мунча юкни ўз зиммасига олиши лозим. Бу билан олимнинг аёли пул топиши керак, демоқчи эмасман. Бизда ҳам барча таъминот фақат Ҳазрат тарафларидан бўлган. Лекин эркак уйга олиб келган ўша ризқу рўзни жой-жойига сарфлаш, оиланинг майда-чуйда ташвишларини тўкиб-солавермай, баъзи ишларни ўз ўрнида ҳал қилиб кетиш ҳам аёлнинг вазифасидир. Булардан мақсад оилада эркакнинг аҳамиятини пасайтириш эмас, аксинча, унинг шаънини кўтариш, унинг вақти, куч-қувват, иқтидорини улуғ ишлар учун эҳтиётлашдир. Табиийки, аввало, олим кишиларнинг ўзлари ҳам бунга тайёр бўлишлари, имкон беришлари даркор бўлади. Шу каби юмушлар билан банд бўлиб, илм билан шуғуллана олмаганим, илмий хизмат қила олмаганимдан Ҳазратга ўксинсам, у киши: «Сиз қилаётган барча ишлар илмга хизмат, ибодат», деб қўярдилар. У кишининг шу каби сўзлари, дуолари ва (агар мендан рози бўлган бўлсалар) розиликлари — мен учун энг катта мукофот.

— Ҳазратнинг кун тартиблари қандай бўлган?

— Мендан Ҳазратнинг вирдлари ҳақида кўп сўрашади. Ҳазратнинг асосий вирдлари илм эди. У киши: «Оддий мўминнинг вирди зикр, қорининг вирди Қуръон, толиби илмнинг вирди талаби илм, олимнинг вирди илм тарқатиш», деб қўярдилар. Кун тартибларига келсак, Ҳазрат қишин-ёзин саҳарлаб турардилар. Бироз таҳажжуд ўқиб, сўнгра ишга ўтирардилар. Бомдод вақти кирганда намозни ўқиб, вирдларига ўтирардилар. Вирдлари суннатда келган тонгги зикрлар, Ёсин тиловати ва ўзлари ихтиёр қилган муайян зикрлардан иборат эди. Воқеа сурасини ҳам ҳар куни ўқирдилар. Кўпинча эрталаб соат 7 ларда маросимга боришлари керак бўларди. Ҳазратни олиб кетгани келган кишининг келганини хабар қилиши ёки дарвоза қўнғироғини чалиши Ҳазратнинг наздларида катта беодоблик ҳисобланарди. Улар айтилган вақтга келиб турар, Ҳазрат ҳам келишилган вақтга ташқарига чиқардилар. Маросимга олиб кетадиган машина 6:30 га яқин келарди. Ҳазрат 3 дақиқада кийимларини алмаштириб, роппа-роса 6:30 га ташқарига чиқардилар. Вақтни тежаганларидан кийимнинг тугмасини ҳам йўл-йўлакай тақиб борардилар. Маросимдан келибоқ, яна ишга киришардилар. Сўнгги бир йилдан бери парҳезда бўлганлари учун кўпинча маросимдан келиб, уйда чой ичардилар. Чой ичишлари узоғи билан 15 дақиқага борарди. Кейин тушгача ишлардилар. Ўзлари учун кунда 10 саҳифа китоб таълиф қилишни вазифа қилиб олгандилар. Вазифалари тугамагунча тўхтамасдилар, не бўлмасин, уни бажарардилар. Ҳатто сафарда ҳам, имкон топилди, дегунча ишларини давом эттирардилар. Одатда пешиндан кейин ҳафтанинг баъзи кунлари дарс ҳалқалари бўлар, баъзи кунлари эса сузишга борар эдилар. Шунингдек, яна баъзи кунлари шомдан кейин дарс берсалар, бошқа кунлари шомдан кейин баскетболга борардилар. Ҳафтада икки марта сузиш, икки марта баскетбол, бешта дарс ва бир нечта мажлис бўларди. Бу бардавом ва бир маромдаги тадбирлар бўлса, ундан ташқари, турли йиғинлар, сафарлар ҳам кетма-кет бўлиб турарди. Ҳазратнинг вақтига Аллоҳ таоло барака бериб қўйган эди. Буни у киши билан ҳамнафас бўлган инсон ҳам ўз вақтидаги ўзгаришдан сеза оларди. У кишининг вақтга бўлган эътиборларидан Аллоҳ таоло у кишини бу каромат билан сийлаган бўлса, ажаб эмас. Ҳазратнинг вирдларидан яна бири – ҳар доим таҳоратли юрардилар ва ҳар бир таҳорат кетидан икки ракаат нафл ўқирдилар. Кечқурун соат ўнда, кечикиб кетса, ўн ярим-ўн бирларда уйқуга ётардилар. Баъзан хуфтонни эртароқ ўқиб, кейин ётиш олдидан таҳоратни янгилаб, витрни ўқирдилар. Ҳазрат бирор лаҳзани ҳам зое қилмас эдилар. Вазифаларни ўтаб бўлган пайтлари Қуръон тинглар эдилар. Қуръони Каримни кўп ўқир ва эшитар эдилар. Озгина фурсат бўш бўлиб қолсалар, зикр қилиб ўтирар эдилар. У киши бадиий адабиётга ҳам қизиқардилар. Илмий ишлардан бўшаган пайтлари турли бадиий асарлар билан ҳам танишиб турар, ҳикматли шеърларни ўқишни, тинглашни яхши кўрар эдилар.

— Қайси таомларни ёқтирардилар?

— Одатда, овқат танламасдилар. Овқат ёқмаса, ёмонламас, индамай емай қўяверар эдилар. «Ўрнига бошқа таом қилайлик», десак, унамай, нон-чой билан кифояланардилар. Аммо ўзларига қолса, шавла, ош ва ҳасипни яхши кўрардилар. Ҳазратга одамлар энг олий, энг сара, энг ноёб емишларни тақдим қилишарди. Бироқ у киши емакка кўп ҳам эътибор қилмасдилар. У киши учун ана шу камёб, олийнав таомлар билан уйларида пиширилган энг оддий емак баробар эди.

— Ҳазратнинг мол-мулкка муносабатлари?

— Ҳазрат, одатда, бирор ҳунар билан шуғулланмаганлар. Лекин оилапарвар, ҳимматли эдилар. Оиланинг ҳамма таъминотини ўзлари қилардилар. У киши тежамкор бўлишлари билан бирга, яхши нарсага ишлатилган пулга ачинмас эдилар. Ҳазрат дастлаб «Совет шарқи мусумонлари» газетасида ишлаб, маош ола бошлаганлар. Кейин устозлик, мударрислик қилдилар. Муфтий бўлганларида ва ундан кейинги ҳаётларида ҳам қўлларига тушган нарсалар фақат Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфланган. Одатда, пуллари менда ёки ўғиллари Исмоилжонда турарди. У киши бизга ишонганларидан тасарруфни ўзимизга топшириб қўйгандилар. Биз Ҳазратнинг ортиқча ташвишлардан фориғ бўлишлари учун ҳаракат қилар ва у кишининг мол-мулкларини ўзлари хурсанд бўладиган тарзда сарфлашга уринар эдик. У кишига тегишли барча бойлик Аллоҳнинг йўлидан келиб, Аллоҳнинг йўлига кетган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Кўпинча элдан тушган ҳадяларни муҳтожларга бериб юборардилар. Мол-дунё Ҳазратнинг оёқлари остида гўё дарё бўлиб оққан, аммо у киши унга қиё ҳам боқмаганлар. Дунё матоҳига умуман қизиқмас эдилар. У киши «Дунё неъматлари бўлса яхши, бироқ унга кўнгил қўйиш яхши эмас», дердилар ва ўзлари шунга амал қилардилар. Ҳазратга жуда кўпчилик, ҳатто хориждаги катта сарватмандлар ҳам ёрдам таклиф қилишган. «Сиз илмга ажралиб чиқинг, тирикчиликни ўйламанг, ҳамма таъминотни биз қиламиз, нима десангиз, қанча десангиз, биз тайёр», деб ҳам айтишган. Аммо Ҳазрат: «Раҳмат, ҳамма нарсам етарли» деб, бирортасининг таклифини қабул қилмаганлар. Ҳа, Ҳазрат қадимги, ҳақиқий уламоларнинг йўлини тутган эдилар ва буни ўзлари ҳам таъкидлардилар.

— Кўпчиликни қизиқтирадиган савол: Ҳазратдек улуғ зотнинг қандай кароматлари бўлган?

— Ҳазрат каромат ҳам, авлиёлик ҳам даъво қилмаганлар. Менимча, Ҳазратнинг асарлари ва уларнинг элга манзуру мақбул бўлгани, илмий фаолиятлари ва хизматларининг бу қадар баракали, серҳосил бўлиши энг катта кароматдир. Шу билан бирга, у кишининг Аллоҳга яқин эканларига далолат қилувчи аломатлар кўп эди. Мисол учун айтадиган бўлсам, Ҳазрат дуоси ижобат бўладиган банда эдилар. Биз ҳар бир ишни Ҳазратдан дуо олиб қилардик, ҳатто энг оддий ва одатий ишларимизни ҳам, масалан, бирор зарурат билан камларимизни олгани чиқсак ҳам, у кишидан дуо олмай чиқмасдик. Чунки бир-икки у кишидан дуо олмай иш қилиб, панд еган кунларимиз бўлган. Шунингдек, Ҳазратнинг назарларидан қолган кўпчилик кишиларнинг ёмон оқибат топганини ҳам кўрганмиз. Ҳазратга азият берган баъзилар хорлик билан ўлим топди ҳам. Ҳазрат бағрикенг инсон эдилар, анча-мунчани ўтим қилиб юборар, ҳуда-беҳудага бировдан кўнгиллари қолмас эди. Аммо кимдандир кўнгиллари қолса, ўша одамга яхши бўлмас эди ва буни ўзлари ҳам билардилар. Шунинг учун ўша нуқтага боришдан қочардилар. Бир сўз билан айтганда, ёнимизда фариштага ўхшаб юрган эканлар-у, билмаган эканмиз. Мен амин бўлдимки, авлиёлар ғайриоддий одамлар бўлмас экан, балки сизу биз каби оддий инсон бўлиб яшар экан. Уларни ортиқча илоҳийлаштириш нотўғри деб биламан. Авлиёлар ҳам оддий инсон сифатида еб-ичиб, ухлаб-уйғониб яшар экан. Ёнингизда камтаргина бўлиб яшаб, ўтиб кетаркан. Аммо улар доим Аллоҳ билан ва Аллоҳ ҳам улар билан бўлар экан.

— Ҳазрат биров билан хафалашармидилар? У кишининг шахсий ахлоқлари қандай эди?

— Ҳазратнинг дилларини оғритганлар бўлган. Аммо у киши биров билан уришиб, жанжаллашмаганлар. У киши ташқаридан шиддатли кўринсалар ҳам, аслида кўнгиллари нозик, диллари юмшоқ эди. Ҳатто оилада бирортамизга фавқулодда овоз кўтариб, қаттиқроқ гапириб қўйсалар, 4-5 кун ўша одамнинг юзига қарашга ботина олмасдилар. Буни ўзлари ҳам айтгандилар, «Бировга қаттиқ гапириб қўйсам, анчагача унга рўпара келолмай юраман», деган эдилар. Одатда кўпчилик уришиб-талашиб, яна ҳеч нима бўлмагандай гаплашиб кетаверади. Ҳазрат эса ундай бетамиз эмас эдилар. Овоз кўтаришни, бақир-чақир, ғалаённи юраклари кўтармас эди. Кўнгилчанликларидан бировга узоқ тикилиб ҳам қарамас эдилар. Хушхулқ, камсуқум, очиқ табиатли, самимий, содда ва камтарин инсон эдилар. Эзгу эдилар, эзгуликни севардилар ва доим эзгу умидда яшардилар. Ҳар доим «Иншааллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади», деб қўяр эдилар. У киши ҳеч кимни камситмас, ҳар кимни ўзига яраша яхши жиҳати учун ардоқлар эдилар. У кишининг энг кўп севганлари илм ва илм аҳли эди. Бировни мақтасалар ҳам, билими билан мақтардилар, тан олганлари ҳам, дўст тутганлари ҳам илм аҳли бўларди. Қайси соҳада бўлмасин, илм эгаларини ниҳоятда қадрлар эдилар. У кишининг тарозилари илм ва одоб эди. Бировни ёмонламоқчи бўлсалар ҳам, «Ўқимаган-да», деб қўярдилар, холос.

— Сиз Ҳазратнинг асарлари билан яқиндан таниш бўлганмисиз?

— Мен Ҳазратнинг асарларининг энг биринчи ўқувчиси эдим. «Тафсири Ҳилол»ни қўлёзмалигидаёқ ўқиб тугатганман. Ҳазрат «Тафсири Ҳилол»ни ёзганларида бошқа бир оламда яшаганлар. Асарни, асосан, хотирадан ёзганлар. Таълиф қилган пайтлари ёнларида бир-иккита китоб турарди, холос. «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумини ёзишда ҳам шундай бўлган. Асосийси, у киши нима деган бўлсалар, нима ёзган бўлсалар, унга аввало ўзлари амал қилардилар. Мен ҳеч иккиланмай айтаманки, Ҳазрат ўзлари айтган гапларнинг ҳар бирига ўзлари амал қилганлар. Шунинг учун у кишининг айтганлари ва ёзганлари қалбларга осон кириб боради, сўзлари элга эм бўлади, насиҳатларига одамлар амал қилади. У кишининг китобларини ўқиган одам ўша оламда яшайди. Айниқса, оналаримизнинг, саҳобияларнинг ҳаётларини шундай ёзганларки, уларни ўқиганимда ўшаларнинг даврига кетгим келиб қолади. Ҳазратнинг ёзганларидан ҳам тарихни биласиз, ҳам ўша даврда яшайсиз, ҳам уларнинг ҳаётидан шаръий ҳукмларни ўрганасиз.

— Ҳазратнинг ишлари давом этармикин, деган ўй кўпчиликни ташвишга соляпти. Бу ҳақда нима дейсиз?

— Ҳа, Ҳазратнинг вафотлари хабарини эшитганда, деярли, ҳар бир мухлис банданинг қалбидан илк кечган ўй мана шу бўлди. Мен Ҳазратдан бу ҳақда сўраганман. «Ҳазрат, сиздек инсон эл-юрт учун доим керак. Шогирдлардан тайёрлаб қўйсангиз бўлар эди», деганман. Шунда Ҳазрат: «Ҳа, шундай бўляпти», деган эдилар. Умид қиламанки, Ҳазрат нафақат ўзлари улкан ижод қилиб ўтдилар, балки кўплаб ижодкорларни ҳам элга тақдим қилиб кетдилар. Иншааллоҳ, улар Ҳазратнинг ишларини давом эттиришади. Ҳозирги кунда Аллоҳдан тинмай сўраётган асосий тилагим ҳам шу. Ҳазратнинг шогирдларига мурожаатим ҳам шу. Ким у кишини яхши кўрса, руҳларини шод қилишни истаса, ягона йўл – у кишининг ишларини давом эттирсин. Чунки Ҳазрат уларга жуда катта умид билан қарардилар, улар билан қувонардилар. Менинг шундан бошқа орзум йўқ.

— Ҳазрат ўз фарзандлари тарбиясида қандай йўл тутганлар?

— Ҳазрат фарзандларини, аввало, илму маърифатли, ихлосли, илмга муҳаббатли бўлишига уринганлар. Уларнинг Исломга хизмат қилишларини истаганлар. Исмоилжон Ҳазрат ўқиган дорулфунунни битирган. У доим Ҳазратнинг хизматларида, ички ва ташқи барча ишларида ёрдамчи бўлган. Ҳазрат ҳамма ишларда унга маслаҳат солардилар. Нашриёт ишлари ҳам унга топширилган. Ҳазрат ҳар куни эрталаб Исмоилжонга топшириқлар бериб, кечки пайт ҳисобот олардилар. Исмоилжонга турли нуфузли хизматлар таклиф қилинганда ҳам: «Мен ўзимни Ҳазратга, у кишининг хизматларига бағишлаганман», деб кўнмаган. У ҳам ўзига хос истеъдод эгаси, аммо ўзини ошкор қилишни истамайдиган табиати бор. Мен уни «ҳазратнинг соялари» дейман. Катта қизим Одинахон ҳам Ливияда ўқиган. Мисрда ҳам таҳсил олган. Ҳазрат унга юқори баҳо берардилар, алоҳида эътибор қаратардилар. Чунки унинг илмга муҳаббати, ғайрати ҳамда тиришқоқлиги отамерос. Имкон қадар илмга, дину диёнатга хизмат қиляпти. Кичик қизим Оминахон ҳам илм талабида. У ҳам отасининг йўлини тутса, дину эл хизматига бел боғласа, ҳаётда армоним қолмас эди. Фарзандаларимизнинг бирор амалга эга бўлиши, машҳур инсон бўлишини орзу қилиш Ҳазратнинг ҳам, менинг ҳам кўнгилимизга келган эмас. Бизнинг бор умидимиз уларнинг динга, маърифатга хизмат қилишлари бўлган.

— Омин. Аллоҳ дуоларингизни доим ижобат айласин! Рухсат берсангиз, бир савол сўрасам. Ҳазратнинг бу даражага етишларида нималар асосий омил бўлган деб ўйлайсиз?

— Ҳа, энг муҳим гап мана шу ерда. Ҳазратнинг «ҳазрат» бўлиб етишишлари ўз-ўзидан бўлган эмас, балки бир қанча омилларнинг мужассамлашуви натижасида ҳосил бўлган. Аввало, Аллоҳ таоло Ҳазратнинг қалбларига Ўзининг муҳаббатини солган, бошқача қилиб айтсак, Аллоҳ у кишига Ўзини яхши кўрдириб қўйган. Шунинг учун у киши бир умр Аллоҳнинг розилигини истаб, У Зотга талпиниб ҳаёт кечирдилар. Бир лаҳза ҳам бу мақсаддан оғмадилар, заррача ҳам бошқа тарафга тоймадилар. Ҳазратнинг юрган-турганлари, уйда ўтирганлари ва бошқа барча ҳолатларини кўз ўнгимга келтирар эканман, у кишининг нигоҳлари доим ўйчан, кўнгиллари нима биландир банд бўлганини эслайман. Энди билсам, у киши доим Аллоҳ билан бўлган эканлар, қалблари Парвардигорнинг ёди билан машғул бўлган экан. Ана шу муҳаббат асосида у кишига Аллоҳ таоло томонидан ҳидоят, тавфиқ жуда мукаммал қилиб берилган. Ёшликларидан фақат тақвода, ибодатда ўсганлар, иймонлари бут бўлган. Хаёлларида солиҳ амалдан бошқа нарса бўлмаган. Ножўя ишга яқин ҳам келмаганлар. Қийинчиликка тушганларида ҳам жоиз бўлмаган нарсани жоиз деб, йўл топишга умуман уринмаганлар. Шунингдек, бирор марта ҳам «Бу ҳаёт-да», «Ҳамма қиляпти-ку» қабилида иш тутмаганлар. Эсларини таниганларидан бошлаб Қуръону Суннатга тўғри келмайдиган нарсани қабул қилмаганлар, унга қарши курашганлар, бу йўлда муросасозликка ўтмаганлар. Ҳатто бу йўлда ўзларининг зарарларига ҳам юришга тайёр бўлганлар. Иккинчидан, Аллоҳ у кишига илму маърифатга нисбатан табиий муҳаббат берган. Одатда, ёш болани қўйиб юборсангиз, ўйнайди, дам олади, Ҳазрат эса ёшлигида ҳам қўйиб юборса, китоб ўқийдиган бола бўлганлар. Аллоҳ таоло у кишини мана шу биз кўриб турган даражага етишлари учун барча шароитни яратиб берган, хусусан, илм ва динга муҳаббатни ҳам бериб қўйган. У кишининг ҳаётдаги энг севимли, ҳузур оладиган ишлари ўқиш бўлган. Бир умр илм ўрганиб, бир умр унга тўймай ўтдилар. Ҳатто қўлларида бола ўйнатиб ўтириб ҳам, ўзлари китоб билан банд бўлардилар. У киши китоб ўқисалар ёки ёзсалар, шу қадар шўнғиб кетардиларки, гўё жисмлари дунёда-ю, руҳлари бошқа ёқда яшарди. Шунинг учун ёзаётган пайтлари мабодо атрофларида болалар ўйнаса ҳам, биров бошқа иш қилиб юрса ҳам, чалғимас, ҳатто халақит ҳам сезмас эдилар. Учинчидан, у кишининг ҳамма хатти-ҳаракатлари ихлос ва соф ният устига қурилган эди. Фаолиятлари давомида бирор марта ҳам шахсий манфаат ёки моддий фойдани кўзламаганлар. Тўртинчидан, у кишига юксак истеъдод берилган эди. Зеҳн ва хотиралари жуда кучли бўлган. Ҳатто кундалик ҳаётдаги оддий воқеа ва гап-сўзлар ҳам умуман эсларидан чиқмас эди. Бешинчи ўринда эса узлуксиз меҳнат. Аллоҳ Ҳазратга давомли, сўнмас меҳнаткашлик, сурункали машаққат ва шунга яраша куч-қувват берган. Одатда, инсон қаергадир етганда чарчайди, тўхтайди. Ҳазратда эса бундай ҳолат бўлмасди. У киши бирор ишни бошлаб, чала ташлаган эмаслар. Бир ишни бошласалар, албатта, охирига етказардилар. Ҳаммага ҳар доим ишни давомий қилишни буюрардилар ва: «Давомий бўлмаган ишнинг орқаси кесик бўлади. Бир уринганда кўп ишни қилиб, кейин ташлаб қўймаслик керак. Оз-оз бўлса ҳам, бардавом ишлаш керак», дер эдилар. Бу эса айни суннат. Ўзлари шунга амал қилардилар. Хоҳ мутолаа, хоҳ дарс бўлсин, хоҳ таълиф, хоҳ спорт бўлсин – ҳаммасини, ҳатто парҳез ва истироҳатни ҳам кунлик вазифа сифатида тартибли ва бардавом бажарар эдилар. Ҳазрат китобдан роҳат, қувват олардилар, қўлга тушган нарсани ўқиб тугатардилар. Илмий анжуманларга борганларида ҳам кўпинча китоблар олиб келардилар. Замонамизнинг кўплаб олимлари у кишига ўз асарларини тақдим қилишарди. Кўрмаган китоблари бўлса, уни ҳам, албатта, ўқиб, битириб қўярдилар. Ҳазрат илм йўлидаги меҳнатдан асло чарчамаганлар, тўхтамаганлар, чунки у кишининг бутун ташвишлари, ўй-фикрлари Исломни, илму маърифатни халққа етказишдан иборат бўлган, у киши фақат дин ғамида яшаганлар. Ўйлайманки, у кишидаги биз кўриб турган натижаларнинг юзага чиқишида мазкур хусусиятларнинг бир инсонда, бир шахсда жамлангани асосий омил бўлган. Бировда қобилият бўлади, муҳаббат бўлмайди, бировда муҳаббат ҳам бўлади, меҳнатга тоқат бўлмайди, бировда ҳаммаси ҳам бўлади-ю, ихлос ва ният софлиги ёки тавфиқ топилмайди. Ҳазратда эса буларнинг ҳаммаси жамланган эди. Бу хоссаларнинг, хусусиятларнинг барчаси самарадор бўлишига сабаб бўлган яна бир нарса эса дуодир. Зотан, Ҳазратнинг оталари кўплаб олимлардан, тақволи кишилардан фарзандларининг ҳаққига жуда кўп дуо олганлар ва фарзанд тарбиясида ниҳоятда маҳкам турганлар. Юқорида айтилганидек, фарзандларини Аллоҳнинг Ўзига топширганлар. Яна бир нарсани таъкидлаб қўяй, Ҳазрат бу даражага етгунча илму амалга жуда кўп нарсани алмаштириб юборганлар: ёшликларида ўйин-кулги, ўспиринликда кўнгилхушликлар, улғайганда оилавий сайру саёҳат ва истироҳатлар, улғайганларида фароғат, қўйингки, шу йўлга тўсиқ бўлиши мумкин бўлган барча-барча нарсадан воз кечганлар. У киши ўзлари зарур деб топган, қилиш керак бўлган ҳар қандай ишга ўзларини ўргатардилар, бажариш лозим бўлган вазифаларга, керак бўлса, ўзларини мажбурлар, ўша нарсада етарли малака ҳосил қилмагунча қўймас эдилар. Масалан, компьютерлар пайдо бўлган пайтда катта ёшга етган бўлсалар ҳам, уни ишлатишни эринмай ўрганганлар. Қисқаси, Ҳазрат бир умр ўзларини тарбиялаганлар. Ҳазрат охирги пайтларда ҳамма жиҳатдан, зоҳирда ҳам, ботинда ҳам камолот чўққисига етган эдилар. Илм ичларидан вулқондек отилиб чиқарди. Аллоҳ у кишини нуқсон ва заволга қўймай, комиллик чўққисида турганларида даргоҳига олди, тўлин ойдек тўлган пайтларида ерга ботдилар. Бир сўз билан айтганда, Ҳазрат мисоли йўқ, беназир инсон эдилар. Ҳазратни яқиндан таниган одам борки, «У кишига ўхшашини кўрмаганман», дейди. Қизиғи шундаки, Ҳазрат бошқача одам эдилар-у, бошқача инсон эканларини ўзлари билмас эдилар.

— Ҳа, албатта. Сиз жуда бахтли аёл экансиз.

— Ҳамма шундай дейди, алҳамдулиллаҳ. Аммо мен кўпинча: «Мен турмушга чиққанда Ҳазрат «ҳазрат» эмас эдилар», деб ҳазиллашиб қўяман, чунки мен бу кишининг бу қадар шон-шавкатга эришишларини билиб эмас, ёлғиз илмга ошноликларини ўйлаб, оддий талабаликларида турмуш қурганман. Аллоҳга шукрки, қўлимдан келганича хизматларини қилдим. Ишқилиб, биздан рози бўлиб кетган бўлсинлар.

— Ҳазрат билан бир марта ҳам кўришмаган қанча‑қанча одамлар у кишидан айрилганига тоқат қилолмай қолишди… «Биз шунчалик изтиробга тушдик, оила аъзолари қандай чидашаяпти экан?!» деб юборишди.

— Ҳа, Ҳазратдан айрилиш ҳаммамиз учун ҳам оғир кечди. Ҳеч ким у кишидан бирор азият кўрмаган эди. Баъзан айрилиқ шиддатидан «Бироз ёмонликлари бўлса ҳам, яхши бўлармиди», деб юбораман. Аммо у кишида заррача ҳам ёмонлик йўқ эди-да! Бироқ ўша мусибат куни ажойиб бир ҳолат бўлди. Ҳазратнинг вафотларини эшитганимиз ҳамон ўзимиздан кетаёздик. Аммо муборак жасадлари хонадонга олиб кирилганда у киши билан бирга ажойиб бир сакина кирди, қалбларни у кишининг ҳайбатлари босди. Ҳамманинг кўнглига қандайдир сокинлик ва сабр илҳом қилингандек бўлди. Менга кўпчилик таъзия изҳор қилди. Лекин ўша таъзия изҳорларининг ичида бир аёлнинг: «Сиз жуда бахтли аёл экансиз. Олимнинг қизи, олимнинг келини, олимнинг рафиқаси, олимларнинг онаси бўлдингиз», дея айтган сўзлари менга қаттиқ таъсир қилди ва анча тасалли берди. Бизнинг мусибатимизда ўзини шерик билган барча азизларимизга миннатдорлик изҳор қилиб қоламан.

— Бугунги кунда кўп ёшларимиз Ҳазратни ўзлари учун энг улуғ намуна сифатида кўрадилар. Сиз уларга нималарни тавсия қилардингиз?

— Ёшлар кўп илм ўқишлари, амалда маҳкам бўлишлари ва бу йўлда жиддий меҳнат қилишлари лозим. Оила аъзолари ҳам уларга шароит яратиб беришлари керак. Шундагина, иншааллоҳ, миллатнинг келажаги буюк бўлади. Ушбу суҳбатимизни эълон қилишдан мақсад ҳам айнан шу.

— Камина кўп кузатганман. Одатда, олимларни, аҳли фазлларни ўз аҳли аёллари яхши танимайди. Аммо не ажабки, сиз Ҳазратни жуда яхши таниган экансиз. Бу эса ўткир зукколик, ҳассос қалб ва маърифат талаб қилади. Аллоҳ сизни саломат сақласин, узоқ йиллар барчаларимиз учун дуогўй бўлиб юришингизни насиб этсин!

— Омин. Ташаккур. Хайрли ишларингизда Аллоҳ мададкор бўлсин!

— Омин. Раҳмат. Саломат бўлинг.

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид тайёрлади

01.10.2015

Мавзуга оид мақолалар
Баъзилар орасида араб диёрларида, умуман олганда Шарқда аёлларни оми ва жамият ишларида қолоқ, барча давоми...

23:57 / 29.08.2020 2739
Ислом.уз портали, «Ҳилолнашр» матбаанашриёти ҳамда «Муслимаат.уз» сайти ходимлари Даврон ва Иброҳим давоми...

13:07 / 31.10.2019 3235
  Ислом оламидаги олималарнинг сони сайёрамиз бўйлаб олинган ўртача кўрсатгичдан ҳам ошади. Аммо халигача давоми...

21:03 / 20.03.2017 5465
Кир ювиш машинаси жуда нозик, уни алоҳида эътибор билан асраш керак, акс ҳолда, тез орада бузилиб қолиши ҳеч давоми...

20:55 / 27.11.2016 9997